Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Маданият вазирлиги ва Кинематография агентлиги бирор бир таклиф бермади”: Сенат раиси халқаро рейтинглардаги ўрни тушиб кетган соҳаларни танқид қилди

Бугун, 14 апрель куни Сенатда бўлиб ўтган Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрни муҳокама этилди.

Қайт этилишича, 2021 йилда эълон қилинган мамлакатимиз учун устувор бўлган жами 19 та халқаро рейтингда Ўзбекистоннинг ўрни акс этиб, 11 тасида мамлакатимиз ўз позициясини яхшилади.

Сенат раиси Т.Норбоева халқаро рейтинглардаги кўрсаткичлар тушиб кетган йўналишларни танқид остига олди:

“Кинематография агентлиги томонидан халқаро кинобозорлар рўйхатини шакллантириш ҳамда уларда иштирок этиш чоралари кўрилмади.

Глобал инновациялар индексининг “Кўнгилочар ва медиа маҳсулотлари бозори” индикаторида мамлакатимизнинг ўрни икки йилдан бери акс этмаяпти.

Қизиғи шундаки, Ўзбекистоннинг ўрнини ушбу индикаторда акс эттириш бўйича Кенгашнинг 2022 йил иш режасига Маданият вазирлиги ва Кинематография агентлиги бирор бир таклиф бермади.

Нафақат бу индикатор балки бошқа индикаторлар бўйича ҳам иккала идора иш режага бирорта ҳам таклиф бермаган.

Ваҳоланки, индекснинг “Маданий ва ижодий хизматлар экспорти” индикаторида 2021 йилда Ўзбекистоннинг ўрни 2020 йилга нисбатан 62 позицияга пасайган”, деди Сенат раиси.

Таъкидланишича, шу билан бир қаторда маълум соҳаларда Ўзбекистон рейтингги юқорилаган.

Хусусан, Суверен кредит рейтингларида ижобий тенденциялар кузатилиб, «S&P» халқаро рейтинг агентлиги мамлакатимиз кредит рейтингини “салбий”дан “барқарор”га, Moody’s агентлиги эса “барқарор”дан “ижобий”га ўзгартирди.

Глобал инновациялар индексида Ўзбекистон 2021 йилда 7 поғонага кўтарилиб, 132 та давлат орасида 86-ўринни эгаллади ва энг тез юқорилаган мамлакатлар топ 10 талигига кирди.