МИБ: "Тезликни аямай оширган ҳайдовчидан жарима ҳам "аямай" ундирилади"
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари ҳамда вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ вакиллари ҳамкорлигида "AutoCon" тадбирларида маъмурий жарималари мавжуд бўлган автомашиналарни аниқлаш ва уларни вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштириш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда.
Аниқланишича, "Nexia 3" автомобили ҳайдовчисининг 71 та маъмурий жарима ҳамда 3 та бошқа турдаги қоидабузарликлари бўлса-да, уларни ўз вақтида тўламаган ва унинг қарздорлиги 26 млн. сўмни ташкил этган.
Ҳозирда, автомашина Нуробод туман ҳудудидан топилиб, вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Барча жарималар тўлангандан сўнг, автотранспорт воситаси жарима майдончасидан чиқарилиши, акс ҳолда, аукцион савдоларига қўйилиши тушунтирилган.
Энг муҳим вазифа – инсон уловда юрганида ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак. Бунинг учун эса йўл ҳаракати иштирокчиларининг барчаси қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозим бўлади, дейилади, бюро вилоят бошқармаси хабарида.