Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маҳалла ходимларига устамалар нега тўланмаяпти?

Жорий йилнинг 15 октябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон фармони ижроси таъминланмоқдами? Ёхуд маҳалла ходимларига устамалар нега тўланмаяпти?” номли хабарга асосан Самарқанд вилояти адлия бошқармаси томонидан қуйидагилар маълум қилинади.

Шу йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида вилоят адлия бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан вилоятдаги мавжуд 16 та туман (шаҳар)ларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5938-сон фармони ижроси юзасидан мониторинг ўтказилган.

Мониторинг натижасида туман (шаҳар)лардаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг лавозим маошига 30 фоиз қўшимча махсус устамалар - жами 4 миллиард 71 миллион сўмга яқин пул маблағлари тўлаб берилмаганлиги аниқланиб, ушбу маблағларни ундириш мақсадида 15 та тақдимномалар ва судларга 65 та аризалар киритилган.

Тақдимномаларга асосан, Ургут тумани ҳокимлиги томонидан 600 070 949 сўм, Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги томонидан 94 703 439 сўм ва Нуробод тумани ҳокимлиги томонидан 31 200 000 сўм фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг лавозим маошига 30 фоиз қўшимча махсус устама пуллари тўлаб берилган. Шунингдек, Каттақўрғон туман адлия бўлими томонидан ФИБ Каттақўрғон туманлараро судига киритилган 65 та 73 239 348 сўмлик аризалар қаноатлантирилиб, суднинг 2021 йил 19 августдаги буйруқларига асосан 73 239 348 сўм фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг лавозим маошига 30 фоиз қўшимча махсус устамалар ундириш белгиланган.

Самарқанд шаҳар, Паст Дарғом, Пахтачи, Иштихон, Нарпай, Оқдарё, Булунғур, Самарқанд, Қўшработ, Тойлоқ ва Пайариқ туманлари ҳокимликлари томонидан махсус устамаларни тўлаб бериш учун маблағ ажратиш масаласини халқ депутатлари Кенгашларида кўриб чиқилиши тўғрисида маълумотлар берилган. 

Шу билан бирга, вилоят адлия бошқармаси ижтимоий тармоқ фаоллари, фуқаролар, шунингдек, блогерлардан адлия органлари фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган хабарларни ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштиришдан олдин тегишли ҳужжатлар ва маълумотларни адлия органларидан ҳеч қандай истисносиз олишлари мумкинлиги маълум қилинади.