Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мактабгача таълим вазирлиги Қўшработдаги боғчада содир бўлган воқеа бўйича муносабат билдирди

Айтилишча, муассасада болалар кўз ўнгида жанжаллашиб бир-бирига жароҳат етказган ходимлар билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

“Ижтимоий тармоқларда Қўшработ туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 16-сон ДМТТда 2022 йил 1-июнь куни мудира в.в.б. Ч.А. ва ҳамшира вазифасида ишловчи Э.Г.лар ўзаро келишмовчилик натижасида жанжаллашиб, Ч.А. жанжал давомида Э.Г.нинг бош қисмига кофе идиши (бокал) билан уриб тан жароҳати етказгани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда.

СТЭБнинг хулосасига кўра, Э.Г.нинг таънасида яъни, бошнинг чап чакка соҳасида эзилиб йиртилган яра жароҳатлари аниқланган. Хулосада ушбу жароҳат ўтмас қаттиқ жисмларнинг бир маротаба зарб таъсиридаги механизмидан етказилганлиги, одатда кечувида соғликни қисқа, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга бузилишига олиб келиши, шунинг учун оғирлик даражасига кўра «енгил соғликни бузилишига сабаб бўлган тан жароҳатлари» гуруҳига кириш қайд этилган.

Ҳолат юзасидан 2 июнь куни Қўшработ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов натижалари бўйича қўшимча равишта расмий муносабат билдирилади.

Шунингдек, алоҳида қайд этиш жоизки, Мактабгача таълим вазирлиги бу каби ходимларнинг иш фаолиятини оқламайди. Хусусан, ҳолат сабаб мазкур МТТда фаолият юритаётган вақтинчалик раҳбарлик лавозими юклатилган методист Ч.А., ва ҳамшира вазифасида ишловчи Э.Г.лар билан меҳнат шартномалари бекор қилинди.

Ҳурматли соҳанинг фидоий ходимлари! Сизлар Юртимизнинг фарзандларига таълим ва тарбия бермоқдасиз. Юқорида таъриф берилган ҳолатлар такрорланмаслиги ва бундай ҳолатларни юзага келтиришдан олдин, Сиз мактабгача таълим соҳа ходими ҳамда болалар билан ишлайдиган намуна бўлувчи инсон эканлигингизни унутманг”, дейилади вазирлик муносабатида.