Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Матбуот котиблар “ўқитилди”

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ўтказилган ўқув-семинарда асосан шу ҳақда сўз юритилди.

  “Ахборот хизматлари фаолиятига оид назарий ва амалий аспектлар” мавзуидаги семинарда Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ахборот хизматлари ходимлари иштирок этди.

  Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бўлим бошлиғи Ж.Қудратов, агентликнинг Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги ҳудудий бошқармалари раҳбарлари мазкур семинарни ташкил этишдан кўзланган мақсад ва вазифалар ҳақида сўз юритди. Президентимизнинг шу йил 27 июнда қабул қилинган қарорига кўра, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

  Шундан сўнг соҳа бўйича малакали мутахассислар, профессор-ўқитувчилар – Беруний Алимов, Гулнора Нишонова, Гулмира Шукурова семинар иштирокчилари учун маҳорат дарслари ўтди. Ахборот хизматларининг асосий мақсад ва вазифалари, ташкилот имижи ва уни бошқариш, медиарежалаштириш асослари, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари учун тадбирлар ташкил этишнинг самарали услублари, PR-матнлар тайёрлаш қоидалари, матбуот анжумани, медиатур, брифинглар ўтказиш ва бошқа муҳим масалаларга эътибор қаратилди. Иштирокчилар билан амалий машғулотлар ўтказилди.