Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбойда ҳарбий намойиш ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан туманимизда ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ўтказилди.

Ёшлар ўртасида узоқ масофага югуриш бўйича марафон мусобақаси ҳарбий машиналар намойишига уланди. Оркестр ижросидаги куй жўрлигида тадбир иштирокчилари туман маркази сари юриб борди.

Маданият ва истироҳат боғида концерт дастурлари, кўргазмали спорт ўйинлари ташкил этилди. Ҳарбий қурол-аслаҳалар намойишида юртимиз мудофаа салоҳияти ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди.

Миллий гвардияга қарашли 69932-ҳарбий қисм хизматчилари ҳамда мудофаа вазирлигининг махсус куч тузилмалари намойиш этган чиқишлар иштирокчилар олқиши билан кутиб олинди.

8-мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари ҳамда ўқувчилар томонидан Ватанпарварлик мавзусида қўшиқлар куйланди.

Тадбирда туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев қатнашди ва Ватан ҳимоячиларини байрам билан табриклади.

–  Юртимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, сарҳадларимиз дахлсизлигини кўз қорачиғидек асраш бугунги таҳликали замонда ҳар қачонгидан муҳим, – дейди Ўзбекистон Миллий гвардияси қўриқлаш бошқармаси, 2-алоҳида отряд сафдор-ходими, марафон мусобақаси ғолиби  Б.Эшонқулов. – Бугун Қуролли Кучларимиз салоҳиятини кўриб, байрамда иштирок этган барчанинг кўнглидан бир ўй ўтди: ҳар томонлама ривожланган, мураккаб тактик ва стратегик вазифаларни самарали, тезкор ҳал эта оладиган, хавфсизлигимиз, ҳудудий яхлитлигимиз, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимиз тинчлигини ор-номусидек ҳимоя қилишга қодир замонавий армиямиз, мард ва жасур ҳарбийлар бор.

Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.