Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Карим Саидов яратган мактаб вакиллари мамлакатимиз иқтисодиёти равнақига хизмат қилмоқда

Шундай инсонлар бўладики, уларнинг ҳаёт йўли бошқалар учун учун намуна мактаби вазифасини ўтайди. Самарқандлик таниқли олим, иқтисод фанлари доктори, профессор Карим Саидов худди шундай олим инсонлар сирасига киради.

Карим Саидов 1928 йилнинг 14 январида Самарқанд шаҳрида оддий хизматчи оиласида туғилди. Ўрта мактабда таълимни олгач, тожик педагогика билим юртига ўқишга кирди. Иккинчи жаҳон уруши сабаб педагогика билим юрти вақтинчалик ёпилгач, Саидовлар оиласи Ургут шаҳрига кўчиб кетишади ва ёш Карим шу ердаги мактабда ўқишни давом эттиради. 1944-1945 йилларида ўзи ўқиётган мактабда кутубхоначи, мактаб ёшлар қўмитасининг котиби бўлиб ҳам фаолият юритади.

Билимга чанқоқ К.Саидов Самарқанддаги Максим Горький номидаги ўқитувчилар тайёрлаш институтига ўқишга киради. 1947 йилда институтни тугатгач, йўлланма билан Ургут туманидаги 1-сонли мактабга ўқитувчиликка юборилади. Шу йили Ўзбекистон давлат университетининг тарих факультетининг сиртқи бўлимига ҳам ўқишга киради.

Карим Саидов 1955 йилда таҳсилни тамомлагач, университет илмий кутубхонасида, кейинчалик “Сиёсий иқтисод” кафедрасининг кабинет мудири бўлиб ишлайди. 1960 йилда Москва давлат университети аспирантурасига ўқишга киради. Икки йилдан сўнг номзодлик диссертациясини ҳимоя қилади.

Изланувчан олим 1976 йилда докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилади ва уч йилдан сўнг унга профессор унвони берилади.

Карим ака 1979 йилда СамДУ қошидаги ижтимоий фанлар ўқитувчиларини малакасини ошириш факультети деканлигига тайинланди. Орадан тўрт йил ўтиб, Ўзбекистон Фанлар академиясини Самарқанддаги илмий марказини ташкил этидша бош-қош бўлди. Натижада профессор самарқандлик олимларни истиқболли илмий дастурларни яратиш ва кўп қиррали илмий тадқиқотларини олиб бориш мақсадида шу илмий марказ раисининг ўринбосари этиб тайинланди.

1986-1993 йилларда Карим Саидов сиёсий иқтисод кафедраси мудири сифатида кафедранинг ўқув-илмий, услубий фаолиятини бошқариш билан бир қаторда унинг салоҳиятини оширишга қаратилган бир қатор ишларга раҳбарлик қилди. Янгиликка ўч домла университетнинг амалий математика факультети таркибида иқтисодиёт бўлимини ташкил этишда ҳам жонбозлик кўрсатди. Кейинчалик назарий иқтисодиёт кафедраси мудири сифатида ўқитувчи кадрлар малакасини оширишга катта ҳисса қўшди. 1997 йилда эса янги ташкил этилган иқтисодиёт факультетининг биринчи декани этиб тайинланди.

Карим ака Францияда бўлиб ўтган “Диалог-89” дастури доирасида ўша пайтдаги Франция президенти Француа Миттеран билан учрашди. Тулузалик фермерлар билан Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ва турмуш даражаси ҳақида суҳбатлар ўтказиб, маърузалар қилди. 1994 йили унинг ташаббуси билан АҚШнинг тинчлик  корпусида иқтисодиётнинг турли соҳалари бўйича махсус курслар ташкил этилди. Шунингдек, Самарқандда ташкил этилган менежмент бўйича бошқарув кадрларини тайёрлайдиган Халқаро ўқув марказида 9 йил ичида 10 мингдан зиёд мутахассис кадрлар қайта тайёрланди. Тошкент ва Москва шаҳарларидан “Евразия” жамғармаси томонидан янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари олиб келинди. Вашингтон университети, АҚШ тинчлик корпуси ва республика давлат мулк қўмитасининг вилоят бошқармаси томонидан юзлаб дарсликлар ва ўқув қўлланмалари ҳамда бошқа илмий адабиётлар сотиб олиниб, факультетнинг ўқув кабинетига берилди.

Профессор К.Саидов ўз умрини 50 йилдан ортиғини илмий фаолиятга бағишлади. Унинг илмий тадқиқотларининг асосий мавзулари –  иқтисодиёт, аҳолининг турмуш даражаси, ижтимоий ҳимоя, таълим, аҳоли бандлиги ва тақсимот муносабатларининг такомиллаштирилиши билан боғлиқ эди.

Карим Саидовнинг 250 дан ортиқ илмий мақоласи ва 4 та монографияси нашр этилган. Унинг раҳбарлигида 15 нафар тадқиқотчи номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Домланинг ҳаёт йўли кўплаб иқтидорли иқтисодчилар учун ўрнак бўлади.

Б.Бобоқулов,

Ш.Йўлдошев,

иқтисод фанлари номзодлари.