Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кадастр хизмати: муаммо, ечим ва режалар

Аччиқ, аммо очиқ бир гапни тан олишимиз керак, кейинги йилларда кадастр хизматига иши тушган инсоннинг ундан рози бўлиб гапирганини кам эшитдик. Кимнингдир уйи кадастр қилинмаган, бошқасининг ҳужжатлари тўлиқ эмас – соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар кўрина бошлади. Ягона тизим, ечим йўқ эди.

 Шу маънода Президентимизнинг жорий йил 20 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори соҳада ислоҳотлар даврини бошлаш учун ҳуқуқий асос бўлди, дейиш мумкин. Ҳужжат билан агентликка катта ваколатлар берилди, унинг ташкилий базасини мустаҳкамлаш вазифалари белгиланди, энг асосийси, фаолиятига аралашиш, таъсир ўтказиш қатъий тақиқланди. Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Фозил Худойқулов билан суҳбатимиз мазкур қарорнинг аҳамияти, соҳада амалга оширилаётган янгиликлар ва улардан кутилаётган натижалар ҳақида бўлди.

- Фозил ака, мазкур қарор айрим саволлар туғдиряпти. Масалан, агентликнинг ҳудудий тузилмалари фаолиятини ташкил этиш яккабошлик асосида унинг ўзи томонидан амалга оширилишига оид янги тартибни қандай тушуниш мумкин? Бунгача қандай эди?

- Президентимизнинг 2020 йил 7 сентябрдаги фармонига асосан, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва Давлат кадастри давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига айлантирилди. 2021 йилдаги қарор билан эса Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқарма ва филиалларининг Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқарма ва бўлимларига бўйсунуви белгиланди.

Янги ҳужжатда мазкур тартиб янада аниқлаштирилиб, ҳуқуқий асослантирилган. Бу ўз навбатида ер ва кадастр назорати ҳамда аҳолига кадастр хизматини кўрсатиш билан боғлиқ ишларни ягона тизим орқали олиб бориш имконини беради.

- Ҳужжатда Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлим ва филиалларининг фаолиятига ҳокимлар томонидан аралашиш ёки таъсир ўтказиш ҳам қатъий тақиқланган. Кадастр идораларининг ҳудудий ҳокимликлардан холи фаолият юритиши нима беради?

- Маълумки, Кадастр агентлиги ташкил этилгунга қадар тизимнинг қуйи бўғинидаги раҳбарлар ҳудуд ҳокимларининг тавсияси асосида лавозимга тайинланган ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Агентлик ташкил этилгач, Президентимизнинг 2021 йил 24 февралдаги қарори билан Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари Кадастр агентлиги директори тавсиясига биноан, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланиб, озод этиладиган бўлди.

Яна бир масала. Олдин ҳар бир вилоят ва туманда ер участкалари бериш масалаларини кўриб чиқиш комиссиялари бўлган. Унга ҳокимлар бошчилигидаги давлат идоралари масъуллари киритилган. Эътиборлиси, бу комиссияларга  вилоятда (собиқ) ер ресурслари давлат кадастри бошқармаси ёки туманларда унинг бўлимлари бошлиқлари котиблик қилган. Яъни, улар ер ажратиш тўғрисидаги қарор лойиҳаларини ўзи тайёрлаб, комиссияга тақдим этган. Бугунги кунда ушбу комиссия фаолияти батамом тугатилиб, ер ажратиш ишлари электрон тарзда, шаффоф механизм асосида амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 8 июндаги фармони билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид бир қатор ваколатлари, хусусан, ер ажратиш ҳуқуқи бекор қилинди. Шунга қарамай, жойларда баъзи ҳокимлар томонидан Кадастр агентлигининг қуйи бўлимлари бошлиқларига ёки Давлат кадастрлари палатасининг филиаллари бошлиқларига эски тартиб асосида ер ажратиш бўйича буйруқ ёки кўрсатмалар берилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Ачинарлиси, бу қонунбузарлик учун буйруқни берган эмас, бажарган одам жавобгар бўляпти. Президентимиз ушбу ҳолатларни ҳам инобатга олиб, мазкур қарорида Кадастр агентлиги ва ҳокимлар ўртасидаги муносабат чегарасини ҳам аниқ кўрсатиб берди, деб ўйлайман.

- Сунъий йўлдош орқали кузатиш станциялари ҳақида маълумот берсангиз. Қарор билан харид қилиниши белгиланган 80 та шундай ускунанинг нечтаси Самарқандда жойлаштирилади ва улардан бизга нима наф?

- “GNSS” станциялари сунъий йўлдош ахборотини қайта ишлаш орқали ердаги объектларнинг ҳудудий ҳолатини аниқлаш имконини беради. Бугунга қадар ушбу қурилмалар вилоятнинг Нарпай, Иштихон туманлари ҳамда Самарқанд шаҳрига ўрнатилган эди.

Келгусида харид қилиниши белгиланган 80 та “GNSS” қурилмасининг 5 таси вилоятимизга жойлаштирилиши режалаштирилган. Хусусан, улар Булунғур, Ургут ва Қўшработ туманларига биттадан, Нуробод туманига иккита ўрнатилади.

Узлуксиз ишловчи мазкур станциялар геодезия, топография ишларида ягона координаталар тизимидан фойдаланиш имконини беради, шунингдек, ундан картография ишларида, архитектура ва қурилиш ишларида, автомобиль ва темир йўлларни лойиҳалаш ва қуришда, маркшейдерлик, ўрмон хўжалиги ишларида, электр ва газ тармоқларини яратиш ва юритишда фойдаланилади.

“GNSS” станциялар Кадастр агентлиги тизимидаги Республика аэрогеодезия маркази томонидан бошқариладиган марказий бошқарув тизимига уланади. Қурилмаларга техник хизмат кўрсатиш ва уларнинг доимий фаолият кўрсатишини таъминлашга ҳам шу марказ масъул ҳисобланади.

- Агентликнинг вилоят бошқармаларида ташкил этилиши белгиланган янги штат бирлиги - чегара масалалари бўйича бош мутахассиснинг вазифаси нима?

- Хабарингиз бор, кейинги 5-6 йил ичида республикамизнинг қўшни давлатлар билан чегараси қайта кўриб чиқилди. Вилоятимиз Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳисобланади. Тўғри, бугун Тожикистон билан чегарамизда масала қолмаган. 2020 йилнинг 7 январида тузилган чегаралар демаркация ва делимитация қилиниши бўйича ҳукуматлараро қўшма баённома бунинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Лекин бошқа вилоятларда вазият бундай эмас.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан вилоятимизда мавжуд 14 та туман, 2 та шаҳар ҳамда 1126 та маҳалланинг чегараларини белгилаш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган. Хусусан, Самарқанд шаҳри таркибида беш туман ташкил қилинади. Бошқа туманларнинг маълум бир ҳудуди Самарқанд шаҳри таркибига киритилади. Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилади.

Чегара масалалари бўйича бош мутахассис юқоридаги ишларни амалга оширишда масъул ҳисобланади. Айтиш жоизки, мазкур штат бирлиги илгари собиқ “Ермулккадастр” давлат корхонаси ҳисобида бўлиб, бир вилоят учун 0,5 ставка бирлигида ажратилган эди. Табиийки, бу ёндашув ўзини оқламади, ярим штатда турган ходим фаолияти самарасиз бўлди. Энди бу иш билан ҳақиқий мутахассислар шуғулланади.

- Ҳужжатда белгиланган вазифалар кўлами кенг. Бу соҳада чуқур ислоҳотлар даври бошланганидан далолатдир. Сиз айни босқичда тизимга яна қандай янгилик киритган бўлар эдингиз? Кадастр хизматида яна қандай муаммолар бор?

- Саволингизга очиқ жавоб бераман. Кузатувларим соҳада ишлаш учун келганларнинг аксариятида “Ер меники бўлади, истаганимча пуллаб, бойиб кетаман”, деган хомхаёл борлигини кўрсатмоқда. Бу сабабсиз эмас, албатта. Тан олишимиз керак, яқин йилларгача кўпчилик кадастр билан боғлиқ ишни фақат пул билан битириш мумкин, деб ўйларди. Айрим ходимларимизнинг ҳамон коррупцияга йўл қўяётгани, оқибатда жавобгарликка тортилиб, кенг омма олдида бутун тизимни шарманда қилаётгани вазиятни янада оғирлаштиряпти. Айни хабарларни кўрган, эшитганларда қандай тушунча ҳосил бўлади, деб ўйлайсиз? Табиийки, яхши кадрлар ҳам тизимни четлаб ўтишга ҳаракат қилади. Ва аксинча, “уддабурон”лар шу ерга талпинади. Тушунганингиздек, малакали мутахассис кадрлар етишмайди бизда.

Агар соҳадаги коррупцион ҳолатларни батамом тугатсак, энг катта ютуғимиз шу бўлади. Бу нафақат кадрлар билан боғлиқ муаммони ечишга, балки соҳанинг изчил ривожланишига ҳам хизмат қилади.

Тўғри, Президентимизнинг тегишли қарори билан кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилдини, шу жумладан, бирламчи кадастр йиғмажилдини тайёрлаш бўйича кўрсатиладиган хизмат турини хусусий секторга ўтказиш назарда тутилган. Бу кадастр тизимидаги ходимларнинг фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишини чеклайди, демакки, коррупцияга йўл очувчи омиллар ҳам йўқолади. Аммо бунда ҳам эътиборли бўлиш керак. Айнан хусусий секторга ишга олинаётган ходимларнинг малакаси, коррупцияга мойиллигини ўрганиш зарур. Хавотирим сабаби шуки, бу амалиёт 2014 йилнинг охирига қадар бор эди, ўша вақтда хусусий сектордагилар вилоятнинг истаган ерида жойлашган кўчмас мулк объектларининг кадастр инвентар ҳужжатларини тайёрлаши мумкин бўлган. Бироқ ўша вақтдаги тизим ўзини оқламади. Боиси, хусусий кадастрчи томонидан тайёрланган кўплаб ҳужжатлардаги маълумотлар нотўғри ёки бузиб кўрсатилган бўлиб чиқди. Оқибатда кўплаб фуқаролар ўз мулкига эгалик қилолмай, суд идораларида сарсон бўлишди.

Эътибор берганингиздек, ҳар икки ҳолатда ҳам кадрлар масаласи биринчи ўринга чиқмоқда. Шу сабабли соҳани ёш ва ҳалол кадрлар билан тўлдириш бугуннинг асосий вазифаларидан бири бўлиши керак, деб ўйлайман.

Асқар Баротов суҳбатлашди.