Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Касаначилик: айрим туманларда субсидия маблағларидан ҳамон фойдаланилмаяпти

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан мамлакатимизда ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган. Биргина 2023 йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида вилоятимизда 39 та тикувчилик лойиҳасини амалга ошириш учун жамғармадан 4 миллиард сўмлик субсидиялар ажратилиб, бунинг натижасида 678 нафар фуқаро касаначилик йўналишида иш билан таъминланди. Бироқ, Тойлоқ туманида атиги 17 миллион сўмга яқин субсидия маблағлари сарфланган, 5-тоифага кирувчи Қўшработ туманида эса ушбу масалага умуман эътибор берилмай, бир сўм ҳам ишлатилмаган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган муҳокамада маълум қилинди.

Унда вилоят раҳбари раислигида корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда масъуллар иштирок этишди. Қайд этилганидек, жорий йилда 13 миллиард сўмлик субсидиялар ҳисобидан касаначилик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар эса 9,5 миллиард сўмлик 112 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Вилоятнинг еттита тумани томонидан етарлича лойиҳалар ишлаб чиқилмаган. Ушбу ҳудуд раҳбарларига муҳокама давомида эътирозлар билдирилди.

Вилоят ҳокими жорий йилда вилоятдаги олтита маҳаллада касаначилик бўйича намунали лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда ҳар бир лойиҳа учун 450-500 миллион сўмгача субсидиялар ажратилади, деди Эркинжон Турдимов.

Муҳокама якунида бандлик ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармасига ҳокимлар билан биргаликда бир ҳафта муддатда ҳар бир лойиҳа тақдимотини ўтказиш ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш, ушбу жараёнда маҳаллалардаги ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш ҳамда ажратилаётган субсидия маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилиш ва натижалари юзасидан “ҳокимлик соати”да муҳокама қилиш учун маълумот тақдим этиб бориш вазифалари юкланди.