Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Маҳаллада дув-дув гап 2” бадиий фильми томошабинларга тақдим қилинди

Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номли киносаройда “Маҳаллада дув-дув гап 2” бадиий фильмининг тақдимоти ўтказилди.

Премьерадан аввал оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда мазкур фильмни бугунги замонга мос талқинда суратга олган таниқли режиссёр Шуҳрат Аббосов хотираси ёдга олинди. Фильм ижодкорлари тасвирга олиш жараёнлари билан боғлиқ воқеаларни эслашди.

“Маҳаллада дув-дув гап 2” бадиий фильми ижодий гуруҳи томошабинларга таништирилди, фильм томошабинларга тақдим этилди.

Ўзбек кино санъати арбоби Ш.Аббосовнинг сўнгги фильмини саҳналаштириш ташаббусини “Dono productions” киностудияси кўрсатганди. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буни қўллаб-қувватлади. Фильм сценарийсини Шоира Ғиёсова ёзган. Фильмдаги бош қаҳрамон ролини Дилбар Икромова, уч ўғилни ёш актёрлар Эркин Бозоров, Суръат Исломов, Аббос Ибрагимовлар гавдалантирган. Актёрлар жамоаси таркибида Гулчеҳра Жамилова, Муқаддас Ҳолиқова, Муяссар Бердиқулова, Мадина Мухторова, Валижон Шамсиев, Дилшодбек Каттабеков, Моҳира Нурматова, Шодия Тўхтаева, Ширин Исмоилова, Лазиза Нозимхонова, Зебинисо Ҳолиқова, Кумуш Ўктамова каби ўнлаб халқимиз суйган ижодкорлар бор.

Барно ЎНГБОЕВА,

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги матбуот котиби.