Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Комил Алламжонов: Афсуски, журналистлар узоқ йиллар цензурага маҳкум этилди

Самарқандда ташкил қилинган Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар элчилари иштирокида бўлиб ўтаётган халқаро давра столида хорижлик меҳмонларга Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб бердик.

Афсуски, узоқ йиллар «халқимиз сўз эркинлигига тайёр эмас», деган ёлғон тамға ёпиштирилиб, журналистлар узоқ йиллик цензурага маҳкум этилди. Аслида одамларимиз қанчалик эркин ва довюрак бўлганини ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошидаги парламент сессиялари ҳам тасдиқлайди. Яқинда «Youtube» орқали ўша тасмаларни кўриб, сўз эркинлигининг ҳақиқий ва самимий кўринишига гувоҳ бўлдим.

25 йиллик ёпиқ режимдан сўнг ҳам журналистларимизни ички цензура бутунлай тарк этгани йўқ. Муаммоларнинг барчасини бир зумда ҳал этиш мумкин эмас. Бироқ Президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли соҳадаги муаммолар бирин-кетин барҳам топяпти. Давлат раҳбари журналист ва блогерларни қўллаб-қувватлаяпти, танқидий материаллар ёзишга чорлаяпти. Бу - замон ва ислоҳотлар талаби.

Ишончим комилки, Ўзбекистон яқин келажакда очиқлик ва ошкоралик тамойилини янада мустаҳкамлайди ва дунёдаги сўз эркинлиги, демократия қарор топган мамлакатлар сафига қўшилади.

Биз 2020 йилда Сўз эркинлиги Марказий Осиё форумини Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз, деб ёзди Комил Алламжонов телеграмдаги каналида.