Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

МИБ фермерга тегишли "Damas" хатланишига изоҳ берди

МИБ жорий йилнинг 21 сентябрь куни хорижий оммавий ахборот воситаларида тарқалган “Фермер: МИБ ходимлари “Дамас” машинамни ноқонуний равишда олиб кетди” хабари юзасидан баёнот берди.

Мазкур хабарда фуқаро Б.Пардаев жорий йилнинг 17 сентябрь куни Бюронинг Қизириқ тумани бўлими ходимлари кредитдан қарздорлиги эвазига “Damas” русумли автомашинасини хатлаб олиб кетгани, ходимларнинг хизмат гувоҳномасини кўрсатмагани билдирилган.

Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздорлар “Яхши ният Бобур” фермер хўжалигидан ундирувчи АТБ “Агробанк” Қизириқ тумани филиали фойдасига 145 миллион 478 минг сўм кредит қарзи ҳамда 2 миллион 909 минг сўм давлат божи ундириш белгиланган бўлиб, ундирув гаров мулки ҳисобидан “Яхши ният Бобур” фермер хўжалигига тегишли “ТТЗ-80.11” ва “Беларус-80” русумли тракторлар, фуқаро М.Абдураҳмановга тегишли “Lacetti”, фуқаро Б.Пардаевга тегишли “Damas” русумли автотранспорт воситаларига қаратиш кўрсатилган.

Ушбу ижро ҳужжати Бюронинг Қизириқ тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхаси тарафларга юборилган.

Бюронинг Қизириқ тумани бўлими давлат ижрочилари томонидан бир неча бор қарздорларга қарздорликни бартараф этиш тўғрисида расмий огоҳлантириш берилган.

Ижро ҳаракатлари давомида жорий йилнинг 17 сентябрь куни Бюронинг Қизириқ тумани бўлими давлат ижрочилари С.Абдурасулов, Н.Қурбанов, А.Якубов ва Н.Хонимқуловлар томонидан ижро ҳужжатида кўрсатилган “Damas” русумли автотранспорт воситасини хатлаш мақсадида фуқаро Б.Пардаевнинг яшаш хонадонига чиқилган ва шу куни автотранспорт воситаси далолатномага асосан хатлаб олинган.

Хатлаш жараёни амалга оширилишидан олдин давлат ижрочилари С.Абдурасулов ва Н.Қурбановлар томонидан қарздор Б.Пардаевни хизмат гувоҳномаси билан таништирган.

Бундан ташқари, қарздорлар “Яхши ният Бобур” фермер хўжалигига тегишли “ТТЗ-80.11” ва “Беларус-80” русумли тракторлар, М.Абдураҳмановга тегишли “Lacetti” русумли транспорт воситаларини хатлаш чоралари кўрилмоқда.

Сурхондарё вилояти судининг 14.12.2018 йилдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор “Яхши ният Бобур” фермер хўжалигидан Қизириқ тумани ДСИ фойдасига солиқ қарзи ундириш тўғрисида ижро ҳужжатига асосан “Яхши ният Бобур” фермер хўжалиги раҳбари Б.Пардаевдан 1 миллион сўм ундирилиб, 2019 йил 19 мартдаги тўлов топшириқномасига асосан Қизириқ тумани ДСИ фойдасига ўтказиб берилган.