Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ЖССТ эксперти: “Омикрон”дан сўнг янада хавфлироқ мутация пайдо бўлиши мумкин

Пандемиянинг қачон тугаши ҳақида олдиндан аниқ гап айтиш қийин. Фақат тахмин ва башоратлар бор, холос. ЖССТ Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюгенинг прогнози ҳам шулардан бири.

У “омикрон” штаммидан сўнг коронавирус пандемияси тугаши эҳтимолини инкор қилмайди. Масалан, Европада аҳолининг катта қатлами бу инфекция билан касаллангач, оммавий иммунитет ҳосил бўлади. Қолаверса, эмланиш кўрсаткичлари ошиши ҳам вазиятни ижобий томонга ўзгартириши мумкин.

“Аммо бу вирус бизни бир неча бор ҳайратда қолдирганини ҳам унутмайлик, - дейди Клюге. - Шу сабабли эҳтиёткорлик чораларини кўришимиз шарт”.

Ташкилот эксперти Мария ван Керховенинг хулосалари эса хавотирли. У “омикрон” ҳозиргидек тез суръатда тарқалишда давом этса, у шунчалик кўп мутацияга учраб, янада юқумлироқ штаммлар пайдо бўлиши мумкин, деган фикрда.

“Омикрон” биз эшитадиган сўнгги вариант бўлмайди ва келажакда хавотирли мутациялар пайдо бўлиш эҳтимоли реал”, дейди эксперт.

Аввалроқ Россиянинг Н.Ф.Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология илмий-тадқиқот маркази директори Александр Гинцбург ҳам “омикрон” туфайли янада хавфлироқ мутация шаклланиши мумкин, деган прогнозни маълум қилган эди.

АҚШлик олимлар эса вакцина олиш муҳимлиги, бироқ бустер дозада эмланмасдан “омикрон” штамига қарши курашиш кутилган самарани бермаслигини таъкидлади. Мамлакатда ўтказилган учта йирик тадқиқот натижаси ушбу хулосага асос бўлди.

Шунингдек, россиялик инфекционист Евгений Тимаков янги вариант билан касалланишнинг асосий белгилари ҳақида маълум қилди. Унга кўра, агар одамда дарҳол бурун оқиши, бош оғриғи, томоқ оғриғи, овозда хириллаш кузатилса, бу унинг деярли 100 фоиз «омикрон»га чалинганидан далолат беради.

Мутахассис, шунингдек, янги штамм ҳолсизлик, уйқу бузилиши, иситма, қорин оғриғи ва ошқозон-ичак тизимидаги бузилишлар билан бирга кечишини ҳам қайд этди.