Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кичик мамлакатнинг буюк ихтиролари

Шотландия. Буюк Британиядаги кичик мамлакат. “Хўш, нима бўпти? Жаҳонда бундай мамлакатлар камми?”, дейишингиз мумкин. “Ҳа, кам”, дея жавоб бера оламиз.

Гап шундаки, инсоният тарихида ўчмас из қолдирган жуда кўп кашфиётлар шу мамлакатда дунёга келган. Жумладан, айнан Шотланд темирчиси Макмиллион 1839 йилда ҳозирги кунда бизга яхши таниш велосипедни ихтиро қилган: рул, эгар, педаллар... ҳаммаси унинг заковати маҳсули.

Шотланд ветеринари Данлоп эса 1887 йилда ушбу велосипедга пневматик шиналар ўйлаб топган. Кейинчалик ўз номидаги компанияни тузган, у ҳозиргача автомобиллар учун покришка ишлаб чиқараётган йирик корхоналардан бири.

 Яна бир шотланд Александр Флеминг ангина, отит, ошқозон-ичак ва бошқа юқумли касалликларни даволовчи пенциллинни кашф қилган.

Кимёгар Чарльз Макинтош ҳақида эшитгандирсиз. Эшитмаган бўлсангиз, ўқинг: одамлар фойдаланадиган нам ўтказмайдиган газламани шу кимёгар яратган ва ундан тикилган плашлар унинг номи билан Макинтош, деб аталган.

1856 йилда австралиялик Жеймс Харрисон биринчи марта компрессор ёрдамида ишлайдиган совутгич яратган. Кечирасиз, биз “австралиялик” деб ёзибмиз. Жеймс Харрисон аслида шотланд.

Шотланд ихтирочиларидан яна бири Жон Логи Бэрд. Касби муҳандис, телевидение яратувчиларидан бири. 1924 йилда у ҳаракатланаётган одам шарпаларини намойиш этувчи биринчи механик “телевизор”ни яратди. 1928 йил 3 июлда биринчи марта тўлақонли рангли тасвирни узатишни кашф қилди.

Кичик мамлакатнинг номининг дунёга ёйган буюк ихтирочилари рўйхати шу билан тугамайди. Яхши биламиз, Жеймс Клерк максвелл шотланд физиги, механик ва математик. Техника институтида Максвелл тенгламасини ўтганмисиз? “Максвелл иблиси” ҳақида эшитганмисиз? Жеймс Максвел электр магнит тўлқинлари ва газлар гинетик назариясидан ташқари йўл-йўлакай маиший буюмлари яратиш устида ҳам ишлаган. Айнан у 1861 йил 17 майда барча илмий жамоатчиликка дунёда биринчи рангли фотографияни намойиш қилди.

Шотланд жарроҳи Жон Хонтерни айтмайсизми? Жарроҳликни фан сифатида у дадил олға сурди. Ўқдан яраланган жароҳатларни ва тиш оғриқликларини ўрганиш ва даволаш усулларини яратди. Овқат ҳазм қилиш механизмини батафсил изоҳлаб берди, унгача бу ҳақда тайинли фикрни ҳеч ким айтолмаган.

Шотланд геологи Жеймс Хаттон ўзининг “Ер назарияси” китобида биринчи марта ер қаъри кайноқ лавадан иборатлиги ва айнан лава тоғ тизимлари ҳосил бўлишини чақирувчи ҳаракат эканлиги ҳақида тахминни олға сурди. Айнан Хаттон назарияси Чарльз Дарвинни табиий танлаш ғоясини ривожлантиришга туртки берди.

Шотландия тарихида дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк ақл-заковат даҳолари шунчалик кўпки, ҳатто ҳозирда ривожланган мамлакатлар ҳам бу борада улар билан бўйлаша олмайди. Мисол учун, двегатиль ихтирочиси Жеймс Уаттни олайлик. Унинг бу кашфиёти натижасида кейинчалик паравозлар, пароходлар яратилди. Ихтирочининг исми-шарифи эса қувватни ўлчов бирлиги - ваттга айланди.

Т.Шомуродов тайёрлади.