Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Муаммолар низолар билан эмас, ишонч ва яқин ҳамкорлик орқали ҳал этилади

Кеча Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқини тингладик. Телевидение каналлари орқали парламент аъзолари, олим ва мутахассисларнинг дастлабки таассуротлари ва фикрларини ҳам эшитдик. Ўйлашимча, бу нутқ ҳақида унда илгари сурилган кенг маъноли фикрлар ва халқаро муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал этишга қаратилган янги ташаббуслар ҳақида ҳар биримизнинг ўз хулосаларимиз, муносабатимиз бўлиши керак.

Нутқ матнини қайта ўқиб, дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалар, турли давлатлар ўртасида муносабатлар совуқлашаётгани, низоли вазиятларда бир-бирига ён бергиси келмаётган ҳолатлар кўз олдимдан ўтди. “Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, ўртамизда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини исботлади”. Нутқда келтирилган мана шу фикр замирида чуқур маъно, ўзига хос даъват бор.

Президентимиз мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорликни мустаҳкамлашга фаолияти давомида қатъий амал қилиб келяпти. Натижада қўшни давлатлар билан алоқалар кейинги йилларда мисли кўрилмаган даражада кенгайди. Марказий Осиё ҳудудида янгича муҳит юзага келмоқда. Ўйлаб қарасак, бу ҳудуд дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари ўртасида жойлашган. Бу ҳудудда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик муҳити барқарор бўлиши жуда муҳим. Айни жараёнда Президентимизнинг ўрни ва фаолияти алоҳида аҳамиятга эга. Етук сиёсатчилар шу ҳақда билдираётган фикрлар бежиз эмас.

Иқтисодий, сиёсий алоқаларда барқарорлик бўлмаса, ижтимоий муаммолар кўпая бошлайди. Айрим масалаларнинг ҳал этилиши кечикиши натижасида улар катталашиб бораверади. Бунга йўл қўймаслик учун давлатлар ва ҳукуматлар ўртасида тенг ҳуқуқли, ҳар томонлама фойдали ҳамкорлик алоқалари мустаҳкам бўлиши лозим. Бу борада ҳукуматлар, парламентлар ва фуқаролик жамиятларининг ўзаро саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни мувофиқ ҳолда ривожлантириш энг асосий масаладир. Нутқда ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратиш фикри ҳамда шунга мос аниқ ташаббус илгари сурилди. Бу БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро Кодексни ишлаб чиқиш таклифидир.

Бутун инсоният учун синовга айланган пандемия даврида давлатлар ўртасида ишончга, бир-бирини қўллаб-қувватлашга асосланган ҳамкорлик улкан зарурат экани аён бўлди. Пандемия оқибатида кутилмаган вазият юзага келиши дунё иқтисодиётига қаттиқ зарба бермоқда. Бундан энг аввал эҳтиёжманд, кам даромадли қатлам азият чекяпти, жамиятларда камбағал қатлам кўпаймоқда. Бу эса нафақат бир давлат миқёсидаги барқарорликка, балки халқаро барқарорликка таҳдидга айланмоқда.

Шу маънода камбағалликка қарши курашиш глобал вазифага айланмоқда. Давлатлар ва иқтисодиётлар ўртасида фаол муносабатлар ўрнатилмаса, бир давлат доирасида камбағалликка қарши самарали курашиш қийин кечади. Чунки бугун иқтисодиётлар бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетган, улар ўзаро айри ҳолатда барқарор ривожлана олмайди.

Мамлакатимизда пандемия сабабли камбағаллик, ишсизлик хавфи кучайиши олдиндан ҳисобга олиниб, тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Тўғри, ҳали муаммолар оз эмас, жойларда камчиликлар ҳам кўзга ташланмоқда. Лекин муҳими шундаки, қийин вазиятда муҳтож қатламга биринчи навбатда зарур бўлиб турган ёрдам, қўллаб-қувватлов кўрсатилмоқда, бу борада катта тажриба тўпланмоқда. Давлатнинг барча тааллуқли тузилмалари бу жараёнга жалб этилган, саъй-ҳаракатлар ягона мақсад учун сафарбар этилмоқда. Ҳали олдинда вазифаларимиз кўп.

Президентимизнинг камбағалликка қарши кураш БМТнинг навбатдаги Ассамблеясида асосий мавзулардан бирига айланиши кераклиги ҳақидаги таклифи ўта муҳим ва ўткир масалани ҳал этишда давлатлар ўртасида ҳамкорликни янги даражага кўтаришга, мураккаб муаммо бўйича янги ечимлар пайдо бўлишига хизмат қилади.

Шербек БЎРОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.