Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Мардикор бозори»да аҳвол қандай?

Карантин эълон қилингандан бошлаб уйда қолинг, деган фикр бот-бот такрорланмоқда. Айни пайтда саломатликдан муҳимроғи йўқ. Уйда қолиш бу масалада энг муҳим чоралардан бири. Аммо…

Бугун бир кун ишга чиқмаса, оиласидаги моддий қийинчилик дарҳол сезиладиган оилалар бор. Самарқандда доимий равишда бир марталик иш топиш илинжида тўпланадиган ишчилар, халқ тилида «Мардикор бозори» деб номланадиган жойга бориб машинадан тушганимданоқ гув этиб, 10-15 чоғли ниқобдаги кишилар «иш борми?» деб сўради. Тушиб, уларнинг ҳозирги аҳволи, иш бор ёки йўқлиги бўйича саволларимни бера бошладим. Ишлайман дегувчилар кўп эмас, аммо бор.

- Ички ишлар ходимлари келиб тарқатаяпти, лекин мажбурликдан чиқамиз, - деди улардан бири. – Иш ҳам жуда кам, аммо оилани боқиш керак. Нарх ҳам кескин тушиб кетди. Карантин кунлари бошлангандан буён яқинда, адашмасам, водийдан бир тадбиркор келиб, озиқ-овқат маҳсулотлари, ниқоб тарқатиб кетди.

- Мен Каттақўрғон шаҳридан қатнайман, - дейди Собиржон Муҳаммадиев. – Шу пайтгача бизга бандлик бўлимларига мурожаат қилинглар, деб айтишди. Бордим, аммо тайинли иш топиб беришмагач, яна мардикор бозорига чиқишга мажбурман. Ҳозирда автобуслар қатнови ҳам тўхтатилди. Таксида келиб-кетиш қимматга тушяпти. Ишга чиқмасам оилани боқишга жуда қийналиб қоламан.

Айни пайтда ушбу ҳудудга келувчи ишчилар доимий равишда ички ишлар ходимлари томонидан тарқатилиб, одамларнинг йиғилиб туришининг олди олинмоқда. Аммо кунлик даромад топувчилар ҳам айни пайтда эътиборга муҳтож. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси кам таъминланган оилалар қаторида бу оилаларни ҳам эътиборга олишлари лозим, назаримизда.

Гулруҳ МЎМИНОВА.