Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Каттақўрғонлик ижодкорлар водийлик теримчилар ҳузурида

Сарлавҳани ўқиб, каттақўрғонлик ижодкорлар водийга борибди-да, деб ўйлагандирсиз. Йўқ, бугун - пахта йиғим-терим мавсуми авж паллага кирган пайтда водийлик ҳашарчилар каттақўрғонлик пахтакорларга кўмаклашиш мақсадида бу ерга келишди. Ижодкорлар эса уларнинг кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилди.

Рост, бугун Каттақўрғон туманига борсангиз, пахта йиғим-теримига ўз ҳиссасини қўшиш, ҳалол меҳнат қилиб, оилавий сарф-харажатларини қоплаш мақсадида нафақат маҳаллий аҳоли, балки водий вилоятларидан ҳашарга келган теримчиларни кўрасиз. «Рўзғоримни бут қилай, фарзандлар ризқ-рўзини хайрли йўл билан топай», деган юртдошларимиз ташаббуси таҳсинга лойиқ.

Тумандаги «Гранд Транс» муқобил МТП ҳудудидаги фермер хўжаликлари пахта далаларида Наманган ва Андижон вилоятларидан келган ҳашарчилар енг шимариб меҳнат қилмоқда. Улар учун ётоқ жойи, овқатланиши ва бошқа зарур шароитлар масъуллар томонидан яратиб берилган.

- Фермер хўжалигимиз ер майдонининг 46 гектарида пахта етиштирдик, - дейди “Рамзиддин Исматов замини” фермер хўжалиги бошлиғи Меҳриддин Нодиров. - Ҳосилни ўз вақтида, ёғин-сочинли кунларга қолмасдан йиғиштириб олишда водийлик ҳашарчилар кучимизга куч қўшмоқда. Улар орасида илғор теримчилар кўп. Ҳашарчилар учун зарур барча шароитни яратиб, пахта пулларини ҳам ўз вақтида олишларини таъминлаяпмиз.

Бугун ҳашарчиларга кутилмаган янгилик айтилди: "Каттақўрғон тумани ҳокимлиги ва “Каттақўрғон ҳақиқати” газетаси ташаббуси билан водийлик ҳашарчилар учун тадбир ўтказилиб, илғорлар тақдирланаркан".

Бу гапни эшитган ҳашарчиларнинг ғайрати жўшиб, чарчоғи унут бўлди ва “Фаровон куз” фермер хўжалиги дала шийпонида жам бўлишди. Уларни туман ҳокимлиги вакиллари, бир гуруҳ ижодкорлар қарши олди. Дастлаб Каттақўрғон шаҳар драма театри актёри, сўз устаси Аслиддин Камолов Каттақўрғонча ҳазиллар билан сийлади. Ижодкорлар Ҳасан Алматов, Азиза Боймуродова, Темурбек Тоиров томонидан ўқилган Ватан, меҳр-муҳаббат, ота-онани мадҳ этувчи шеърлар кўнгилларга ором бағишлади. Куй-қўшиқ янгради.
Шундан сўнг тадбир ташкилотчилари пахта хирмонига муносиб ҳисса қўшаётган илғор ҳашарчиларга эсдалик совғалар топширди.

- Бундай эътибордан беҳад мамнун бўлдик, - дейди Дилафрўз Исроилова. - Концерт дастури чарчоқларимизни чиқариб, кучимизга куч қўшди. Пахта теримига акам, укам ва сингилларим билан бирга келганмиз. Барчамиз ғайрат қилиб, бир ҳафтада 1 миллион сўмдан ортиқ даромад қилдик. Бугунги кўтаринки кайфиятдан сўнг ишимизда янада унум бўлади.

Абдуҳошим ЗИЁДОВ.