Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Машина, уй, тўй (ҳикоя)

Ота ўзини ёмон ҳис қилса-да, хотинига билдирмади. Билса, у ҳовлиқма ҳамма фарзандини бошига йиғади. Негадир, болалари ўзидан эмас, онасидан кўпроқ ҳайиқиши хаёлига келди. Йўқ, илгари ҳам бу ҳақда фикр юритган, лекин изоҳини тополмай, бошини оғритмаслик учун ўзини бошқа нарса билан овутган. Ҳозир шу ҳақда ўйлади. Ўйлашдан ўзини тиёлмаслигини,  айни чоғда бошқа нарса билан ўзини чалғита олмаслигини аниқ ҳис этди. Чўнтагидан дорисини олиб, оғзига солди. Сўлагига қўшиб ютмоқчи бўлганди, томоғига тиқилди. Тахир таъмдан кўнгли беҳузур бўлиб, ошхонага ўтди. Хотини тайёрлаб қўядиган, қайнатилган сувдан ичди. Билагидаги томирга бармоғини босди. Юрак уруши тезлашган. Бироз ўтирса, ўтиб кетишини ўйлаб, ошхонадаги ўриндиққа чўкди.

Наҳотки, тўйни қолдириб бўлмаса? Океан ортидан келишнинг иложи йўқ экан, ўша ёқда тўйни ўтказишсин. Ахир маросим бир ой олдин келишилган, тадбирга яқин режа бузилишига сабаб қандай муҳим иш бўлиши мумкин? Куёв тўйга келолмасмиш. Демак, тўй қолдирилади. Йўқ, белгиланганми, ўтиши шарт экан. Майли, тўй тўрида келин ёлғиз ўтирсин. Лекин чимилдиққа куёв кирмаса, бу қандай никоҳ бўлди?

Эсида, олдинги йилмиди ёки ундан олдин, бир никоҳ тўйига борганди. Келин-куёвсиз тўй. Қизиқ бўларкан. Катта давра, ўртакаш ёшларни табриклайди, меҳмонларга сўз беради. Лекин турмуш қураётганлар учун ўрнатилган саҳнадаги бир жуфт ўриндиқ бўш. Казо-казо меҳмонлар, эл таниган санъакорлар, антиқа ва тансиқ егуликлар зичлигидан тангадек жой қолмаган дастурхон - бари-бари рисоладагидан юз чандон зиёд. Фақат бу катта йиғиннинг мазмун-моҳиятини намоён этадиган асос йўқ.

Энди эса ўша асос бор экан. Кўпчиликка маъқул тушгани – узоқ юртдан келадиганлар йўл ташвишидан қутулганидан хурсанд – улар учун уша ерда зиёфат ташкил этиларкан. Икки жойда ўтказиладиган бир тўй. У тўйда куёв иштирок этади, бунисида келин. Орадаги масофа ўн минг километр. Ўрнатилган улкан мониторлар орқали тўйнинг боришини ҳар икки томон  кузатиб боришар экан.

Нималар бўляпти? Барига чет эл сабабми? Нега чет эл бўларкан, ўзимиз сабабчимиз. Яқинда чойхонада, ўзи тенги, меҳнат нафақасига чиққан кекса маҳалладошларига бу фикрини исботламоқчи бўлди. Чунки ўзи ҳам умрининг йигирма йилдан зиёдини хорижда ўтказди. Энди эса ўша дамлар ўтказган вақтини ҳавога совурилган умрга йўяди. Ёш эмасми, машина минишни орзу қилди. Ҳисоблаб кўрса, ўқитувчилик касби билан орзусига етиши учун ўн йил емай-ичмай пул жамғариши керак. Лекин хорижда бу пулни бир йилда топса бўлишини эшитди. Ҳаловати йўқолди. Қуруқ чўнтак билан узоқ юртларга бориб бўлармиди. Астойдил истаса, иложи топиларкан - фоизга қарз кўтарди. Оҳ, бошида қанчалар азоб чекди. Ҳеч кимга айтмаган бўлса-да, бу аччиқ кўргуликлар хотирасида муҳрланиб қолган, эслаб ҳамон ўзига раҳми келади. Уч йил деганда юртига қайтди. Машина олди. Уйни таъмирламоқчи бўлди. Агар яна икки-уч йил четда ишласа, иморатни қайтадан қуриш мумкинлигини ўйлади ва яна хорижга йўл олди. Бу гал уйига қайтиш беш йил деганда амалга ошди. Хотинига юборган пулларини отасига жўнатганда, бино бундан ҳам данғиллама бўларди, дея яқинларидан  кимдир писанда қилди. Уларни кўролмасликда айблаб, олди-ортига қарамай пул сарфлаган хотинига ён босди. Фарзанларидан каттасининг бўйи етган, икки-уч йилдан сўнг бу муҳташам ҳовлида муносиб тўй бўлиши олдинига кўнгилдан ўтган бўлса, кейин тилга кўчди.

Муносиб тўйга катта маблағ сарфланиши маълум эди. Яна хорижга кетди. Икки йил ўтиб онаси вафот этгани ҳақида хабар келди. Лекин  таъзияга келолмади, катта пул тўланаётган ишни ташлаб кетишга кўзи қиймади. Кейин отаси тинмай  телефонда боғланиб,  ё уйга қайтишини, ёки хотинини ёнига чақириб олишини талаб қилди. Ёнига келган хотини ўзгарганини дарров сезди. Шундай бўлса-да, буни отасининг инжиқликларига йўйиб, хаёлига келган гумонларни ҳайдади. Ҳеч вақт ўтмай, яна отасидан хабар келди – ўғлини уйлантирмаса бўлмасмиш. Коллежда ўқийдиган тирмизакнинг номаъқулчилик қилганини қандай тушуниш мумкин. Лекин айни вақтда қанча исташмасин, бош бўлиб ўтказишни орзу қилган тўйга бориш эр-хотинга насиб қилмади – иш берувчи билан тузилган шартнома оёққа  тушов бўлганди. Иштирок этмаган бўлишса-да, тўйни видеодан кўришди. Хотинининг опаси тўйни улар айтгандан ҳам зиёд ўтказибди.

Агар синглиси отасининг бетоб экани,  болаларига қарашга ярамай қолганини айтиб, қисталанг қилмаганда, икки йиллардан сўнг уйига қайтмоқчи эди. Дарҳақиқат, отасига қараб раҳми келди. Ўғил бўлиб унга хизмат қилмаганини ўйлади, эзилди. Бир вақтлар забардаст бўлган одамнинг бир бурда бўлиб қолганига ишонгиси келмасди. Ўқишга киритиш учун тўлаган пулига ачинса-да, институтда таълим олаётган қизини хотинининг ёнига жўнатди. Шифокорларнинг уқтиришича тўшакка михланган отаси ҳали-бери жон берадиганга ўхшамаскан – юраги бақувват дейишди. Мактабнинг бири бошлағич, иккинчиси битирув синфда ўқийдиган икки фарзанди ва жойидан қўзғалмайдиган бемор отасига қараш ўзига қолди. Лекин қийналмади – хорижга борганда илк қилган иши бир чолга қараш бўлганди – бу янгилик эмас. Фақат у ерда бу хизмати учун катта маош тўлашган.

Отасининг парваришига шунчалар жон куйдирдики, маҳалладагиларнинг эътиборига тушди, ҳурматини қозонди. Умри бир йилга ҳам бормайдиган бемор ота яна олти йил яшади. Таъзия куни мурдашўй айтган гап анча вақт одамларнинг оғзидан тушмади – ҳаммомдан ювиниб чиққан одам бирдан ўлиб қолганда ҳам бадани марҳум чолнинг мурдасидек тоза бўлмас экан. Бу орада хотини иккинчи қизини ҳам ёнига чақирган, катта қизи эса хорижликка турмушга чиққан бўлиб, беморни ташлаб кетишни истамагани учун у фарзандининг тўйига боролмади. Агар кенжатойини демаса кун бўйи ёлғизлик уни қийнаб ташлаганди. Ўғли келаси йили мактабни битиради. Унга хотини кўз тиккан – хорижда ўқитмоқчи. Унинг  эса ҳеч қаерга боргиси йўқ. Нима учун боради? Машина бор, данғиллама иморат. Фақат оила йўқ. Аксинча бўлиши қанчалар яхши эди. Нима кераги бор эди шу машинанинг, бу қасрнинг – ҳеч ким минмаса, оила истиқомат қилмаса.

Кўпчилик ҳавас қилган муҳташамликнинг баҳоси қанчага тушганини ҳеч ким билмайди, тасаввур этолмайди. Ўғли хорижга кетиб тамоман яккаланиб қолганда оиланинг пароканда бўлганини аниқ ҳис этди. Лекин энг ажабланарлиси ундаги бу ҳолатни ҳеч ким пайқамасди. Ёки билишса ҳам, яширишганми, уни аяшганми? Агар шундай бўлса, сезарди. Алам қилгани, кўпчилик ёш оилаларнинг у бир вақтлар  йўл қўйган хатоликни қайтараётгани, унинг олдини олиш бўйича ҳеч ким ҳеч қандай чора кўрмаётгани эди. Мақсад эса ўзгармаган – машина, уй, тўй.

Гоҳида маҳалла-кўйнинг ўз яқинларига бўлган лоқайдлигига чидолмай кўчага чиқиб бақиргиси келарди: “Ҳой биродарлар! Ақлингизни йиғингиз. Машина нуфуз эмас, ҳаракатланишни енгиллаштирадиган восита. Топган пулдан баҳайбат иморатлар қуришга эмас, болаларни ўқимишли қилиш учун фойдаланинг. Йиллаб йиғилган маблағни бир кунда сарфлаб, дабдабали тўй ўтказишдан фойда йўқ, бу ақлсизликдан бошқа нарса эмас”, деб уларни мулоҳазага чорламоқчи бўларди.

Одамларнинг бошпана қуришда, тўй-марака ўтказишда ким ўзарга тушиб кетганига, бундан ҳам ёмони, самарасиз пул совуришнинг янги-янги, антиқа усулларини ўйлаб топишаётганига тушунмасди. Кераксиз сарфланган пуллар ўзга юртларда оғир меҳнат билан топилиши ҳеч кимни ажаблантирмагани унга азоб берарди. Янада қийнагани, ўзи нотўғри деб билган нарсаларининг амалга ошишига қарши ҳеч қандай чора топмагани, топа олмаётгани эди. Ҳатто, биринчи неварасини унаштиришганда тўйни океан ортида ўтказиш маслаҳатини берди. Агар бироз яшаб, кейин ўғлидан ажрашиб кетган келини бунга рози бўлганини айтмаса, ҳамма қариндошлар қарши чиқишди. Хотинининг жазавага тушгани-чи. Буви бўлиб бирор марта қўлида кўтармаган, қачонлардир ўғли бадном қилиб кетган келинининг ёлғиз боши билан вояга етказилган қиз – невараси бугун орзуларининг амалга оширувчиси эканини айтган хотинига у қилаётган иш манманликдан бошқа нарса эмас эканлигини қанча тушунтирмасин, бирор натижа чиқмади.

Ҳали турмуш қураётган йигити билан юз кўришмаган, унинг қандай одам эканлигини билмаган неварасининг ҳам хорижга кетаётганидан хурсандлиги унинг баттар энсасини қотирарди. Наҳотки ўзимизнинг оғир меҳнатимиз билан ёшларимизни енгил-елпи ҳаёт  кечиришга ўргатган бўлсак. Ахир акси бўлиши керак эди-ку?

Бир ҳафтадан сўнг тўй. Ортиқча дабдабаларга қарши бўлмасин,  барибир, шу куннинг келишини бир ойдан буён орзиқиб кутаётганди. Сўнгги кунларда тўрт фарзандининг бир жойга йиғилиши хаёлидан кетмай қолди. Қанча  тасаввур этмоқчи бўлса ҳам, уларнинг ҳозирги кўринишини кўз олдига келтиролмади. Гўё барчаси ҳали ҳам гўдакдек,  кўпинча  уларнинг боғча ва мактабда ўқиб юрган вақтлардаги қиёфаси, улар ҳам тўлиқ эмас,  элас-элас нигоҳида гавдаланарди. Аслида фарзандларини бир кўришда танимай қолиш хавотирини кўнглига солган хотини бўлди. Бундан икки йиллар олдин хориждан қайтган хотинини аэропортга кутиб олишга чиққанида қўлидаги жомадонларни унга тутқазаётган семиз аёлни илкас танимади. Наҳотки ўн йилда одам шунча ўзгарса. Уйга қайтишда машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган хотинига бир-икки разм солди. Сочлар оқарган, бўйнида чуқур ботган икки қатор ажин, сўлғин чеҳра. Буни йўл чарчоғига йўйди. Лекин уйга келиб ҳам бу чеҳра ўзгармаганини, унда қандайдир бир норозилик шарпаси қотиб қолганини кўрди. Кейин  фарзандлар онани мажбурлаб уйга жўнатишгани аён бўлди – буни хотинининг болаларидан ўкинганида, у энди уларга керак бўлмай қолганини бот-бот такрорлайдиган бўлиб қолганида сезди. Бу орада ўғлининг узоқ йиллар олдин ташлаб кетган  қизи ёдига тушиб, уни хорижлик ҳамкорининг ўғлига узатмоқчи экани мазмун-моҳиятсиз ўтаётган кунларининг асосий масаласига айландики, бу янгилик хотинини қувонтириб юборган бўлса, ўшандаёқ, ҳаяжондан кўра қандайдир хавотир унинг кўнглига ўрнашиб олди. Ўшадан буён ҳайиқиш билан яшайди. Энди эса безовталиги ўз сабабини бир-бир намоён этмоқда. Тўйнинг икки ёқда ўтказилиши бу ҳали бошланиши. Яна қандай ташвишлар кутаётган экан уларни? Энг ёмони фарзандларини кўра олмагани бўлди. Тўй баҳона улар билан учрашмоқчи эди. Эсиз.

Тўйга бўлмаса-да, таъзия баҳона фарзандлар оила парчаланишининг  сабабларидан бири бўлган муҳташам ҳовлида йиғилишди. Отасининг нохосдан вафот этгани уларнинг режаларини ўзгартириб юборган, келмасликка ҳарчанд уринишмасин, онадан бўлган ҳайиқиш, балки сўнгги марта уларни бир жойда йиққанди. Нима бўлганда ҳам бу сўнгги ҳайиқиш. Ҳали олдинда... беш кундан кейин тўй белгиланган.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ.