Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Муқобил энергия: Бизда Қуёш ёки шамолдан электр олиш технологияси йўқ ҳисоби

Хонадонлар, идора-ташкилотлар, ишлаб чиқариш корхоналарида электр энергиясидаги асаббузарликлар фонида бу хабар барчамизни янги орзулар сари етаклаганди. Аммо ўша орзулар ҳамон орзулигича қолмоқда. Хўш, бир неча йил олдин катта ташаббус билан бошланган бу лойиҳа нега ҳамон амалга оширилмаяпти? Бунинг сабаблари нимада?

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Тўрахон Ҳошимов билан суҳбатимиз вилоятимизда муқобил энергия турларидан фойдаланиш имконияти ва бу борадаги муаммолар хусусида бўлди.

- Ҳақиқатда аҳоли ва саноат корхоналарининг электр энергиясига бўлган талабини қондириш учун 100 мегаваттли қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши режалаштирилганди, - дейди Т.Ҳошимов. - Қиймати 500 миллион доллар бўлган лойиҳани амалга ошириш учун Паст Дарғом ва Нуробод туманларидан 400 гектар майдон ҳам ажратилган. Режага кўра, лойиҳани амалга ошириш учун “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти 200 миллион доллар маблағ ажратиши ва 300 миллион доллар миқдорида хорижий сармоя жалб этилиши лозим эди. Ҳозиргача ушбу лойиҳага мамлакатимиз томонидан 6,5 миллиард сўм маблағ ажратилди ва ушбу маблағ ҳисобидан коммуникация тармоқлари ва йўлларни асфальтлаш ишлари олиб борилди. Фотоэлектр станциясида Хитой давлати технологиялари ўрнатилиши лозим эди. Афсуски, улар тақдим этган қурилмалар мос келмаганлиги туфайли бу станцияга технология етказиб бериш учун яна халқаро танлов эълон қилинди.

Энди эса жорий йилда Каттақўрғон туманида янги лойиҳа асосида 200 мегаваттли замонавий қуёш фотоэлектр станцияси қуриш учун лойиҳа смета ҳужжатлари тайёрланмоқда.

- Вилоятимизда муқобил энергиядан фойдаланиш самарадорлиги нега паст?

- Дунёда муқобил энергиядан фойдаланиш даражаси жуда юқори. Масалан, Хитойда бугунги кунда 150 миллион аҳоли фақат қуёш фотоэлектр станцияси орқали электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондирмоқда. Шунингдек, Германия, Португалия, Нидерландия, Швеция, Корея давлатлари муқобил энергия ишлаб чиқариш бўйича энг илғор давлатлар ҳисобланади.

Ўзбекистонда йил давомида 280-300 кундан ортиқ қуёшли кунлар бўлади. Бу эса республикамизда аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини тўлалигича қуёш фотоэлектр станцияларидан олинадиган электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.

Унда нега бизда муқобил энергиядан фойдаланиш самарадорлиги паст, деган савол туғилиши табиий. Бизда қуёшдан электр олиш технологияси йўқ ҳисоби. Айрим ҳудудларда қуёш панеллари ишлаб чиқарилмоқда. Лекин бунинг ўзи қуёшдан электр олиш учун етарли эмас. Соҳа ривожидаги муаммолардан бири қуёш фотостанцияга ўрнатиладиган жиҳозлар ниҳоятда қимматлигида. Қолаверса, жиҳозларнинг Корея ва Хитой давлатларидан импорт ҳисобига келтирилиши бу технологияни ривожлантиришдаги асосий тўсиқлардан ҳисобланади.

Бугунги кунда вилоятимизда аҳоли уй-жойлари, таълим ва тиббиёт муассасаларида мингдан ортиқ кичик қуёш электр станцияси ишлаб турибди. Бошқармамиз томонидан вилоятимиздаги ижтимоий соҳа объектларида ҳозиргача 18 та кичик қуёш станциялари ўрнатилди. Шунингдек, вилоятимизда муқобил энергия ишлаб чиқарувчи кичик ГЭСлар ишлаб турибди.

Мисол учун, “Самарқанд Каскад” ГЭСида 50 миллион киловатт электр энергияси ишлаб чиқариларди. Бу йил қўшимча 1 миллион киловаттлик 5 та кичик электр станцияси ишга туширилди. Кейинчалик яна 4 та кичик гидростанция қуриш режалаштирилган.

- Дунё давлатларида шамол ёрдамида электр энергияси олиш тажрибаси ҳам ривожланиб бормоқда. Бизда эса муқобил энергиянинг бу тури ҳамон оқсамоқда. Бизда шамол етарли даражада эмасми ёки бу соҳада ҳам технология муаммоси борми?

- Дунёдаги катта ҳажмдаги ер ости ва ер усти бойликларига эга саноқли давлатлардан биримиз. Аммо бугун беминнат ҳисобланган ҳар қандай ресурснинг чегараси бор. Табиий ресурсларнинг муқобил варианти ҳақида уларнинг охири кўриниб қолганда қайғуриш самарасиз. Шунинг учун бу ҳақда ҳозир қайғуриш керак. Шамол ёрдамида электр олиш ҳам шулар жумласига киради.

Булунғур, Ургут, Нуробод, Пайариқ туманларидаги асосий шамол йўлларида ер сатҳидан 70 метр баландликда шамол электр станцияларини қуриш мумкин. Бу масала республикада электр энергияси танқислигининг олдини олишда муҳим. Шунингдек, шамол электр станциялари углеводородларни ёқиш ҳисобига олинаётган электр энергиясининг ўрнини қоплашнинг асосий манбаси ҳисобланади. Бундай станциялар Нидерландия ва Германияда яхши ривожланган. Керакли жиҳозларни ҳам шу давлатлардан келтириш мумкин. Бизда ҳам шамол ёрдамида электр энергияси олиш бўйича барча имкониятлар бор. Аммо ҳозирча бу имкониятдан деярли фойдаланмаяпмиз.

- Муқобил энергиядан фойдаланган истеъмолчи бирор афзалликка эга бўладими?

- Албатта, муқобил энергиядан фойдаланиш ҳар қандай истеъмолчига бир қатор имтиёз ва қулайлик яратади. Биринчидан, бу энергия туридан фойдаланганлик учун ҳеч қандай солиқ тўловлари мавжуд эмас. Иккинчидан, электр энергиясида узилишлар кузатилмайди ва бир меъёрдаги доимий электр таъминотига эга бўлади. Учинчидан, инсонлар соғлиғига таъсир этувчи омиллардан холи бўлган экологик тоза энергия билан таъминланади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ суҳбатлашди.