Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мелихўжа, Қиёт, Гўзалкент, Тепақул

Вилоятимиздаги ушбу маҳаллалар «Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла» мезонлари асосида ободонлаштирилади

Республикамиз Президентининг ҳар бир ҳудуддан вилоят секторлари кесимида ҳар чоракда биттадан «Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» мезонлари жорий этиш ҳақидаги топшириғига асосан 2024 йилнинг биринчи чорагида вилоятимизда тўртта маҳалла ободонлаштирилади. Булар – Каттақўрғон туманидаги Мелихўжа, Иштихондаги Қиёт, Паст Дарғом туманидаги Гўзалкент, Тойлоқ туманидаги Тепақул маҳаллаларидир.

Айнан ушбу тизим асосида 2023 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида Каттақўрғон туманидаги Чўянчи, Иштихон туманидаги Чағатой, Паст Дарғомдаги Олти қаҳрамон ҳамда Оқдарёдаги Янгиқўрғон маҳаллаларида ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилган эди.

Каттақўрғон туманидаги Мелихўжа маҳалласида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар вилоятнинг биринчи сектори зиммасида. Шу боис вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов мазкур маҳаллада бўлиб, ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганиш ишларини таҳлил қилди. Ҳудуддаги таълим ва тиббиёт муассасалари, аҳоли хонадонлари ва йўллар ҳолатини кўздан кечирди.

Таъкидлаш ўринлики, беш мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Мелихўжа маҳалласи вилоятимиздаги ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир аҳоли пунктлари тоифасига киритилган. Ҳокимлик ишчи гуруҳ томонидан ҳудуддаги тўртта қишлоқда мавжуд муаммолар аниқланди. Жумладан, мавжуд 38 та ички кўчадан 30 таси таъмирга муҳтож. Учта марказий кўчада 12 километр йўл асфальтланиши керак. 35 километр йўлга шағал ётқизиш талаб этилади. Электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви масалалари бўйича ҳам бир қатор муаммолар мавжуд. Эски симёғоч ва трансформаторларни алмаштириш, иккита сув минорасини таъмирлаш ва иккита янгисини қуриш, шунингдек, 19 километрлик ичимлик суви тармоғи тортиш зарур. Бу орқали 920 хонадоннинг узоқ йиллик муаммосига ечим топилади.

Эркинжон Турдимов 103-мактабда мавжуд шароит бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини қайд этиб, вазиятни ўнглаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди. Қолган учта мактабда ҳам амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланди. Таълим муассасаларининг кутубхоналарига 1000 тадан янги китоблар берилди ва китоб фонди бойитилиши айтилди.

Э.Турдимов шу ерда ҳудудда амалга ошириладиган қурилиш-ободонлаштириш ишларини мутасадди идоралар, вилоят ташкилотлари масъуллари иштирокида муҳокама қилди.

– Инфратузилма билан боғлиқ масалаларни ҳокимлик ва тегишли ташкилотлар бажаради, бунинг учун маблағ ҳам ажратамиз, - деди Э.Турдимов. – Мактаблар, мактабгача таълим ва тиббиёт муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади. Лекин фақатгина шу билан ҳудуд обод бўлиб қолмайди. Аввало, аҳолининг турмуш тарзини ўзгартириш, маданиятини ошириш лозим. Ободлик кўнгилдан, хонадондан бошланади. Ҳар бир хонадонда яшаш учун қулай шароит яратилиши, соғлом турмуш тарзи қарор топиши керак. Бунинг учун одамлар уйғониши зарур. «Қишлоқ шароитида бўлаверади», деган тушунчага барҳам берамиз. Керак бўлса, ҳар бир оилага кириб, уларни яхши яшашга, бунинг учун ҳаракат қилишга ўргатамиз. Маҳалладаги аксарият томорқалардан фойдаланилмаган, қаровсиз ҳолатда. Ваҳоланки, бу қишлоқ одамларининг асосий даромад манбаи. Одамларга зарур воситалар, экин уруғлари бериш, томорқаларда иссиқхоналар қуриш ва кредит ажратиш орқали уларни ердан бир неча марта ҳосил олишга, шу орқали даромад қилишга ўргатишимиз лозим.

Вилоят ҳокими ҳудудда аҳолининг, хусусан, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва сайр қилиши учун шароит яратишга ҳам эътибор қаратиб, мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйди.