Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мева-сабзавотлардан коронавирус юқиши мумкинми?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги мутахассиси Қамариддин Боқиевнинг таъкидлашича, мамлакатимизга хориждан кириб келган мева-сабзавотлар, хусусан, бананлар Вазирлар Маҳкамасининг сертификатлаштириш тартибига оид 318-сонли қарорига асосан текширувдан ўтказилади.

Биринчи навбатда, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини инспекцияси томонидан фитосанитария хулосаси берилади. Кейин Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги таркибидаги Санитар-эпидемиологик хулосалар бериш бўлимларида хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича текширилиб, санитар-эпедимиологик хулоса тақдим этилади. Шундан сўнг “Ўзстандарт” агентлигидан мувофиқлик сертификати олингач, хориждан келтирилган мева-сабзовотлар сотувига рухсат берилади.

Хўш, мева-сабзавотлардан коронавирус юқиши мумкинми?

– Хитойдаги хавотирли эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда қатор озиқ-овқатлар, жумладан, мева-сабзовотлар бўйича ҳам турли текширувлар олиб бориляпти. Лекин бу илмий жиҳатдан ҳали исботланмаган, – дейди Қамариддин Боқиев. – Айни пайтда коронавирус юқишига турли ҳайвонлар ва денгиз маҳсулотлари сабаб бўлаётгани тахмин қилинмоқда. Аммо айнан қайси биридан юқиши мумкинлиги ҳақида ҳам аниқ тўхтамга келингани йўқ. Умуман олганда, мева-сабзавотларни ювмасдан ейиш қайсидир касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлиши эҳтимоли бор. Бироқ айнан мева-сабзавотлар истеъмоли сабаб қандайдир вирус юқтириш ҳолатлари ҳали кузатилмаган.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу коронавирус инфекциясига қарши юртимизда керакли барча чоралар кўрилмоқда. Хусусан, мамлакатимиз ҳудудига коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Яна бир бор эслатиб ўтамиз, коронавирус инфекцияси ва у билан боғлиқ вазият юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг (71) 276-46-65, (71) 276-49-66 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.