Журналист, деб атанг, мени, дўстларим!
(Давоми. Бошланиши бу ерда)
Таҳририятда “штатсиз” иш бошлаганимнинг иккинчи ё учинчи кунимикан, соат олтига яқин, яъни иш тугашига ўн беш дақиқалар қолган маҳал хонамизнинг эшиги очилиб, атлас кўйлакли хушрўй бир қиз кирди.
У менга қараб:
– Бугун кечқурун қолиб, корректурага ёрдам берар экансиз, Суръат ака айтдилар, – деди.
Ўша куниёқ сўраб билдимки, кечки корректура, яъни босишга тайёрланаётган газета саҳифаларини хатолардан тозалаш бўлимида асосан хотин-қизлар ишлашар ва уларнинг айримлари ёш болали бўлгани ёхуд бошқа шунга ўхшаш сабаблар билан ўқтин-ўқтин гоҳ униси, гоҳ буниси ишга келмай қолса, ўрнига бўлимлардаги ёш ходимлар сафарбар этиларкан. Камина ҳали штатда эмаслигимга қарамасдан ана шундай ишончга лойиқ кўрилганимдан бахтиёрлик ҳис этар эканман, ушбу топшириқни бажонидил қабул айладим.
Шу ўринда газета “ошхона”сидан узоқ кишилар учун масъул котибнинг таҳририятдаги ўрни ва роли бағоят муҳимлиги ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсам зарар қилмас. Бу лавозим соҳибини журналистлар ҳурмат-иззат ила “бош штаб бошлиғи” деб аташади. Чунки гарчи бош муҳаррирнинг икки нафар ўринбосари бўлса-да, амалда таҳририятдаги иккинчи шахс масъул котиб ҳисобланади. У режа асосида бўлимлар ишини бевосита бошқаради, уларда тайёрланадиган мақолаларнинг йўналиши, мавзулари, географияси ва бошқа кўплаб жиҳатларини назоратда тутади, бўлимларда тайёрланган мақолалар, сураткашлар томонидан олиб келинган фотосуратлар, бундан ташқари телетайп лентаси орқали марказдан келадиган расмий хабарлар, юқори ташкилотларнинг қарору фармойишлари котибиятга топширилади ва улар аввало масъул котиб ўринбосарлари, сўнгра унинг ўзи томонидан бевосита яна бир марта ўқилиб-таҳрир этилади, долзарблиги, ҳозиржавоблиги жиҳатидан сараланади, чоп этиш вақти, ўрни белгиланади. Ҳафтасига бешта чиқадиган газетанинг ҳар кунлик тўртта саҳифаси аниқ-тиниқ режалаштирилади. Масъул котиб тасарруфидаги котибиятга унинг икки ўринбосари, техник муҳаррир, телетайпчи, фотомухбир, рассом-ретушёр аъзо ҳисобланади. Шунингдек, унга бевосита бўйсунувчи кундузги ва кечки корректураларда ревизион, яъни асосий мусаҳҳиҳ, шунингдек оддий мусаҳҳиҳлару уларнинг ёрдамчилари, жами тўрт-беш киши ишлайди. Бундан ташқари, тасарруфида уч, баъзида тўрт кишидан иборат машинкалаш бўлими мавжуд бўлиб, унда катта иш тажрибасига эга Фания Сагдиева деган кекса бошқирд аёли, ундан анча ёш, навқирон ва ғайратли Насиба ва Жамила исмли хушчеҳра опахонлар меҳнат қиларди. Бу бўлинмалардаги барча ходимлар Суръат акани ғамхўр ва айни пайтда жуда талабчан раҳбар сифатида қаттиқ ҳурмат қилишар, яхши кўришарди. Ростдан ҳам Суръат ака қаерда қаттиққўллик қилиш керак, қачон яхши гапириб ишлатиш лозимлигини жуда мукаммал биларди.
Бир сўз билан айтсам, котибият таҳририятнинг бамисоли юраги ва ишнинг мароми-ю муваффақияти ана шу асосий аъзонинг нечоғлик даражада тезу соз уришига боғлиқ эди бизнинг замонларда. Ахборий технологиялар юксак даражада ривожланган ҳозирги кунларда бу кимларгадир чўпчак бўлиб туюлиши мумкин албатта, бироқ ўша даврларда газета чиқариш ниҳоятда масъулиятли, машаққатли, шу билан биргаликда чандон завқли бир машғулот ҳисобланар ва юқорида айтиб ўтганимдек, бу жабҳага ишга жойлашиш жуда қийин эди.
Хуллас... Кечқурун қолиб, корректурага ёрдам бериш менинг Суръат ака билан яқинроқдан танишиб, бот-бот бақамти суҳбатлашишимга имкон яратди. Зеро, ўша пайтлар республикада таниқли журналист бўлиш билан биргаликда таниқли шоир сифатида тан олинган бу инсон билан муфассал мулоқот юритиш шарафи ҳар кимга ҳам насиб этавермас, сабаби: Суръат ака масъул котиб сифатида куну тун таҳририятда бўлар, озгина бўш вақтини эса бадиий ижодга бағишлашга уринарди.
Бир куни иш анча чўзилиб, соат тунги бирга яқин тугади. Кечаси ходимларни уйига ташувчи “Газ-21 Волга” автомашинаси корректор қизларни опкетган кўйи нима сабаб биландир ҳадеганда келавермади. Анча эски машина эди, бузилиб-сузилиб қолди шекилли.
– Қаерда турасиз, – деб сўради Суръат ака менга юзланиб.
– Сиздан сал нарироқда, – дедим мен. Унинг дорилфунун хиёбони адоғидаги кўпқаватли уйлардан бирида яшашини билардим.
– Эса юринг, пиёда кетақоламиз.
Эргашдим. Таҳририятдан хиёбоннинг бошланиши, аниқроғи, ҳозир Амир Темур ҳайкали ўрнатилган жойигача ўн дақиқалик йўл. Нарёғи қуюқ дарахтзор бўйлаб кечки салқинда сайр қилиб кетиш мумкин эди. Кўчада машиналар сийраклашиб қолган. Август ойининг ойдин оқшомларидан бири. Шошилмасдан суҳбатлашиб кетдик. Хиёбонга яқинлашар эканмиз, Суръат ака кўчанинг нариги бетидаги янглишмасам, ўн икки қаватли чироқлари порлаб-чорлаб турган муҳташам “Интурист” меҳмонхонаси томон ишора қилди.
– Тепасидаги ресторанга чиқиб, эллик-эллик қилиб кетмаймизми?
– Майли.
Лифтда юқорига кўтарилдик. Усти очиқ кенг айвонда тонгга қадар ишловчи бар бор экан. Пештахтасига яқинлашдик.
– Эллик граммдан иккита коняк, – деди Суръат ака барменга.
Қуйиб узатилди.
– Мен... ичолмайман Суръат ака, соғлиғимга тўғри келмайди, – дедим истиҳола билан. – Жигарим оғриган. Хўп десангиз, бунисини ҳам сиз ичинг.
– Йўқ-йўқ, унда биттаси етади, – деди у ва конякнинг иккинчисини қайтариб берди. Кейин яна менга юзланди.
– Тўғри қиласиз, ўзи мен ҳам умуман ичмаслигим керак бу зормандани. Турган-битгани зиён. Лекин биласиз, ишимиз зиқ эканлиги боис кўп чекишимга тўғри келади. Ўшанинг қурумини ювиб ташлаш учун оз-оз нўш этиб турмасам бўлмайди.
Шундай дея чиройли қадаҳдаги каҳрабо рангли шаробни бир кўтаришда сипқориб, кетишга чоғланди. Ортидан юрдим.
Пастга тушиб, хиёбон бўйлаб у кишининг уйи сари йўл олдик.
– Нарёғига бир ўзингиз қўрқмайсизми? – деб сўради у манзилига яқинлашганимизда.
– Йўқ, у ёғи бир қадам...
Ушбу лавҳага хулоса ясайдиган бўлсам, Суръат ака ўта масъулиятли жабҳанинг раҳбари экани боис дабдурустдан қараганда жуссаси кичикроқ эканига қарамай, дўриллаган овозга эга виқорли, чўрткесар кўринса-да, табиатан жуда хушфеъл, маданиятли, ҳеч кимга овозини кўтариб гапирмайдиган инсон эди. Мулойим ҳазиллашишни яхши кўрар, айниқса машинкалаш хонасидаги опаларга чиройли мутойибалар қилиб, кайфиятларини кўтариб юрарди. Бироқ...
Керакли пайтда унча-мунча кишиларни жойига ўтқазиб ҳам қўя оларди. Бунинг бир мисолига гувоҳ бўлганман.
Бир куни кечқурун яна корректурада қолдим. Иш яна ярим тунгача чўзилди. Эски “Волга” яна кечикди.
– Суръат ака, юринг, йўл-йўлакай “Интурист”га кириб пиёда кетақолайлик, – дея таклиф қилдим мен.
– Йўқ, бу гал сабр билан кутамиз. Бу ярамас Амин (машинанинг ҳайдовчиси) жа-а ҳаддидан ошиб кетяпти, бир пўстагини қоқиб қўймасам бўлмайди, – деди Суръат ака қовоғини солиб.
Амин ака бош муҳаррирнинг узоқроқ қариндоши эканлигини ҳамма билар, шунинг учун у ҳарчанд кечикмасин, ҳамма ўзича тўнғилласа-да, деярли ҳеч ким очиқча танбеҳ беришга ёхуд эртаси куни катта раҳбарга айтиб, норозилик билдиришга журъат этолмасди. Холбуки, бош муҳаррир интизом масаласида жуда талабчан эди ва бу ҳолдан хабар топса, Амин акага қаттиқ жазо бериши тайин эди. Лекин...
Суръат ака бу гал уни ўзининг гулдурос овози билан етти қават қилиб сўкиб ташлади.
– Ҳе, ўша сени... Агар яна бир марта шунақа қиладиган бўлсанг, тайин ишдан ҳайдаттираман. Менинг феълимни биласан-а...
Амин ака чиндан у кишининг феълини биларкан, ялиниб-ёлвориб кечирим сўраб қутулди. Шундан кейин минбаъд сабабсиз кечикмайдиган бўлди.
Орадан муайян вақт ўтиб, мен таҳририят штатига олиндим ва барча ходимлар қатори Суръат ака билан бақамти ишлай бошладим. У киши масъул котиблик вазифасини қойилмақом қилиб уддалаш билан бирга газетага долзарб мавзуларда бош мақолалар ёзар, таниқли олиму ижодкорлар билан таҳлилий йўсиндаги интервью ҳамда суҳбатлар ўтказар, шунингдек, ўзининг шеърий ижодини давом эттириб, бетакрор истеъдодини намойиш этарди. Мен у кишини бот-бот машинкалаш хонасида опалардан бирининг ёнида ўтириб, бадиҳа усулида, бевосита диктовка қилиб, яъни тўғридан-тўғри айтиб туриб мақола ва ҳатто шеър ёзаётганини қўриб қолардим. Чамаси, у ўз шеърларининг аксариятини ёддан биларди. Гоҳида...
Бирор бир байрам ёки тарихий саналар муносабати билан махсус сонлар тайёрланадиган бўлса, у киши бош муҳаррир Аҳмаджон Мухторов даъвати билан мазкур мавзуда экспромт усулида ажойиб бир шеър ёзиб ташлар, очиғи, бундай мукаммал ижод намунасини унча-мунча тажрибали шоирлар бир ҳафтада ҳам ёзолмасди. Шундай шеърлардан бири, агар хотирам панд бермаса, Матбуот куни муносабати билан яратилган бўлиб, “Журналист деб атанг, мени, дўстларим!” дея номланган, газетада босилиб чиққач, жуда юқори баҳоланганди. Нафсиламбрини айтсам, Суръат аканинг аксар шеърларида инсон эрки, элу халқ озодлиги борасида теран қайғуриш оҳанглари уфуриб турар, шу билан бирга ҳазил, истеҳзо услубларидан ҳам бағоят маҳорат билан истифодаланарди. Дарвоқе...
Касб байрамимизнинг навбатдаги саналаридан бирида у киши таҳририят ходимларига дўстлик ҳазиллари ёзиб, газетада эълон қилди. Шеърий мутойибалардан бири қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими мухбири Илаш Суяровга бағишланган бўлиб, ундаги тахминан шундай сатрлар ёдимда қолган:
“Илаш Суяр, у сувни жуда ҳам, жуда ҳам суяр,
Агар жаҳли чиқса мудирнинг тагига сув қуяр”.
Бу ҳазилда мазкур бўлим мудирлари тез-тез алмашиб туришига нозик ишора қилинган ва айни пайтда бошқа анча кенг ва теран маънолар ҳам тажассум топганди.
Суръат ака орадан бир муддат вақт ўтгач, саломатлиги тақозоси билан таҳририятни тарк этиб, Самарқанд университетига ишга кирди. Унинг ўрнида дастлаб Асад Дилмуродов, сўнг мен ишладим. Ўша кезлар Суръат акага қўнғироқ қилиб, ё учраб, маслаҳатлар сўраб турар эдим. У киши бадиий ижод борасидаги қимматли маслаҳатларини асло дариғ тутмас эди. Бир гал...
– Мен ҳам асли СамДУда ишлаш, илмий иш қилиш ниятида эдим. Шунинг учун... имкон бўлса, ёнингизга ўтиб ишласам-чи, – деб сўрадим ундан.
– Йўқ-йўқ, ундай қилманг! Сиз вилоятнинг етакчи журналистларидан бири сифатида танилдингиз, қолаверса, бадиий ижод билан шуғулланяпсиз. Ижодий ташкилотда ишлаганингиз маъқул, – деди у. – Менинг эса... йўриғим бошқа.
Шундай деди-ю, чуқур тин олиб, ўйга толди. Сўнгра замона носозликлари, эркин фикрлаш, эркин сўзлаш ҳуқуқидан мосуво ижодкор қавмининг ночору нотавонлиги хусусида куйиниб ҳасрат билан анча гапирди, “Шўринг қурғурлар, коммунистик партияга югурдаклик ва маддоҳлик билан тирикчилик қилишга мажбур, акс ҳолда Чўлпону Қодирийлар сингари отилиб кетишади”, деди. Ўрни келганда айтиб ўтишим шарт: Суръат Ориповнинг ҳажман мўъжаз, мазмунан эса баҳайбат ва салобатли шеърияти ялтоқилик, кимгадир яхши кўриниб, катта унвону мукофотлар олиш таъмасидан мутлақо йироқ, унинг ўзи каби жуда ўктам, ўжар ва бўйсунмас феъл-атворга эга эди. Пировардида: “Майли, ноумид бўлмайлик, ҳали шундай кунлар келадики...” дея ёруғ башорат қилди у ва: “афсуски, биз у кунларни кўрмаймиз”, деб чуқур хўрсинди. “Насиб этса, биргаликда кўрамиз, Суръат ака” дея, унинг баногоҳ бузилган кайфиятини кўтаришга уриндим. Маъюс жилмайган кўйи хайрлашди у. Кейинроқ...
1985 йил ёз-куз ойлари “Ёшлик” журналида “Хиёбондаги одам” номли қиссам босилиб чиқди. Ҳаётда ўз ўрни ва аниқ маслагини белгилашга қийналиб, турмуш қийинчиликларига чидолмасдан ичкиликка берилган журналист йигитнинг аянчли тақдирини акс эттирган ушбу асар анча шов-шувларга, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида мунозараларга сабаб бўлди. Таҳририятда бирга ишловчи айрим ҳамкасблар ўзларича ушбу қаҳрамон прототипи Суръат Орипов, деган фикрга келиб, менга: “Акани юз-хотир қилмабсиз-да, ҳойнаҳой, хафа бўлиб юргандир”, дея дашном бермоқчи бўлишди. Мен “Бадиий асардаги ҳар қандай қаҳрамон сийрати йиғма моҳиятга эга бўлади ва буни киму ким Суръат ака яхши билади, қолаверса, қиссадаги Суҳроб Туробов ижобий образ, шунинг учун устоз ранжимасликларига ишончим комил”, дедим. Чиндан ҳам...
Орадан бир оз фурсат ўтгач, Суръат ака атай қўнғироқ қилди ва асарни катта ижодий ютуқ, деб баҳолаб, астойдил табриклади. Гап орасида: “Ижодкорнинг анча мураккаб образини яратибсиз, менинг гапларимдан анчасини айтибсиз, феълимдан ҳам баъзи унсурларни олибсиз, демак, диққат билан кузатиб юрган экансиз, баракалла, ёзувчи мана шунақа синчков бўлиши керак”, дея мақтаб қўйди. Кейин огоҳлантирди: “Эҳтиёт бўлинг, ижод аҳли орасида ҳам ичи қора, ҳасадгўй кишилар кўп, оёғингиздан чалиш, обрўсизлантириш учун пайт пойлашади”.
Шундан сўнг турли сабабларга кўра анча вақт учрашиш, муфассал суҳбатлашишнинг мавриди бўлмади. Баногоҳ...
Оддий кунларнинг бирида бу улуғ шоир, ажойиб инсон, улкан ва қудратли қалб соҳиби Суръат Орипов ёруғ дунёни тарк этганини эшитиб қолдим. Кўз олдим қоронғулашиб кетди. Ҳали жуда ёш эди, кўп йиллар яшаши, ижод қилиб бетакрор асарлар ёзиши керак эди-ку, дея ич-ичимдан ҳасрат чекдим. На илож! Эсиз тақдир. Умр ҳар кимга ўлчаб бериларкан-да. Аммо...
Таскин шуки, Суръат Ориповдан миқдоран унча катта бўлмаган, лекин ўнлаб, юзлаб жилдларга арзигулик бетакрор ижодий мерос қолди. Ушбу меросни синчиклаб ўрганганлар чин ижодкор имони қанақа бўлиши лозимлигини ич-ичдан ҳис этишлари муқаррар. Ўзи...
Инсон зоти мана шундай тақдир-қисмат орзусида яшаб ўтади ушбу фоний дунёдан. Шу маънода бугунги ижодкорлар Суръат Ориповга ҳавас қилсалар янглишмайдилар. “Журналист, деб атанг, мени, дўстларим!” дея камтарона, айни пайтда ўзининг бетакрор бадиий, назмий истеъдодига комил ишонч ила ҳайқириб тургандек туюлади у менга йиллару замонлар оша гулдурос ва жарангдор овози билан.
Боқи сўзим шуки, Суръат ака журналистика, умуман, ижод соҳасидаги меҳрибон ва талабчан устозларимдан бири эди. Унинг ҳаётимда муҳим аҳамиятга эга бўлган бебаҳо ўгитларини ҳамиша ёдда тутишга, амал қилишга интиламан. Ёш ижодкор укаларимга ҳам мудом Суръат акадек шерюракликни, ижодий овозлари дадил, гулдурос ва ўктам бўлишини тилайман.
Ҳабиб ТЕМИРОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.