Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Магнит бўронлари кузатилмоқда, ундан қандай ҳимояланиш керак? 

Шу кунларда юртимизда аномал иссиқ ҳарорат ҳукм сурмоқда. Бунинг устига, қуёшда кучли чақнаш юз бериб, магнит бўронлари кузатиляпти.

Хусусан, АҚШнинг Миллий Аэронавтика ва Фазо маъмурияти (NASA) берган маълумотга кўра, чақнаш натижасида Ер сайёрасига жуда кўп миқдордаги қуёш зарралари тушиб, улар магнитосфера билан тўқнашгач, G2 ёки G3 синфидаги геомагнит бўронини келтириб чиқаради.

Қуёш зарралари сайёрамизга бугун ,19 июль куни етиб келиши ва геомагнит ҳодисаси 20 ва 21 июлда ҳам давом этиши прогноз қилинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош неврологи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ёқутхон Мажидова бундай вазиятда қандай йўл тутиш лозимлиги тўғрисида тавсия берди:

- Магнит бўронидан айниқса, артериал гипертония хасталигига чалинган беморлар кўпроқ азият чекади, — дейди мутахассис. — Яъни, қон босимининг ошиб ёки пасайиб кетиши улар саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин.

Бу ҳолат организмда ташқи стрессларга чидамлиликни таъминлайдиган мелатонин моддаси ишлаб чиқарилишининг камайиши билан изоҳланади.

Қолаверса, магнит бўрони бронхиал астма билан оғриган одамлар саломатлигида ҳам муаммоларни келтириб чиқариши кузатилган.

Шундай экан, бундай вазиятда, аввало, овқатланиш рационига алоҳида эътибор қаратиш ва кўпроқ суюқлик ичиш лозим.

Ҳўл мевалар, қолаверса, майиз ва туршак каби калийга бой маҳсулотлар, таркибида C витамини кўп бўлган неъматлардан истеъмол қилиш зарур. Бу аномал иссиқ ҳарорат учун ҳам мос тавсиядир.

Магнит бўрони кузатиладиган кунларда спиртли ичимликлардан бутунлай воз кечиш ҳамда ёғли, аччиқ, шўр таомлар истеъмол қилмаслик тавсия этилади. Чунки туз қон босими ошишига сабаб бўлади.

Тинчлантирувчи хусусиятга эга чойлардан ичиш ҳам мақсадга мувофиқ. Ўз навбатида, мутахассислар ортиқча зўриқтирувчи ишлар ва машғулотлар билан вақтинча шуғулланмасликни маслаҳат беради.

Сурункали касалликларга чалинганлар эса ўзлари билан шифокорлар томонидан буюрилган дори-дармонларни олиб юришлари ҳамда қон босимини тез-тез назорат қилиб туришлари лозим.

Кун давомида бир неча марта душ қабул қилиш ҳам катта фойда беради.