Камбағалликни камайтиришда нималар муҳим?
Жомбой туманидаги 38 маҳаллада қарийб 200 минг нафар аҳоли истиқомат қилади ва уларнинг 93,9 минг нафари меҳнат ресурслари ҳисобланади. Аҳолининг 3172 нафари ишсиз ва ишсизлик даражаси 4,1 фоизни ташкил қилади. Расмий маълумотларга кўра, ўтган йилнинг ўзида ишсиз фуқароларнинг 2,1 мингдан ортиғи иш билан таъминланган. Жумладан, 1,3 мингга яқин хотин-қизлар, 800 нафар ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлган.
Президентимизнинг 2025 йил 17 январдаги “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 21405 та янги иш ўрни ташкил этилиб, “янги иш меҳнат.уз” платформасига киритилган. Яратилган янги иш ўринлари янги тадбиркорлик, инвеститсия, қурилиш ва қишлоқ хўжалик йўналишларида янги ташкил этилган субектлар ҳисобидан шакллантирилган. Йил давомида мингдан ортиқ ишсиз фуқаро касб-ҳунарга ўқитилган бўлса, 2026 йилда яна 600 нафардан ортиқ фуқаро талаб юқори бўлган касбларга ўқитилади.
– Йил бошидаги рақамларга қарайдиган бўлсак хорижга чиқиб кетган фуқароларимиз 11,4 минг нафар эди ва йил давомида уларнинг 9,9 мингдан ортиғи юртимизга қайтарилди, - дейди туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Шуҳратжон Шодмонов. – Уларнинг аксарияти расмий ва норасмий секторга ишга жойлаштирилди, қизиқиш билдирганлари тадбиркорликда ўз ишини очишди, ўзини ўзи банд қилди. Уларнинг ҳар бирига керакли ёрдам кўрсатилди. Йил давомида туманимизда қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қиймати 60,1 миллиард сўмлик 1560 та микролойиҳа ишга туширилиб, 3,2 мингга яқин иш ўрни яратилди.
Камбағал оилалар билан манзилли ишлаш асосида ҳар бир оила бўйича алоҳида режалар ишлаб чиқилди, маҳаллалардаги обрў-еътиборли 114 нафар фаол нуронийга 2 босқичда 825 та камбағал оила бириктирилди. Камбағал оилалар фарзандларининг билим олиши учун ўқув қуроллари, жиҳозлар ва спорт кийимларига эҳтиёжлари ўрганилиб, жами 618,7 миллион сўмлик ўқув жиҳозлари ва спорт кийимлари олиб берилди.
Ўтган йили камбағал оила азоларининг 5515 нафарининг бандлиги таъминланиб, шундан 3067 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 702 нафарига имтиёзли кредит, ссуда ва субсидия ажратилди, 166 нафари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди, 1580 нафари тадбиркорлик йўналишида ўзини ўзи банд қилди.
2025 йил якуни билан туманда камбағаллик даражаси 6,4 фоизни ташкил этди. Йил якунига қадар камбағаллик даражасини 2,9 фоизга тушириш режалаштирилган. Бунда биринчи навбатда камбағал оилаларнинг дунёқараши, маданияти, маънавиятини ошириш орқали уларга касб-ҳунар ўргатиб, ўқитиб, тадбиркорликка йўналтириш, доимий даромад олишларига кўмаклашиш орқали турмуш шароитини яхшилаш асосий мақсад қилинган.
2025 йилда 2802 та камбағал оила (12377 нафар оила аъзоси) камбағалликдан чиқарилди. 2026 йил 1 январ ҳолатига камбағаллик реестрида 1410 та оила (камбағаллик даражаси 3 фоиз) қолмоқда.
Туманнинг Эски Жомбой маҳаллласида яшовчи Қўчқор Расулов хонадонида 9 киши истиқомат қилади ва ўғли Ф.Расулов И гуруҳ болаликдан ногирони ҳисобланади. Ушбу оила камбағалликнинг қизил тоифасига киритилган. Шу боис Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан бу оилага 5 кВтли қуёш панеллари ўрнатиб, хонадондаги эски эшик-ромлар янгиланди. 28 миллион сўм кредит ҳисобига 2 та чорва моли олиб берилди. Қуёш панеллари орқали олинаётган электр энергияси оила эҳтиёжини қопласа, ортган қисми давлатга сотилади.
Шу маҳаллада яшовчи Отабек Жабборов 8 нафар оила аъзоси билан 17 сотихли ҳовлисида истиқомат қилади. Бу оилага ҳам 5 кВтли қуёш панеллари ўрнатилгач, оиланинг электр тўловлари учун харажатлари анча тежалди.
– Маҳалламиздаги мактабда фаррош бўлиб ишлайман ва оиламиздаги ёлғиз ишловчиман, - дейди Тўлғаной Астанақулова. – Йил бошида қуёш панеллари келтириб ўрнатиб беришди. Унгача ҳар ойда электр учун 100 минг сўмгача тўлов қилардик, ҳозир электрга пул тўламаймиз. Шу пул тежалиши ҳам рўзғорга катта ёрдам бўляпти, яна солиқдан рўйхатдан ўтказиб, 5 йилгача солиқлардан имтиёзлар бериларкан. Бу биз каби қийналган оилалар шароитини тиклаш учун катта имконият ҳисобланади.
Ўктам ХУДОЙБEРДИEВ.