Кўрмоқ... ва жон бермоқ: дунёдаги энг хавфли “осори атиқа”лар
Ҳақиқат шундаки, Ер юзидаги ҳар бир жой ҳам қулай ва ташвишсиз дам олиш учун мос келавермайди. Бугунги аксарият қисми тартибли, осойишта ва шошилинчликлардан холи дунёда хавф-хатарли жойлар алоҳида машҳурликка эга. Кўпинча олис ҳудудларда жойлашгани ва етиб бориш билан боғлиқ қийинчиликларга қарамай, бу ерларга ташриф буюрувчи “саргузаштчи”лар сони кундан-кунга ортиб бормоқда.
Боливиядаги «Ўлим йўли»
Расман сайёрамиздаги энг хавфли автомобиль йўли деб тан олинган бўлса-да, унинг шуҳрати машҳурлигига ҳеч қандай путур етказмайди. Узунлиги 80 километрга яқин ушбу қисқа йўлак ҳар йили юзлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлади.

3300 метр баландликнинг айрим қисмлари эса шунчалик торки, у ерда иккита автомобиль навбат билан ўтиши керак. Йўл четлари бу ерда ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган қабртошлар, гулчамбарлар ва бошқа белгилар билан тўлиб кетган.
Кьерагболтен, Норвегия

Одамлар селфи қилиш учун нималар қилмайди дейсиз? Масалан, жуда кўплар Норвегиядаги бир километр баландликдаги иккита тош орасига тиқилиб қолган улкан тош устига чиқиб суратга тушиш учун йўлланмаларни олдиндан “бронь” қилиб қўйишади.
Баъзилар тоғ фонида туширилган суратлар билан кифояланади, энг жасурлари чўққига чиқади. Ажойиб манзара, албатта, лекин 2000 йилдан бери бу ерда ўн етти киши ҳалок бўлган. Шундай бўлса-да, бу ҳолат саргузашт севувчиларини ҳалиям тўхтатганича йўқ.
Монблан, Франция
Монблан нафақат Франциядаги Алп тоғларининг энг баланд нуқтаси, балки Европадаги энг хавфли чўққи ҳамдир. Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили тоққа чиқишга уринадиган 30 минг кишидан юзга яқини ҳалок бўлади.

Аниқроғи, тоғ инсонлар ҳаётини жуда «нозик» ва деярли сезилмайдиган тарзда олиб кетади: вафот этганларнинг аксарияти босим ўзгариши оқибатида ҳалок бўлади, яна бир қисми тоғ сўқмоқларидан жарликка қулаб тушади, учинчи энг кенг тарқалган ўлим сабаби эса гипотермия (совқотиб қолиш)дир.
Вулқонлар, Гавайи

Бир неча йил аввал Тинч океанидаги ушбу архипелаг Килауэа вулқонининг бир қатор отилишлари туфайли одамлар диққат марказига тушди; ўшанда бир неча киши ҳалок бўлган, юзлаб одамлар эса уй-жойи ва бор-йўғидан айрилган эди. Албатта, бу ҳолат саргузаштлар ишқибозларини мутлақо қўрқитмайди.
Қайнаб турадиган кўл, Доминика
Номининг ўзиёқ ҳамма нарсани англатиб турибди. Лекин Кариб денгизи оролларидан бирида суви ҳақиқатан ҳам билқиллаб, деярли қайнаб турадиган кўл борлигига гувоҳ бўлиш имкониятини ким ҳам қўлдан бой беришни истарди?

Айтганча, кўл яқинида туришнинг мутлақо иложи йўқ: ҳаво иссиқ ва тропик иқлимга хос тарзда дим, устига-устак сувдан буғ кўтарилиб туради. Баъзилар ҳатто ҳушидан кетиб қолади, лекин барибир у ерга боришади. Қизиқ, уларни тортадиган бирор куч бормикан?
Трол тили, Норвегия

Норвегиядаги яна бир қоя “Рингедалсватн” кичик кўлидан етти юз метр баландликда жойлашган. Ғайриоддий тарзда чиқиб кетган узун тил тўхтовсиз ажойиб фотосурат қилмоқчи бўлган сайёҳларни жалб қилади.
Баъзида бу ерда саёҳатчилар ҳалок бўлишади, охирги шундай ҳодиса 2016 йилда австралиялик аёл билан содир бўлган.
Мовий туйнук, Миср
Ғаввослар учун чинакам жаннат, бироқ, зарур жиҳозлар ва малака етишмаслиги фожиа билан якунланади.

Сув остидаги бир нуқтада ғорнинг чуқур қисмида ҳалок бўлганлар номи ёзилган ёдгорлик лавҳаси бор — уларнинг аксарияти ташқарига чиқишга уринган пайтда шунчаки ҳаволари тугаб қолиб вафот этган.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.