Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мақоладан сўнг: Новчандирда 10 дона темир устун ўрнатилмоқда, қолган симёғочлар йил охиригача алмаштирилади

“Zarnews.uz” сайтида шу йил 19-май куни “Новчандирнинг муаммоларига қачон ечим топилади?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. 

Унда Пастдарғом тумани, Новчандир маҳалласидаги ички йўллар, ичимлик суви, маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси йўқлиги ва электр энергияси таъминотидаги муаммолар ҳақида сўз юритилган. 

“Самарқанд ҲЭТК” АЖ ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Унга кўра, айни вақтда муаммо ечими учун ишлар бошланган.

“Туманнинг Новчандир маҳалласидаги хонадонларга 2015-трансформатор пункти орқали электр энергияси таъминоти етказиб берилади. 

Ҳақиқатан ҳам мазкур трансформатор пунктида хонадонлар сони ортиши ҳисобига юкламалар кузатилмоқда. Электр узатиш тармоғидаги баъзи симёғочлар эса эскирган. Шу боис 2022-йилда туман электр таъминоти корхонаси томонидан Новчандир маҳалласида бир дона трансформатор пункти ўрнатиш ҳамда 1,5 км. узунликда 0,4 кВли электр узатиш тармоғи тортиш ишлари олиб борилиши режалаштирилган ва бу ишлар жорий йилнинг сўнггига қадар якунланиши кўзда тутилган.

Ҳозирда эса маҳалла ҳудудидаги авария ҳолатидаги симёғочларни алмаштириш учун 10 дона темир бетон устунлари олиб борилиб, ўрнатиш чоралари кўрилмоқда”, дейилади муносабатда.