Мақолада билдирилган танқидий ҳолатлар юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди

Яқинда “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниши мамлакатимиз спорт соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди. Қонун билан жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги муносабатлар тартибга солиниб, соҳани бошқариш, спортчиларни қўллаб-қувватлаш, спорт таълими, инфратузилма ва оммавий спортни ривожлантириш масалалари мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлди.

Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида эса жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янада ривожлантириш, нуфузли мусобақаларга селекция ва тайёргарлик тизимини такомиллаштириш, ихтисослаштирилган спорт мактаблари, спорт федерациялари фаолиятини кучайтириш юзасидан қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. Йиғилишда айрим ихтисослаштирилган спорт мактабларининг натижалари оддий спорт мактабларидан кескин фарқ қилмаётгани, федерациялар фаолиятидаги камчиликлар танқидий таҳлил қилинди. Шу асосда соҳада масъулиятни янада ошириш бўйича ҳар бир ташкилот ва мутасадди раҳбар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

Zarnews.uz сайтида ёритилган “Спорт соҳасидаги муаммолар: натижалар қониқарсиз, терма жамоага спортчилар етказиб берилмаяпти, федерацияларга ҳомийлар бириктирилмаган” сарлавҳали мақолада ушбу топшириқ ва вазифалардан келиб чиқиб, вилоятимиз спорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинган.

Мақолада соҳа инфратузилмаси, спортчиларнинг тайёргарлиги, моддий-техник база, федерациялар фаолияти ва юқори натижаларга эришиш истиқболлари ҳақида қатор ўринли фикр ва мулоҳазалар билдирилган. Унда кўтарилган масалалар вилоят спорт бошқармаси ҳамда мутасадди ташкилотлар томонидан атрофлича ўрганилиб, ҳар бир танқидий ҳолат юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Албатта, мақолада соҳадаги муаммоларни очиқ муҳокама қилиш, бунда жамоатчилик назоратини кучайтириш, амалга оширилаётган ишлар юзасидан халқимиз олдида ҳисобдорликни таъминлаш масалалари кўтарилган.
Айни пайтда вилоятда 4 та ихтисослаштирилган ва 23 та спорт мактаблари фаолият юритмоқда. Ушбу муассасаларда минглаб ёшлар спортнинг турли йўналишлари бўйича шуғулланмоқда. Айниқса, иқтидорли ва истиқболли спортчиларни саралаб олиш, уларни юқори босқичга тайёрлаш, миллий терма жамоалар учун муносиб захира яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз томонидан белгиланган вазифаларни амалга ошириш, ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини янада жонлантириш олдимизда турган муҳим вазифадир.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 23 декабрдаги “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Самарқанд шаҳрида замонавий гимнастика маркази барпо этилмоқда. Айни пайтда марказнинг асосий гимнастика зали, кийиниш ва ювиниш хоналарини қуриш ишлари якунланди. 160 ўринли ётоқхона ва ошхона биноларини замонавий мебель ва жиҳозлар билан таъминлаш, қурилиш ишларини тўлиқ якунлаш бўйича қўшимча маблағ ажратилиши белгиланган. Марказ нафақат вилоятимиз, балки республика миқёсида иқтидорли гимнастикачиларни тайёрлашга хизмат қиладиган муҳим спорт иншоотига айланиши кутилмоқда.

Ҳозирги кунда 15 та спорт муассасасида бадминтон гуруҳлари фаолият кўрсатиб, 16 нафар тренер-мураббий қўл остида 414 нафар ёш шуғулланмоқда. 2024 йил вилоятимиз вакили Дамир Ҳайитов ушбу спорт тури бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида иккинчи ўринни қўлга киритди. 2025 йилда “Беш ташаббус паралимпиадаси”нинг республика босқичида Муниса Каримова фахрли иккинчи ўрин соҳиби бўлди. Ўтган йил Самарқанд туманидаги 1-спорт мактабида “Пара бадминтон” гуруҳи ташкил этилди. Ҳозирда Тошкент шаҳрида ўтказилаётган мамлакат чемпионатида вилоятимиздан 8 нафар пара спортчи иштирок этмоқда. Самарқанд шаҳридаги “Бадминтон маркази”да 6 та халқаро талабларга жавоб берадиган корт-майдон мавжуд бўлиб, унда спортчилар учун барча зарур шароитлар яратилган. Келгусида мазкур спорт турини янада оммалаштириш, иқтидорли спортчилар сонини кўпайтириш ва спорт базаларини замонавий инвентарьлар билан таъминлаш ишлари давом эттирилади.

Регби ўйини оммалаштириш бўйича ҳам вилоятда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Регби спортини оммалаштириш учун 3 та база бириктирилган. Регби федерацияси вилоят бўлими 2015 йилда ташкил этилган бўлса-да, албатта, ҳар қандай спорт турида юқори натижага эришиш учун бу қисқа муддат ҳисобланади. Шунга қарамай, вилоятимиз регбичилари маҳаллий ва халқаро мусобақаларда 13 та бронза медалини қўлга киритди. Ушбу спорт турини янада ривожлантириш мақсадида федерация базаларини зарур спорт жиҳозлари, ҳимоя воситалари, регби тўплари ва махсус кийимлар билан таъминлаш бўйича манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

“Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши томонидан ўқ отиш спорт турини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Машғулот базаларининг асосий қисми ушбу ташкилот ҳудудий бўлимлари тасарруфида бўлиб, спортчилар учун муносиб шароит яратиш, замонавий жиҳозлар билан таъминлаш ва мураббийлар малакасини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2024 йилда Бухоро шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида спортчиларимиз умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритгани соҳада амалга оширилган тизимли ишлар самарасидир.

Президентимизнинг 2024 йил 8 ноябрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, Ўзбекистон адаптив спорт турлари ассоциацияси ташкил этилди. Бугун мазкур ассоциациянинг Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими фаолият юритмоқда. Бу йўналишда адаптив спортни ривожлантириш, ногиронлиги бўлган шахсларни спортга кенг жалб этиш, улар учун мусобақалар ва спорт тадбирларини ташкил қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Спортни ривожлантириш узлуксиз ва масъулиятли жараён. Спорт инфратузилмасини яхшилаш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, юқори натижаларга эришиш ва аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш борасидаги ишларимиз бундан кейин ҳам изчил давом этади. Жараёнда оммавий ахборот воситалари, журналистлар ва жамоатчиликнинг холис фикри, таклифлари биз учун муҳим аҳамият касб этади.

Вилоят спорт бошқармаси.