Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кўния - Мавлавийлар шаҳри

“Шаби Арус” фестивали туфайли Мавлавийлик тариқати асосчиси бўлган пир ва шоир, буюк файласуф Жалолиддин Румий қабрини зиёрат қилиб, у зот ётган шаҳарни томоша қилдик.

Қуйида сафар таассуротлари билан танишасиз.

Кўния инсоният тараққиёти бешиги сифатида тарихда муҳим ўрин тутган қадимий шаҳар. Кўния ҳақидаги илк битиклар эрамиздан аввалги еттинчи минг йилликка оиддир. Демак Кўниянинг ёши 9 минг йилдан ортиқ экан. У Инжилда Исо алайҳиссаломнинг шогирдларидан бири Павел қўним топган Иконион шаҳри сифатида тилга олинади.

1076 йилда Султон Сулаймон Кўнияни салжуқийлар мамлакатининг пойтахти, деб эълон қилади ва шаҳар 1277 йилгача Эрон ва Ироқни ҳам ўзида жам қилган салжуқийлар империясининг бош шаҳри бўлиб туради. 200 йил давомида маданият маркази бўлган бу шаҳарга дин уламолари, шариат пешволари, фан ва санъат номояндалари, ҳунармандлар дарёдек оқиб келган. Кўнияда дунёга машҳур олим ва шоирлар Умар Ҳайём, Садриддин Кўнявий, Султон ул орифин номини олган уламо Баҳовуддин Валад ва Вавлавия тариқати асосчиси Жалолиддин Румийдек зотлар яшаган ва ижод қилган.

Румийнинг ўғлига юборган номасида шундай дейилади: “Қара, Кўнияда амирлар, амалдорлар ва солиқчиларга тегишли неча минглаб уйлар, қасрлар ва саройлар бор. Савдогарлар ва солиқ йиғувчиларнинг уйлари ҳунармандларнинг уйларидан баланд, амирларнинг уйлари эса савдогарларнинг уйларидан баланд. Масжидларнинг гумбазлари ва султонларнинг саройлари бошқа барча уйлардан баланд бўлгани каби”.

Усмонийлар империяси даврида Кўния ўзининг маҳобатини ва шон-шавкатини сақлаб қолди. Дунёнинг барча дарвишларига пойтахт, мавлавийлар маркази бўлган бу шаҳарга асрлар давомида зиёратчилар оқиб келган. Бу салкам минг йил давом этди...

1925 йилда Туркия президенти Мустафо Камол Отатурк султонликни бекор қилиб, сўфийлар тариқатини, мавлавийлар фаолиятини ҳам чеклаб қўйди. Айрим донг таратган сўфийлар қабри музейга айлантирилди. Жумладан, Румий ҳазратнинг мақбараси ҳам 1927 йилдан музей, деб эълон қилиниб, барча учун очиб қўйилди.

Бугунги кунга келиб, Мавлоно музейи Кўниянинг диққатга сазовор жойигина эмас, балки шаҳарнинг рамзи ҳамдир. Бугун барча динларни баробар кўрган, инсонларни ёлғиз Аллоҳнинг бандаси деган, дин, мазҳаб ажратмаган Мавлоно Жалолиддин Румийнинг қабрини зиёрат қилиш учун дунёнинг турли мамлакатларидан сайёҳлар, зиёратчилар ёғилиб келишмоқда.

1957 йилдан халқаро сайёҳларни кўпроқ жалб этиш мақсадида фаолияти чеклаб қўйилган мавлавийлар, яъни исломий қўшиқларга рақс тушувчи дарвешларнинг жамияти қадимий маданиятни тиклаш жамияти шаклида қайта ташкил этилди. Бугун ана шу мафтункор рақсни томоша қилиш учун ҳам сайёҳлар Кўнияга келишади.

Бугун ҳам Кўния Туркия давлатининг диний маркази ҳисобланади. Шаҳарда ҳар йили анъанавий Румийхонлик фестивали ўтказилади. Бу тадбирда Румий ғазаллари ўқилади, унинг шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар куйланади, илоҳий қўшиқлар оҳангида ўнлаб дарвишлар рақси самоъни ижро қилишади. Соатлаб бир жойда айланиб, рақсга тушадиган бу дарвешларни суратга олиб, тасвирга олиб чарчашмайди...

2007 йил буюк мутасаввуфнинг 800 йиллиги нишонланди ва ЮНЕСКО 2007 йилни Мавлоно йили деб эълон қилди. Шу йилги Румийхонлик тадбирларида бизнинг ҳам таниқли ҳофизимиз Шерали Жўраев иштирок этган.

 Оловуддин тепалиги

Кўнияга энг аввал келган одамлар ўрнашган бу тепалик шаҳарнинг маркази ҳисобланади. Бу тепаликда Оловуддин Кайқубод масжиди ва биз тарих ва адабиёт китобларида ўқиган салжуқий ҳукмдорлардан Қилич Арслон, Ғиёсиддин Кайхусрав, Кайковус, Кайқубод ва бошқалар дафн этилган мақбара бор.

Шамсиддин Табризий масжиди

Кўния марказидаги Шамсий боғида Мавлоно Румийнинг устози бўлган, унинг шоир сифатида шаклланишида жуда катта ўрин тутган шайх Шамсиддин Табризий масжиди ва унинг ичида шайхнинг мақбараси мавжуд. Масжидга кирганимизда Шамсиддин Табризий қабрини зиёрат қилувчилар ҳам оз эмаслигига амин бўлдик.

Бу мажмуа қачон барпо қилингани маълум эмас. Аммо у 1510 йилда таъмирланган ва кенгайтирилган экан.

Масжид ташқаридан қараганда унчалик катта кўринмайди ва эътиборни ҳам тортмайди. Аммо Шамсиддин Табризийнинг қабри жуда ҳашаматли қилиб жиҳозланган.

Салимия масжиди

Мавлоно мақбараси ёнида қад кўтарган ва Усмонийлар меъморчилигининг энг гўзал намуналаридан бири бўлган бу масжиднинг қурилиши Султон Салим ҳукмронлик қилган пайтда, 1558 йилда бошланган ва 1587 йилда битказилган. Бугунги кунда ҳам Салимия масжиди аслидек сақланган ва жомеъ масжиди сифатида фаолият юритмоқда.

Ипликчи масжиди

Бу масжид шуниси билан диққатга сазоворки, у салжуқийлар томонидан бунёд этилган энг дастлабки масжид бўлиб, 1202 йилда қурилган. Кўнияга келган Жалолиддин Румийнинг отаси Баҳоуддин Валад энг аввал ана шу масжиднинг ҳужрасига тушган, дейишади. Масжид бугунги кунда ҳам асл ҳолида мусулмонларга хизмат қилмоқда.

Азизия масжиди

Бу гўзал обида 1671-1676 йилларда Усмоний султон Муҳаммад IVнинг ҳисобчиси Мустафо Пошанинг буюртмасига биноан барпо қилинган. Масжид савдо-сотиқ қайнаган шаҳар марказида жойлашгани учун бугунги кунда ҳам у намозхонлар билан гавжум. Масжидни бошқа юзлаб масжидлардан ажратиб турадиган жиҳати унинг бўртма нақшли гўзал минораларидир.

Садриддин Кўниявий масжиди

Масжид 1274 йилда ўша вақтнинг энг буюк шариат пешволаридан бири бўлган муҳаддис Садриддин Кўниявий шарафига қурилган. Унинг мақбараси ҳам шу ерда ва у усти очиқ ягона мақбарадир.

Садриддин Кўниявий 1207 йилда Малатия шаҳрида туғилиб, 1274 йилда Кўнияда вафот этган. Ҳадисларни янгича шарҳлаган уламо Мавлононинг тенгдоши бўлган ва уларнинг ўртасида катта дўстлик, муҳаббат ва чуқур ҳурмат бўлган.

Товус бобо мақбараси

Оловуддин Кайқубод замонида Кўнияда яшаб вафот этган шайх Товус Муҳаммад Ал-Ҳиндийнинг мақбараси Мерама ҳудудида жойлашган. Ғишт ва тошлардан тикланган оддий усулдаги мақбара гумбаз билан ниҳоя топган.

Оташбоз Юсуф Вали мақбараси

Саккиз қиррали, нақшли тошлардан барпо қилинган бу мақбара салжуқийлар замонининг энг классик услубида ишланган. Мақбара ўша йили вафот этган Вали учун 1285 йилда қурилган.

Юсуф Вали Кўнияга Баҳоуддин Валад билан бирга келган ва Мавлоно Румийнинг тарбияси билан шуғулланган. Шунингдек, у мавлавийларнинг таомланишига ҳам масъул бўлган. Дарвешларнинг устозларигина ана шу ишга тайинланган. Бир куни ўтин қолмагани сабабли ўчоқда олов ўчаётганини кўрган Юсуф Вали ҳазрат Мавлоно қошига чиқиб, одоб билан таом кечга қолиши мумкинлигини айтади. Ўтин қолмаганини сезган Мавлоно унга “Ўтин қолмаган бўлса, ўчоққа оёғингни тиқ”, дейди. Мавлононинг хоҳ чин, хоҳ ҳазил гапини қонундек қабул қилган Юсуф Вали оёқларини ўчоққа тиқиб ўтиради ва олов гуриллаб ёниб, қозондаги таом вақтида тайёр бўлади. Таомни меҳмонлар қошига олиб чиққанида Мавлоно унга олов билан ўйнашувчи киши сифатида хитоб қилади:

– Эй, менинг оташбозим, хуш келибсан!

Шундан кейин Юсуф Валини ҳамма Оташбоз деб чақирадиган бўлишган экан.

“Сенинг тузингдан тотган кишининг дарди арисин!”, дея Мавлононинг дуоси ижобат бўлгани учун то бугунга қадар Оташбознинг зиёратига келган сайёҳларга Оташбознинг ошхонасидаги туздан улашадилар.

Инжа Минорали масжид

Инжа, яъни ингичка минорали масжид ўзининг бошқа масжидлардан шуниси билан фарқ қиладики, нақшлари масжид пештоқига чизилмаган, оятлар бўёқ билан ёзилмаган. Ҳаммаси тошларни йўниб, тошларга шакл бериб ясалган. Бунақа катта меҳнат ва нозик санъат талаб қилинадиган иш бошқа масжид ёки мадрасаларда учрамайди.

Бугунги кунда инжа минорали масжид амалий санъат музейи сифатида фаолият юритади ва бинода Кўниянинг турли жойларидаги археологик қазишмаларда топилган осори-атиқалар, буюмлар, ҳаттотлик намуналари жамланган.

Буюк Қоратой мадрасаси

Бу мадраса Оловуддин Кайқубод замонида бунёд этилган. Ҳукмдор илм-фан, маърифатга катта эътибор қаратган ва “Бизни фақат илм, маърифатгина қутқара олади ва ғолиб қилади”, деб ҳисоблаган. У дунёнинг турли ўлкаларидан олиму уламоларни Кўнияга таклиф қилган ва уларга керакли шароитларни яратиб бериб, ёш авлодга илм бериш тўғрисида қайғурган.

Ана шу замонларда қурилган мадрасанинг бир жиҳати эътиборимни ўзига тортди: мадраса марказидаги ҳовузга ўзига хос сув йўли, сопол қувурлардан сув келиб муттасил янгиланиб турган ва сув худди шу йўл билан чиқиб ҳам кетган. Мударрис сувнинг секингина шилдираши толиби илмларга хотиржамлик бағишлайди ва улар илмларни тезроқ ва яхшироқ ўзлаштиради, деб ҳисоблаган.

Буюк Қоратой мадрасаси бугун музей сифатида фаолият юритмоқда...

Икки қуёш учрашган жой

Кўнияда икки забардаст инсон – Мавлоно Жалолиддин Румий ва у зотга устозлик қилган шайх Шамсиддин Табризийлар учрашган жойни ҳалигача табаррук жой сифатида эъзозлашади ва бу жойда ўзига хос бир ёдгорлик ўрнатишган. Бу ёдгорлик икки буюк зотнинг, икки қуёшнинг учрашувини акс этдиради...

Кўнияда Қуюн ўғли музейи, Ҳожи Ҳасан масжиди каби яна юзлаб масжид ва мақбаралар, мадрасалар, улуғларга қўйилган ҳайкаллар, ёдгорликлар, археология ва этнография музейлари мажуд.

 Бугунги Кўния

Бугунги кунда Кўния сайёҳлик ривожланган шаҳар. Бу ерда халқаро аэропорт ва темир йўл вокзали бор. Аэропортнинг ўзидан Мавлоно музейигача махсус автобус хизмати жорий этилган. Сайёҳлар учун қулайлиқ туғдириш мақсадида кўп қавватли замонавий меҳмонхоналар қурилган. Шаҳарда фақатгина тилла буюмлар ва тақинчоқлар билан савдо қиладиган каттакон бозор, шунингдек, кумуш тақинчоқлар сотиладиган расталар, эсдалик совғалари, жойнамоз, тасбеҳлар, турли ўлчамдаги Мавлоно Румий ҳайкалчалари ва у зот сурати акс этган минглаб буюмлар, айланиб рақс тушаётган дарвишлар акс этган беҳисоб ашёлар сотиладиган минглаб дўконлар, миллий таомлар тайёрланадиган юзлаб ошхоналар барпо қилинган. Дарвешлар рақс кечалари уюштириладиган кафе ва ресторанлар доимо гавжум.

Яна бир нарса эътиборимни тортди. Бизда ҳамма жойда сотиладиган парвардани Туркия бўйича фақатгина Кўнияда тайёрлашар экан ва “Мавлононинг ширинлиги” номини олган бу ширинлик жуда қадрли ҳисобланиб, сайёҳларнинг бу ердан парварда олиб кетиши анъанага айланган. Мен ҳам Истамбулдаги танишларимга озгина парварда олиб борган эдим, улар парвардани кўрганларидан “Кўнияга борибсиз-да?” дейишди ва парвардани аввал кўзларига суртиб, сўнг тановул қилишди.

Кўнияда меҳмонхоналар жуда кўп. Ахтарсангиз ҳамёнингиз кўтарадигани топилади. Бир кеча учун ўттиз лирадан юз йигирма лирагача тўлашингиз мумкин (1 доллар 8 лира.) Аммо 10-17 декабрь кунлари оралиғида борадиган бўлсангиз, олдиндан меҳмонхона банд қилиб қўйишни унутманг! Акс ҳолда бошпанасиз қолишингиз ҳеч гап эмас. Нархлар ҳам бу кунларда камида икки баробар кўтарилади. Чунки ҳар йили шу кунларда анъанавий Румийхонлик фестивали – “Шаби Арус” бўлиб ўтади.

Сайёҳларни жалб этадиган нарсалардан яна Кўниянинг гўзал кўллари, ғор ва шаршаралари.

Маълумот учун, Кўнияда 1 миллион 300 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бу еда турклар, курдлар, араблар, ўзбеклар, қозоқлар, руслар, чеченлар, африкаликлар ва сурияликлар, афғонлар ва бошқа миллат вакиллари яшашади.

Истамбулдан Кўнияга ҳар куни бир неча марта учадиган самолётларнинг чиптаси бориш-келиш учун 100 доллар атрофида. Шунингдек, Кўнияга поездда ва автобусда ҳам бориш мумкин, фақат автобус ўн соат юришини унутмаслик лозим.

Кўнияда катта автовокзал мавжуд бўлиб, у ердан шаҳар марказигача тезюрар трамвай ҳам қатнайди.

Каримберди ТЎРАМУРОД,

Кўния шаҳридан махсус Zarnews.uz учун.