Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

9 ойда 68400 нафар ишчи легаллаштирилди

Содиқ бобонинг ёши 60 дан ошган. Ҳар ой тенгдошлари пенсия олаётганда кўнгли бир ўксийди. Неча йиллар турли ишларни қилди. Охирги йилларда эса фермер хўжалигида сувчи бўлиб меҳнат қилди. Аммо ҳуқуқий маданияти етишмаслиги сабабли меҳнат дафтарча очтириш ҳаёлига ҳам келмабди. Тўғри ишига яраша маош олган. Аммо бу пуллар “конверт” усулида берилган холос. Мана энди пенсия ёшида пенсиясиз қолиб ўтирибди.

Бугун ҳам афсуски, бу каби юртдошларимиз учраб турибди. Баъзи “уддабурон” тадбиркорлар солиқдан қочиш мақсадида ишчиларини қонуний рўйхатдан ўтказишмайди. Натижада солиқ органларига топширилаётган ҳисоботларида ишчилар сонини камайтириб кўрсатишади. Тасаввур қилинг, улкан бинони 5-6 та қурувчи қуришини ёки 100 гектарлик фермер хўжалигини фақат раис ва ҳисобчи эплашини.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, солиқ юки даражасини камайтириш мақсадида 2019 йилдан юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга, мол-мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга, ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизга ва ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилди. Жисмоний шахсларнинг иш ҳақидан олинадиган 8 фоизли суғурта бадали бекор қилинди ҳамда 4 поғонали ставкаларда ундириб келинган ва максимал ставкаси 22,5 фоиз бўлган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бир хил 12 фоизга туширилди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ органлари, молия, банк, бандлик ва бошқа ташкилотлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан тадбиркорлик субъектлари ўртасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Солиқ қонунчилигидаги янгиликлар тушунтирилмоқда. Ишчиларга қонуний фаолият юритиш орқали келажакда пенсия олишлари ва бошқа қонуний ишлашнинг афзалликлари уқтирилмоқда.

Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи тўловчиларини тўлиқ қамраб олиш мақсадида норасмий ишлаётган ходимларни қонунийлаштириш (легаллаштириш) борасида тизимли ишлар ташкиллаштирилди. Бунинг учун вилоятимизда жорий йилда 70510 нафар ходимларни легализация қилиш топшириғи берилган эди. Жорий йилнинг 9 ойи якунларига кўра, 68400 нафар ишчи-ходим тегишли буйруқлар асосида расмийлаштирилди, 1853 якка тартибдаги тадбиркорларда ёлланма ходим рўйхатдан ўтказилди ва бюджетга қўшимча 4,7 миллиард сўм солиқ ҳисобланди.

Ишчи-ходимларининг ҳақиқий сонини ҳисоботда кўрсатмаётган соҳалар ҳам мавжуд. Жумладан, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида 5 минг 718 нафар, ишлаб чиқаришга ихтисослашган хўжалик юритувчи субъектларда 14 минг 139 нафар, қурилиш корхоналарида 6 минг 573 нафар ходим расмийлаштирилди. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа корхоналарда 41 минг 970 нафар ишчи-ходим расмийлаштирилганини қайд этиш лозим.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.