Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Лўли қиздан қарзим бор

иллюстратив фото

Биринчи ҳолат:
Иш юзасидан Қорасув массивига борадиган бўлдим. Шеригим билан эрталаб 07:30 да Ибн Сино кўчасидаги стадион ёнида учрашишга келишдик.
Мен одатимга кўра, белгиланган вақтдан бир оз олдинроқ айтилган манзилга етиб бориб, автомашинамни йўл четига тўхтатдим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ён эшик ойнаси тақиллади. Қарасам, хушбичим кийимли, соч-соқоли таралган, 50 ёшлар атрофидаги эркак. Ойнани тушириб, саломлашгач, мақсадини сўрадим:

—  Лаббай, амаки. Бирон хизмат борми?

—  Шу десанг, укам, мен Тойлоқда тураман. Шаҳардаги больницада янганг ётибди. Кўргани келгандим. Чўнтакда икки минг сўм пул қолди, – деб иккита минг сўмликни кўрсатди. - Уйга етиб олишимга 5 минг сўм етмаяпти. Бир савоб иш қил, кўчада қолмай.

Айнан шу куни ўзим билан нақд пул олмаганимни қаранг. Хижолат бўлиб, машинанинг у-бу жойини ковлаб, аранг 5 минг сўм тўпладим. Амакидан “баракатоп”ни эшитиб, хотиржам бўлдим.

Аммо не кўз билан кўрайки, ўша амаки мендан кейин тўхтаган машина ҳайдовчиларига ҳам иккита минг сўмлигини кўрсатяпти. Учта автомашина ойнасидан пул узатилганини кўрдим. Кайфиятим бузилди. Пулимга ачинмадим, одамийлик йўқолиб бораётганига куйиндим.

Иккинчи ҳолат:

Ҳамшаҳарларимиз тилида ГУМ, дея аталадиган савдо мажмуаси ёнидаги автотураргоҳга келиб тўхтадим. Машинадан тушишим билан 8-9 ёшлар чамасидаги лўли қиз кичикроқ укасини қўлидан судраганча олдимга югуриб келди. Ана, яна бошланди, дедим ичимда, унинг пул тама қилишини кутиб.

—  Амаки, балонларизни қорайтириб берайми? – дея савол берди лўли қиз кутилмаганда.

Ундан буни кутмаганлигимданми ёки “садақа қилинг”, деб суйкалишни бошлаганда жеркиб беришга тайёрланганлигим сабаблими, негалигини аниқ билмайман: “Керак эмас”, деб бақириб юборибман.

У лом-лим, демай укасини четга тортиб, менга йўл берди.

Шахдам қадамларим секин асталашди. Ўн қадамлар чамаси юргач, қилмишимдан қаттиқ уялиб, тўхтадим. Ортга бурилиб, уларни қўлим билан ўзим тарафга чорладим.

—  Балонларни қандай қорайтирмоқчисан? – дея савол берган бўлдим, қилган қўполлигим учун узр сўрашни ор билиб.

—  Артиб чиқаман, яп-янгидек бўлади, амаки.

—  Менда кутиб ўтиришга вақт йўқ. Сен балонларни артиб тур, дўконга кириб бир нарса оламанда, тез чиқаман.

—  Йўқ, уйга кетишимиз керак, кеч бўлди. Сиз пулини бериб қўйинг. Атиги 3 минг сўм бўлади. Мен ишимни қилиб кетавераман.

Бу гапдан кейин менда яна ўша ишончсизлик кайфияти уйғонди. Пулни олиб жуфтакни ростлайди, деган хаёлга бордим. “Унақа бўлса, келишолмадик”, деб дўконга қараб кетдим.

Дўконда савдо қизиди, анчагача қолиб кетибман. Ишим битиб, ташқарига чиқиб қарасам, машинамнинг балонлари яп-янгидек, ялтираб турибди. Лўли қизалоқ эса йўқ.

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, уларни қидириб ГУМнинг атрофини айланиб чиқдим. Машинага ўтиргач ҳам анча вақт калитни бурай олмадим, кутдим.

Бу воқеа уч ой олдин содир бўлган эди. Ўшандан буён ҳар гал ГУМнинг олдидан ўтганимда тўхтаб, атрофга қарайман, нигоҳим насибаси менда қолиб кетган лўли қизалоқ ва унинг укасини излайди. Куни келиб, мен уларни албатта, топаман ва нодонлигим учун узр сўрайман. Токи, одамийлик ўлмасин...

Асқар БАРОТОВ.