Муҳожир аёллар: Кутилмаган хавфлар, онлайн оналик, муносиб яшаш орзуси
Унинг хорижда ишлаш қарорига ҳамма кўниб бўлганди. Кўниш ҳам гапми, оила аъзоларининг баъзилари хурсанд бўлди. Энди уларнинг ҳам ҳаёти ўзгаради! Уларнинг ҳам уйида четдан кўп пул келиб туради, улар ҳам истаган кийим-кечак, анжомлар харид қилади.
Ахир атрофдаги қўни-қўшнилари аллақачон янги уйлар қуриб, чиройли жиҳозлар сотиб олди. Энди буларнинг барчаси уларнинг ҳам уйида бўлади. Фақат ойиси озгина қийналади-да. Аёл самолётга чипта олиб, кетгунига қадар бу уйда аллақандай ҳам асабий, ҳам сукунат ҳукмрон бўлди.
- Нарсаларингни олдингми?
- Олдим.
- Иссиқ кийимларингни ҳамми?
- Албатта.
- Майиз билан ёнғоқ қолиб кетмасин...
- Бўлди-да энди, олдим уларни ҳам.
Ҳар куни бир неча марта қайтарилавергандан бу диалог болаларга ҳам ёд бўлиб кетди. Шу кунларда уйида тўсатдан пайдо бўладиган сукунат ичида ҳатто оддий томоқ қириш ҳам жаранглаб кетади. Қизи мактабдан келса, унга тушлик тайёрлаб беради-ю, хаёлида “Мен кетсам, нима қиларкин болам” деган савол пайдо бўлади. Ўғлининг кийимларини юваркан, “Мен йўғимда тоза-озода юрармикан болам”, деган фикр миясини тегирмон тошидай эзади. Аммо у бу фикрлар қандай тез пайдо бўлган бўлса, шундай, яшин тезлигида миясидан қувиб солади. Кетишдан олдин кайфиятини бузгиси келмайди. Ахир олдинда уни қанча синовлар кутиб турибди. Иш топиб бераман, ҳаммаси тайёр, дея ишонтирган дугонаси айтганини қилармикан? Умрида самолётга чиқмаган бўлса. Аэропортларда чет тилини билмай, сарсон бўлиб қолмасмикан? Ишқилиб, эсон-омон етиб олсин, Худонинг ўзи шарманда қилмасин!
Ҳар куни, ҳар соатда минг турфа ўйларни бошидан ўтказди Саодат. Лекин шаштидан қайтмади. Ахир бошқаларга ўхшаб кўпга кетаётгани йўқ-ку, бор-йўғи уч йил ишлаб келса бўлди. Аҳволини ўнглаб олса, қизининг ўқишига, сарполарига пул жамғарса бўлди, дарров қайтиб келади. Шундай деб ўзини тинчлантирди.
Ўшанда бу гапларига ўзи ҳам ишонган, агар ишлари ўхшаб қолиб, ростдан ваъда этилган ойлик маош олиб ишлай бошласа, бир-икки йилда ўзи мўлжал қилганларини жамлаб олиши ва яна жонажон уйига қайтиб келиши мумкинлигини ўйлаб, хотиржам бўлди. Хуллас, жомадонлар йиғилиб, аэропортга олиб борадиган такси эшик олдига келгач, оила аъзолари жимгина хайрлашиб олишди. Қизи кўзига ёш олди, аммо аясининг йўл аввалида кўнглини хира қилгиси келмади шекилли, дарров артиб ташлади. Бир неча соатлардан кейин самолёт учиб кетди. Болаларининг ва табиийки, турмуш ўртоғининг наздида ҳам уй ҳувиллаб қолгандай бўлди...
Вақт ҳар қандай ўзгаришни инсон онгига сингдириб, кўниктириб, хатти-ҳаракатларини ҳам шунга мослаштириб бораверар экан. Саодат хавотирланмаса ҳам бўлар экан, ваъда этилган иш топилди, аэропортларда ҳам ҳар қадамда йўлкўрсаткичлар. Олий маълумот олиш насиб этмаган бўлса-да, Саодат мактабда аъло баҳоларга ўқиган, дунёқараши ҳам баъзи аёлларники сингари тор, фақат маиший доирада ўралашиб қолмаган. Шунинг учун, Туркияда йўлини осон топиб кетди. Ўзи тушган оилага тез мослашди, қараши лозим бўлган онахонга ҳам маъқул келди. Эпчил, зийраклиги анча фойда бўлди. Айниқса, тозаликни хуш кўриши, менинг ишим кампирга қараш, демасдан атрофини тозалаб қўйиши туфайли туркиялик оилада ҳурмати янада ошди.
Ҳаммаси рисоладагидек эди. Тўғри, аввалига болалари, уйни жуда соғинди, ҳар кун бир неча марта гаплашиб олмаса, кўнгли тинчимасди. Шу тариқа орадан икки йил ўтди. Бир қараганда Саодат ўзи мўлжаллаган маблағдан ҳам кўпроқ жамғариб қўйибди. Ватанга қайтиб, уларни жой-жойига ишлатиб, саранжомлаб келиши керак. Қолаверса, оиласини жуда соғинган. Шуни режа қилдию, аммо чипта олаётганда қайтишни ҳам мўлжаллаб қўйди.
Бу каби келиб-кетишлар