Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маданий меросни асраш дунё халқлари бирдамлигига боғлиқ

Самарқанд шаҳридаги Форумлар саройида 26 август куни “Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегияси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) шафелигида ташкил этилган анжуманда халқаро ташкилотлар ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, дунёнинг 77 давлатидан архитектор, олим ва халқаро экспертлар иштирок этди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг конференция қатнашчиларига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ўқиб эшиттирди.

Давлатимиз раҳбари табригида мазкур конференцияни ўтказишни қўллаб-қувватлаб, унда иштирок этгани учун ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле хонимга миннатдорлик билдирди. Маданий меросни сақлаш бутунжаҳон халқларининг саъй-ҳаракатини бирлаштириш орқали амалга оширилиши таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон заминида азалдан турли халқ, дин, маданият вакиллари ёнма-ён яшаб келгани, Буюк ипак йўлининг мамлакатимиз ҳудудидан ўтгани маданиятлараро мулоқотнинг ривожланишида муҳим ўрин тутгани алоҳида қайд этилди.photo5413863339999734475.jpgЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле хоним ҳам ўз сўзида конференциянинг юксак савияда ташкил этилгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Анжуманнинг Самарқандда ўтказилиши тарихий аҳамият касб этишини таъкидлаб, бу қадимий шаҳар нафақат Буюк ипак йўли чорраҳасидаги йирик савдо, балки маданият маркази бўлганини эътироф этди.

– Бир неча асрлик тарихга эга обидалар бу заминнинг азалдан илм-фан, маданият ривожланган маскани, бу халқ аждодларининг юксак ақл-заковат эгаси бўлганидан далолат беради, – деди Одре Азуле. – Ушбу моддий меросни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш эса барчамиздан юксак масъулият талаб этади. Чунки бу обидалар нафақат ушбу минтақа халқлари, балки инсониятнинг бойлиги ҳисобланади. Шу мақсадда ЮНЕСКО Ўзбекистон билан фаол ҳамкорликда иш олиб бориб, моддий ва номоддий меросни асраб-авайлаш борасида ўз тавсияларини бермоқда, амалий кўмак кўрсатяпти. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам замонавий шаҳарсозликда маслаҳатларимизга таянган ҳолда иш олиб бормоқда.

Ушбу анжуман Ўзбекистонда моддий ва номоддий маданий меросни асраб-авайлаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш, бу борадаги миллий амалиёт ва халқаро тажрибани ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.

photo5413705173534092116 (2).jpgАнжуман ялпи мажлисида ЮНЕСКОнинг шаҳарсозлик ва консервация бўйича илмий раҳбари, “Бецалель” санъат академияси профессори Майкл Тёрнернинг минтақа мамлакатларида собиқ иттифоқдан кейинги даврда шаҳар мероси муаммолари ҳақидаги маърузаси тингланди.

– Бугунги анжуман Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ташкилотига аъзо мамлакатлар халқлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга, – дейди МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев. – Зеро, ташкилотимиз аъзолари ўртасида тарихий-маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш бўйича келишув мавжуд. Самарқанд ўзининг узоқ йиллик ўтмиши, бир неча асрлик тарихий обидаларга бойлиги билан ҳақиқатдан ҳам ер юзининг сайқали, Шарқ гавҳари ҳисобланади. Мен Самарқандда туғилиб ўсганман ва ёшлик йилларимни эсласам, Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Шоҳизинда ёдгорлиги кўз ўнгимда гавдаланади. Шу заминда камолга етганимдан фахрланаман. Ҳар сафар Самарқандга келганимда болалигим ўтган жойлар, тарихий обидаларни кўриб, хурсанд бўламан. Бу бой тарих, маданият, шу билан бирга, туризм учун улкан иқтисодий имконият. Самарқанд қадимдан маданият, цивилизация маркази бўлган ва доим шундай бўлиб қолади. Кейинги йилларда Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганига гувоҳмиз. Биз ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз.

Тадбир шўъба мажлисларида давом этди. Унда маданий мерос ва шаҳарсозлик, бутунжаҳон меросини асрашнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари, ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда таълимда маданий меросни сақлашдаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.photo5413813423889820469.jpgХалқаро ташкилот ва хорижий давлатлар вакиллари, экспертлар томонидан жаҳон тарихий мерос марказлари яхлитлиги, мемориал-диний мажмуалар, зиёратгоҳлар меъморчилигининг ўзига хос хусусиятлари, урбанизация жараёнида тарихий обидаларни асл ҳолида сақлаш, жаҳон мероси объекти мақомининг ижобий ва салбий жиҳатларига бағишланган маърузалар тингланди.

Бу борадаги халқаро тажриба ўрганилиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

– Кейинги пайтда кўплаб тарихий шаҳарларда замонавий инфратузилма яратиш борасидаги ишларни амалга оширишда қадимий бино ва иншоотларга зарар етказиш ҳолатлари кузатилмоқда, – дейди Ёдгорликлар ва диққатга сазовор масканларни сақлаш бўйича халқаро кенгаш – ICOMOS эксперти Кристина Яманди. – Ташкилотимиз жаҳон маданий мероси рўйхатига кирган объектларни сақлаш, асраб-авайлаш учун давлатларга ўз тавсияларини бериб боради. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги моддий мерос объектларини асраш бўйича ҳам ҳамкорликда ишлаяпмиз.

Конференция якунида шўъба мажлисларида билдирилган фикр ва тавсиялар асосида таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

Анжуман доирасида қатнашчилар Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий объектлар билан яқиндан танишди, “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этади.

photo5413863339999734477.jpg

Ғолиб ҲАСАНОВ, Оқил ҒУЛОМОВ, Алишер ИСРОИЛОВ (суратлари).