Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбойлик отахон гигант баргли тут навини яратди

Халқ селекцияси замонавий илм-фандан ортда қоладиган соҳа эмас. Ота-боболаримиз амалиётда буни кўп бор исботлашган.

Бир пайтлар “Муслимка” номли буғдой нави собиқ иттифоқ республикаларида экилган, мамлакат раҳбарига маъқул тушган эди. Ёки ҳосилдорлиги, ўзгача мазаси билан донг таратган Ризамат ота узумларини олайлик. Ҳозиргача “Ризамат” узуми хориж бозорларини эгаллаб келади.

Яқинда тажрибали боғбон Мирсоли Абдуллаев ҳам халқ селекцияси нодир хазина эканлигини исботлади. Жомбойда йирик баргли тут нави яратилди. Бу ипакчилик саноатида катта ютуқ бўлиши мумкин.

Гап шундаки, боғбон маҳаллий тут навларини чатиштириш йўли билан ушбу натижага эришган. Гигант баргнинг ҳажми одатдагидан икки-уч баробар катта. Диаметри 80-90 сантиметрга етади.

Боғбоннинг даласида бўлдик. Ипак курти боқиш мавсумида тут дарахтлари ўриб олинган экан. Шунга қарамай, уч-тўрт ой ичида улар яна ўз ҳолини тиклаб олибди. Куз келганига қарамай, дарахт барглари тусини ўзгартиргани йўқ. Ғайриоддий тузилиши билан эътиборимизни тортди.

– Янги нав яратиш хаёлимда йўқ эди, – дейди М.Абдуллаев. – Мақсадим, қишлоқ четидаги кекса тут навини сақлаб қолиш бўлган. Май ойлари тутларнинг шохи қолмайди. Ўриб кетилади. Ўша йили кекса дарахтнинг новдасини олиб, икки-уч туп ўрилган тутнинг устига суқиб чиқдим. Пайванд новдалар келгуси йил барг ёзди. Қизиғи, улар анча катта эди. Ипак қурти бу озуқани мириқиб ейишни бошлади. Натижада боғни кенгайтириб юбордик. Ҳар йили оиламизда ипак қурти боқилади. Энди барг озуқасидан тақчиллик сезилмайди. Меҳнатимиз икки-уч баробар енгиллашди. Хитойдан янги тут навлари олиб келингани ҳақида эшитдим. Барги катта, дейишяпти. Лекин биз етиштираётган озуқа баргидан кичик кўринди. Қолаверса, юртимиз иқлим шароити бир хил эмас. Бунда маҳаллий навга тенг келадигани топилмаса керак.

М.Абдуллаевнинг айтишича, дарахт йил давомида шохлаб, барг ёзади. Такрорий пилла боқиш учун бу жуда қўл келар экан. Ипак қурти суткасига 6-7 марта озиқланади. Гигант баргларни эса 2-3 марта солиш кифоя. Янги нав тез етилиб, сифатли озуқа беради. Боғбон яратган янгилик мутахассислар эътиборидан четда қолмаслиги керак. Чунки бу соҳа ривожига хизмат қилиши мумкин.

Аҳрор ШАМСИЕВ,

"Жомбой тонги" мухбири.