Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маҳкумликдан қайтган тойлоқлик аёл қисмати: "Жиноят оламидаги турли тоифадаги инсонлар билан бирга яшаш осон кечмади..."

Уларнинг бири самолётдан тушиши билан заминга пешонасини теккизди, яна бирининг кўзларидан ёш чиқди. Улар самолётдан тушган оддий йўловчилар эмас. Уруш ўчоғидан алданиб, адашиб тушиб қолган ҳаётнинг бор зарбаларини кўриб, қийноқ дунёсидан келаётир улар. У ерда кундалик турмуш ташвишлари билан ўралашиб юриш онларини соғинган оналар, шўхликлари беғубор бўлган онларини бахтиёр ўташни истаётган болалар бор. Улар қайтди. Орзу қилиш қийин бўлган ҳодиса амалга ошди - улар Ватанига қайтди. 156 нафар аёллар ва болаларнинг Суриядан Ўзбекистонга қайтарилиши нафақат қайтаётганлар, балки кенг жамоатчилик учун ҳам кутилмаган воқеа бўлди. Кимнингдир кўнглида умид, бошқа бировнинг кўнглида ҳадик пайдо бўлди, ҳатто.

"Барча мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойида фуқароларимизни қутқариш бўйича муваффақиятли амалга оширилган гуманитар миссия Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, махсус хизматлари ва бошқа идораларнинг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари самарасидир. Турли сабабларга кўра бегона юртларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларимизга уларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясида эканликларини, давлат уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни қўллашини маълум қилишни муҳим, деб ҳисоблаймиз". Бу воқеа ҳақида шундай хабар берилди оммавий ахборот  воситаларида.

Инсонпарварлик, кечиримлилик, бағрикенглик… Бу сўзларни яна узоқ давом эттириш мумкин. Мен бу оналар, болалар қандай шароитда яшаганидан хабарим йўқ, уларнинг бошидан нималар ўтганини билмайман. Аммо уларнинг уруш ўчоғидан келаётганининг ўзи кўп маънони беради. Уни бўрттириб тасвирлаш ниятидан йироқман. Фақат яқинда диний экстремизм оқимига қўшилиб қолган, дея судланиб, олти йил давомида жазони ижро этиш муассасаларида бўлиб қайтган аёл билан суҳбатлашганимдаги фикрлар ёдимга келди. Аёл афв этилганлар сафида ўз уйига қайтган кундалик ҳаёт тарзини давом эттираётган эди, кўзлари порлаб турибди, тилида шукрона.

- Маҳкумликдаги йиллар давомида фарзандимнинг сўзлари, унинг мени интиқ кутгани далда бўлиб турди, менга, - дейди Тойлоқ туманидан Шаҳноза. - Ўша ёқдаги (жазони ижро этиш муассасаси) илк ойлар эди, ўғлим билан кўришишга рухсат беришди. Ўшанда у ҳали гўдаккина, бор-йўғи ўн ёшда эди. "Ойижон, дунёдаги энг чиройли она сизсиз!", Бу сўзлар менга куч берди, у ердаги ҳаётимга мазмун бағишлади.

- Куч берди, деяпсиз. Демак, у ердаги ҳаёт сиздан жуда кучли бўлишни тақозо қилган

- Албатта. Яқинларингдан узоқда, умуман, озодликдан маҳрумликда яшаш инсонни кўп нарсадан мосуво қилади. Қолаверса, жиноят оламидаги турли тоифадаги инсонлар билан бирга яшаш, бунга кўникиш осон кечмайди, кишидан мустаҳкам ирода, куч талаб этади.

- Аёл киши учун икки карра оғирроқ бўлса керак.

- Ҳа, шундай. Айниқса, уйингда ака-опаларинг сенга ишониб юрган ота-онанг бўлса, уёқ нақ жаҳаннамга айланади. Қамалганимнинг биринчи йиллари жуда оғир кечганди. Ака, опаларимнинг ҳаётига ҳам таъсир қилганди бу ҳатто. Фотиҳа қилиниб, тўйи бўлиши керак бўлган қариндош қизлардан куёвлар юз буриб кетди, яқинларим билан муомала қилишда қўни-қўшнилар эҳтиёт бўлиб қолишди. Акаларимнинг юзи шувут бўлди мен учун. Бундан оғири бўлмаса керак.

- Фикрингизни ифодалашингизга қараганда қайсидир соҳада ишлаганга ўхшайсиз? Қандай қилиб?..

- Ҳа, олий маълумотли мутахассис бўлганман. Аввал турмуш ўртоғим жазога тортилди, кейин мен…

- У ёқда ўзингизни асраб қолишингиз учун қандай йўл тутдингиз?

- Биласизми, инсон ҳар қандай шароитда ўзлигини асраб қолиш мумкин. Дунёқараши, фикрлаш доирасига қараб одамлар ўз-ўзидан ажралиб қолаверади. У ерда жуда яхши муносабат, парваришга гувоҳ бўлдик. Ҳамма шароитлар бор, эътибор ҳам ёмонмас, ҳатто байрамларда совғалар тарқатиларди. Лекин буларнинг бирортаси кўзимизга кўринмасди. Уй соғинчи, яқинларингнинг дийдорини қўмсаш… Маҳкумлик инсонни бошқа бир кишига айлантириб қўяркан. Энг қиммат совғалару, эътибор ҳам кўзингга кўринмас экан бундай пайтлари. Фақат яқинлар билан учрашув эълон қилингандагина маҳкумаларнинг кўзларида қувонч порларди.

- Озодликка чиққанингизда ўғлингиз кап-катта йигит бўлиб қолгандир

- Ҳа, шукур, акам билан янгам унга ўз ўғлидай меҳр бериб тарбиялашибди. Яқинларимдан бир умр миннатдорман. Улар энг қийин аҳволимда мендан юз ўгиришмади, аксинча, далда бўлишди. Президентимизнинг афв этиш ҳақидаги фармонларини биз катта қувонч билан қарши олдик. Бу кунни қанчалик орзиқиб кутганимизни ўзимиз ва Аллоҳ билади.

- Қайтганингиздан сўнг жамоатчиликнинг муносабати қандай бўлди?

- Тўғриси кутмагандим, аммо келишим билан ҳолимдан хабар олишди, пул маблағлари беришди, муаммолар ҳақида сўрашди. Озодликдамизку, қўл-оёғимиз бут, муаммоларни ҳал қилиб олаверамиз. Турмуш ўртоғим қайтиб келгач, ҳаётимизни давом эттириб, ўғлимизни яхши тарбия қилса, бундан олий бахт йўқ.


Мамлакатнинг ўзида, яқинларини ҳар замон кўриб турса-да, уларнинг дийдоридан улуғроқ неъмат йўқ деб айтаётган аёл билан Суриядан қайтган аёлларни беихтиёр қиёсладим. Уларнинг мунгини, дардини ҳис қилгандай бўлдим. Самолётдан тушибоқ, она заминни тавоф қилаётган аёлнинг ҳолати айрилиқнинг, соғинчнинг ифодаси деб ўйладим.

Гулруҳ МЎМИНОВА.