Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбойда мудҳиш ЙТҲ содир бўлди: 22 нафар йўловчи тан жароҳати олган, 1 киши вафот этган

Бугун, 3 сентябрь куни тахминан соат 07:00 да Самарқанд вилояти Жомбой  туман Бешбола қишлоғи ҳудудида “ISUZI” русумли автобус билан  МАN русумли юк автомашинаси тўқнашган. Маълумотларга қараганда, автобусда 31 нафар йўловчи бўлган. Уларнинг 22 нафари турли даражадаги тан жароҳати олган. 1 нафар йўловчи  воқеа жойида вафот этган. Тез тиббий ёрдам бригадаси воқеа жойига 5 дақиқада етиб борган. Жами 8 та тез тиббий ёрдам бригадаси кўмагида  жароҳатланганларнинг барчаси тезкор равишда Жомбой туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан беморларга ўз вақтида тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида санитар авиация хизмати орқали нейрохирург, хирург, травматолог каби қатор тажрибали мутахассислар сафарбар этилди. Айни пайтда йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жароҳатланганларнинг 6 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиалига даволаниш учун кўчирилган, 3 нафар беморга Жомбой туман тиббиёт бирлашмасида, 13 нафар беморга эса амбулатор тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳалокат оқибатида жабрланганларга юқори малакали тезкор ва сифатли  тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Қўшимча дори-дармон ва тиббий воситалар етказиб берилди.