Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Магистрал сув қувурини таъмирлаб, Самарқанд шаҳрига ичимлик суви етказиш учун зарур кучлар сафарбар этилган

Хабар қилганимиздек, Самарқанд шаҳрига кириш жойи – М-39 йўлининг собиқ “Чўпон ота” йўл патруль хизмати олдида содир бўлган 1200 миллиметрли магистраль сув қувурининг ёрилиши шаҳар аҳолиси, корхона-ташкилотларнинг аксарият қисмининг ичимлик сувисиз қолишига сабаб бўлди.

Мана, бир ярим кундирки, ушбу жиддий носозликни бартараф этиш, магистрал қувурни таъмирлашга вилоятнинг бир неча корхона-ташкилоти махсус техника ва ишчи-мутахассислари жалб этилган.

 

«Самарқанд сув таъминот» МЧЖ масъулларининг таъкидлашича, кеча қувурнинг носоз қисми аниқланган. Бундан 50-55 йиллар аввал тортилган ушбу қувур яроқлилик муддатини ўтаб бўлган. Шу боис қувурда ёриқлар пайдо бўлган ва сув сизиб чиққан. Уни таъмирлаш эса тешилган қувурни ямашдан кўра машаққатли иш. Шунингдек, қувурнинг ёрилган қисми ковлаб очилган жойдан 8-10 метр ичкарида. Бу эса ишчи-ходимларга қийинчилик туғдирмоқда.

Бу ерга электр энергияси келтириб бўлмаслиги боис ишчилар “движок” билан ишлаяпти. Бу ҳолат ҳам таъмирлаш муддатининг чўзилишига сабаб бўляпти. Бироқ аҳоли хонадонларида сув бўлмаса қийинчилик, ҳатто санитария-эпидемиологик ҳолат ёмонлашиши мумкинлигини тушунган мутасаддилар бу ерга зарур кучни сафарбар этган. Носозлик имкон қадар қисқа муддатда бартараф этилади.

Дарвоқе, ушбу авария автомобиллар ҳаракати учун ҳам ноқулайлик туғдирган. Тошкентдан келаётган автоуловлар захира йўлдан, Термиздан келаётган машиналар эса ҳалқа йўлнинг қарама-қарши томонидан ҳаракат қилишга мажбур бўлмоқда.