Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Кўнгли бўш қароқчи” жазосини олди

31 ёшни қоралаган Раҳим Мўминов (исм-шарифлар ўзгартирилган) муқаддам уч бор қамалиб чиққан бўлса-да, бундан тегишли хулоса чиқармади. Дастлабки жиноятини 20 ёшида содир қилиб, Чилонзор судида судланди, кейинчалик икки бор ўғирлик қилгани учун Юнусобод судида жазосини олди.

...Садриддин Эшқувватов 2019 йил 11 май куни тунги соат 02:30ларда, “Matiz” русумли машинасида кира қилиб юрарди. Олдига бир йўловчи келиб вақти бўлса, Тошкентни айлантиришни сўради.

Ҳайдовчига нима, пули бўлса, “Хиротга обор”, демайдими - оборади. Шу боис йўловчини машинасига миндириб олди. Пойтахтнинг шаҳар клиник шифохонасига яқин Маннон Уйғур кўчасига келганларида икки кишининг уришаётганлигини кўриб қолишди. Ўзбекчилик, ҳайдовчи машинасини тўхтатиб, уларни ажратмоқчи бўлди.

Икки йигит бир-бири билан ёқалашарди.

Садриддин уларни ажратгач, бири бошқа машинага ўтириб жўнаворди. Иккинчи йигит эса шифохонага кириб кетди.

Ҳайдовчи ва йўловчи машинага ўтиришди.

Шу пайт уларнинг олдига “қаҳрамонимиз” Раҳим келиб, нимага жанжал бўлаётганини сўради.

- Ниманидир бўлишолмадилар шекилли, - тусмоллаб жавоб берди Садриддин.

- Машинага ўтирсак бўладими? – сўради Раҳим.

- Чиқинг, - деди ҳайдовчи.

Раҳим машинанинг олд ўриндиғига ўтириб олди. Улар бир оз суҳбатлашиб туришди.

Бу орада шифохонага кириб кетган йигит чиқавермади. Нима гаплигини билиш учун Садриддин шифохонага кириб кетди...

Чиқиб қарасаки, йўловчилар ҳам йўқ, машинаси ҳам. Нима қилиш керак? Бир оз кутди. Ҳеч бўлмагандан кейин 02 га қўнғироқ қилди.

Орадан чамаси икки соат ўтиб, машинаси ғилдираги тешилган ҳолда Зулфияхоним кўчасидан топилганини хабар қилишди.

Маълум бўлишича, Раҳим ҳайдовчини бир оз кутгач, орқада ўтирган йўловчи уни Дубовийга олиб боришини илтимос қилган, гўёки “кўнгли бўшлик” қилиб, машинани маст ҳолда ҳайдаб кетган. Эртаси куни уни ички ишлар бўлими ходимлари олиб кетишган.

Суд айбдорга жазо тайинлашда судланувчининг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий ва моддий шароити, қарамоғида кекса ёшдаги онаси борлиги, оиласининг ягона боқувчиси эканлиги, иш бўйича етказилган моддий зарар қайтарилганлиги, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлигини ва енгиллик бериш ҳақидаги илтимосини инобатга олди.

Р.Мўминов Ўзбекистон Республикаси ЖК 267-моддасининг 1-қисми билан айбдор деб топилди ва ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 2 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини олди.

Абдулла АБДУЛХАЕВ,

жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди судьяси.