Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Колонияда жазони ўтаётган танишига гиёҳвандлик моддаси олиб келган фуқаро озодликдан маҳрум қилинди

Паст Дарғом тумани Жума шаҳрида истиқомат қилувчи Бекзод Парманов ҳали қирқ ёшни қораламаган. Аммо шу пайтгача Жиноят кодексининг турли моддалари бўйича саккиз марта жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳукмларда озодликдан маҳрум қилиш ҳам, ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ҳам бор. Аммо унинг на ахлоқи тузалди, на озодликнинг қадрини ҳис этди.

Бекзод 2019 йил август ойининг бошларида Паст Дарғом тумани Қорасув маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Зарафшон дарёси бўйидан ёввойи ҳолда ўсиб турган бир туп “каннабис” ўсимлигини “топиб олиб”, ушбу ўсимлик баргларини уйига олиб келади. Уларни қуритиб марихуана гиёҳвандлик воситасини тайёрлайди. Атрофидагиларга сездирмай, ўзи ҳам истеъмол қилиб туради. Кўп ўтмай тайёрлаган маҳсулотидан “дўстлари”га ҳам улашишни ваъда қилди. Етказиб бериш ҳам ўзининг зиммасида эди. Қинғир ишнинг бошини тутган кимсанинг дўсти ким ҳам бўлиши мумкин?.. 

Эрта тонгдан кўчага отланган кишининг бирор бир режаси, мақсади бўлади, албатта. Бекзод ҳам 2019 йил 31 август куни эрталаб маълум бир манзилни кўзлаб Жума шаҳри автошоҳбекатига чиқади. Манзили бир оз олис эди. Таксичи таниши Тоҳирга Самарқанд шаҳар Фарҳод шаҳарчасида жойлашган 38-манзил колониясига бориши лозимлигини, у ерга укаси олиб келинганини, уни кўриб қайтишини айтади. Таксичи хизмат ҳақини келишгач, рози бўлади.

Йўл-йўлакай “Улуғбек” автошоҳбекатидан нон ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари олади. Колонияга етиб келганида таксичига шу ерда кутиб туришини, ярим соатларда чиқишини айтиб ичкарига киради...

Колонияга киришда Бекзоднинг қўлидаги нарсалари текширилаётганда унинг  хатти-ҳаракатлари колония ходимларида шубҳа уйғотади. Бу ҳолатни сезган Бекзод шу заҳоти ўзи билан олган “Спички” ёзувли гугурт қутисини четга ташлаб юборади. Холислар иштирокида тинтув ўтказилганда эса унинг ёнидан ҳали ташлаб юборишга улгурмаган “Кент” ёзувли сигарет қутичасига қадоқланган марихуана гиёҳвандлик воситаси чиқди.

Суриштирув давомида маълум бўлдики, Бекзод келтирган бу заҳри қотиллар ушбу колонияда жазони ўтаётган таниши У.Муродовга аталган эди.

Букрини гўр тўғрилайди, деган нақл бежиз айтилмаган. Б.Пармановга навбатдаги жинояти учун узил-кесил уч йил саккиз ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

З.АХМЕДОВА,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.