Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мутахассислар талабаларга солиқ ва божхона имтиёзлари хусусида тушунча берди

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида вилоят ҳокимлиги ва божхона бошқармаси ҳамкорлигида “Юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш тартиби” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда талабаларга вилоят божхона бошқармасининг ташқи савдо операцияларини мониторинг қилиш ва божхона статистикаси бўлими катта инспектори А.Ҳаққулов томонидан сўнгги йилларда божхона соҳасида қабул қилинган меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар берилди.

Таъкидландики, соҳада бугун хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими амалиётга жорий этилди. 2018 йил 1 декабрдан бошлаб “сариқ”ва “қизил” йўлаклар, 2019 йил 1 мартдан бошлаб “яшил” ва “кўк” йўлаклар ишга туширилди.

Президентимизнинг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан жорий йил 1 октябрдан бошлаб асбест, кўмир, ёғоч ва тахта маҳсулотлари, углеводород, соя, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, ёғ-мой, шакар хомашёси товарлари импортида қўшилган қиймат солиғидан имтиёзлар бекор қилинди.

Давра суҳбати доирасида талаба-ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлашга қаритилган имтиёзли кредитлар хусусида ҳам маълумот берилди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.