Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мактабни тугатиб, диктантни «тўрт»га ёза олмаган ўқувчининг ҳолига ўқитувчи айбдор

Университетни тугатиб, энди мактабга ишга кирган ўқитувчига бирдан тўполончи, ҳатто исм-фамилиясини ёзишда ҳам хато қиладиган, бир сатр шеърни ёддан билмайдиган болалар кўп бўлган синф раҳбарлигини топшириб қўйишди. Бошланғич синфни тугатиб, юқори синфга кўчган бу болалар билан ишлаш ёш ўқитувчига ўзгача масъулият юклади. Биринчи навбатда ўша, тўполончи ўқувчиларга эътиборини қаратди: ҳар бир дарсда уларни турли интерфаол машғулотларнинг лидери қилиб қўядиган, дарсдан сўнг қолдириб улар билан жиддий шуғулланадиган бўлди. Натижа кўпчилик кутмаган тарзда бўлиб чиқди, йил охирида байрам ўтказилиб, синфдаги ҳар бир бола ғазал, шеър ўқиди, зукколигини намойиш этди. Ота-оналар ҳам, бошқа устозлар ҳам ёш ўқитувчининг маҳоратига тан берди.

- Болалигимда мактаб-мактаб ўйинида доим ўқитувчи ролини бажарганман, ҳечам ўқувчи ролида бўлишни истамасдим, - дейди Иштихон туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби (ИДУМ) ўқитувчиси Феруза Тоғаева. – Болаларга топшириқ бериш, унинг ижросини, жим ўтиришини, уларга буйруқ бериш орқали талаб қилиш - ўйиндаги устознинг вазифалари шундан иборат эди. Агар яхшироқ эътибор қаратадиган бўлсак, ўйинимиздаги бу услуб ўша пайтлар нафақат устозларнинг, балки оиладаги тарбиянинг ҳам асосий мезони эди. Ушбу услуб наф берарди, болалар ҳам каттанинг ҳар бир гапини икки қилмасликка интиларди. Ўзимизнинг оилада ҳам отам, тажрибали ўқитувчи, менинг устозим бизга шундай тарбия берган. Биз фарзандларнинг ҳар биримизнинг дарсларимизни текшириш учун кунига камида икки соат вақтини сарфларди. Карра жадвалини вақтида ёд олмаганим учун кечаси иккигача уни ёдлашга мажбур қилганлари ҳамон ёдимда. Бундай қатъий тартиб, интизом менинг бугунги фаолиятимга ижобий таъсир ўтказган, деб ўйлайман.

- Бугунчи, сиз ҳам фаолиятингизни шу услубда олиб боришнинг имкони бўлаяптими?

- Албатта, йўқ. Ахборот асридаги болалар билан ишлашда афсуски, юқоридан туриб буйруқ бериб ва бунинг ижросини кутиш орқали натижа ололмайсиз. Лекин менга дарс берган устозлар орасида ҳам ўқувчиларнинг қобилиятига қараб, турли ўйинлар орқали дарс берганлари бор. Ўз касбини яхши кўрган, билимини ёшларга ўргатмоқчи бўлган устозлар бунинг усулини топишади, қайси давр, қайси ҳудудда бўлишидан қатъи назар.

- Тарбияни ҳам бевосита ўқитувчини зиммасига юклаш ҳақида кўп гапирилади, бу ҳақда нима дейсиз?

- Кейинги пайтларда оила муҳити билан таълим ўртасидаги алоқа узилаётгани жуда ачинарли. Бу масалани доим кузатиб, таҳлил қилиб бораман: ота-оналар боласи билан шуғулланишга бир кунда ҳатто ярим соат вақт ажратмаяпти. Ўқитувчининг меҳнати ҳақида оилада гапирилмайди, ота-оналар фарзандининг устози ким эканлигидан бехабар ҳатто. Ўқитувчи яхши билим берганининг ўзи тарбия деб ўйлайман. У билимини шундай етказсинки, ўқувчилар билан шундай ишласинки, ўқувчилар ўша дарсдан нимадир олсин. Тарбия ҳақидаги баъзи ваъзлардан кўра бу фойдали деб ўйлайман.

-  Самарқанд умумтаълим мактаблари таълим сифати бўйича мамлакат рейтингида қуйи поғоналарни эгаллагани сизда қандай фикрларни уйғотди?

- Бу ҳолат кўпчилигимизга ойдин бўлиб қолган жараён эди. Ўқитувчиларнинг  билим даражаси қанчалик пасайиб кетганини кўриб, кузатиб юрибмиз. Аввалги йилларда тест тизимидаги баъзи адолатсизликлар, ўша талабаларнинг бир амаллаб институтни тугатиб, бугун иш жараёнини бошлагани ўз натижасини беряпти.  Айтиш керакки, уларнинг савияси, билим даражасини ошириш учун яхши ташаббуслар бор. Дейлик ойнинг маълум бир куни фан ўқитувчилари учун семинар тарздаги машғулотлар ўтилади. Туманимизда бу дарслар доимий равишда олиб борилаётир, яхши натижалари ҳам бор. Аммо ҳамма фан бўйича бу машғулотлар тўлиқ ўтилмаслиги, шунчаки келдими, келди тартибида ўтилаётгани ҳам афсуски ҳақиқат.

- Сиз республика миқёсидаги жуда кўп танловларда фахрли ўринларни эгаллагансиз. Масалан, яқин йилларда «Энг намунали дарс ишланмаси», «Ўз касбининг моҳир эгаси» танловининг республика босқичларида биринчи ўринни эгаллагансиз. Шогирдларингиз орасида ҳам Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, турли танловларда юқори ўринларни эгаллаганлар кўпчиликни ташкил қилади. Бу ютуқларнинг ҳаммаси касбингизга муҳаббат туфайлими ёки меҳнат қилган одам албатта натижага эришади, деган аксиомами?

- Туманимизда Алишер Навоийнинг юзлаб ғазалларини шарҳи билан ёддан биладиган, солиқ, баъзи қонуний ҳужжатларни чалкашмай айтиб бера оладиган ўқувчилар йилдан-йилга кўпаймоқда. Бу албатта шу йўналиш бўйича ўтказилаётган танловларнинг таъсирида. Ўқувчидаги йилт этган учқун борки, у тақдирланаяпти. Бунинг ижобий жиҳатлари кўп. Йигирма йилдан бери ўқувчиларга она тили ва адабиёти фанидан дарс бераман, юзлаб ўқувчиларим устозлик касбини танлаган, йигирмадан кўпроғи айнан шу фан ўқитувчиси сифатида ишлаётгани мен учун жуда қувонарлидир. Юқорида таъкидлаганимдай, отамнинг тарбияси мен учун бир умр дастураламал бўлди, десам, адашмайман. Нафақат ҳар бир соатим, балки ҳар бир дақиқам ҳам режали. Навбатда турган пайтим ҳам бекор кетмайди, китоб мутолаа қиламан.

- Юқорида 9-синфни тугатаётган бола диктантни кўп хато билан ёзар экан, бунга албатта ўқитувчи айбдор, дедингиз. Сизнинг ўқувчиларингиз юз фоиз бу масалада яхши натижага эгами? Агар шундай бўлса, бунинг сири нимада?

- Оддий ариза ёзишда ўнлаб хато қилган олий таълим муассасаси битирувчилари ҳақида эшитдик. Лекин мен нафақат олий, балки умумтаълим мактабини шундай хато ёзиб тугатаётган ўқувчиларнинг бу ҳолига ўқитувчилар айбдор, деб ҳисоблайман. Энг қолоқ ўқувчининг ҳам саводини яхшилаш ўқувчига боғлиқ, фақат у кўпроқ заҳмат чекиши керак. Шундай ўқувчиларим бор, уларни тўрт баҳо билан мактабни тугатишига эришган ҳолатларим бўлган.  Энг оддий усули, уларга албатта 98 варақли дафтар туттириб, тилга оид барча қоидаларни, шеърларни кўчиртираман. Дарсдан кейин албатта улар билан шуғулланаман. Ҳар бир синфда тўрт-бешта аълочи, лидер ўқувчилар бўлади, улардан фодаланаман, қолоқ ўқувчиларга бириктириб қўйиб, шу билан ҳам уларнинг етакчилик қобилиятини ривожлантирамиз, қолоқ ўқувчининг яхшироқ босқичга кўтарилишига ёрдам берамиз. 

- Бугунги таълим тизимини яхшилаш учун фаол, изланувчан, 20 йиллик ўқитувчи сифатида нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

- Бугун исталган ижро органи келиб мактабни текшираяпти, ўқитувчининг дарсига соатлаб халақит беряпти. Бунга чек қўйиш керак, назаримда. Ҳужжатбозликни камайтираяпмиз, деяпмиз, аксинча, ҳужжатбозлик шунчалик кўпки, ўқитувчи ўз дарсига тайёргарлик кўришга вақт тополмаяпти ҳозир. Гарчи бу ўқитувчилар фаолияти билан боғлиқ бўлмаса-да, бир ҳолат оғриқли масала бўлиб келмоқда. Бугун ўзини таниган, дунёқарашга эга, у бу ташкилотда фаолият кўрсатаётган кишилар ўз фарзанди билан 15 дақиқа шуғулланишга вақт тополмаяпти. Туну кун жамият иши билан шуғулланиш орқали, эҳтимол, яхши мақсадлар кўзлангандир, аммо келажак учун бу яна бир муаммоли ҳолат деб ўйлайман. Чунки ҳар бир ота-она фарзанди билан шуғулланмас, унга етарлича вақт ажратмас экан, келгусида бу яхши натижа бермаслиги аниқ. Чека-чекка ҳудудлардаги болаларни тўгаракларга жалб қилиш, уларнинг даражасини кўтариш лозим. Тўғри, Ёшлар иттифоқи, «Баркамол авлод» марказлари иш режасида чекка қишлоқ мактаблари билан тизимли ишлаш, ўша ерда тўгараклар ташкил этиш орқали ўқувчиларни қизиқтириш белгиланган. Аммо ҳозирча бу режалар тўлақонли ишламаяпти.

Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.