Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Накуртда адабиёт байрами бўлди

Накурт – Самарқанд вилоятининг энг олис аҳоли пунктларидан бири. Пайариқ тумани марказидан 50 километр узоқликда, тоғлар бағрида жойлашган қишлоқ аҳолиси учун муносиб турмуш шароити яратиш, ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш борасида кейинги йилларда кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, ўтган йил қишлоқнинг 10 километрдан ортиқ асосий йўллари асфальт қилиниб, ички йўлларга тош-шағал тўкилди. Ҳудуддаги мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, тиббиёт пунктида таъмирлаш, реконструкция ишлари бажарилди. Айни пайтда ҳам бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Куни кеча ушбу маҳаллада Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Пайариқ тумани ҳокимлиги ташаббуси билан адабиёт байрами ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, пойтахтдан келган ва самарқандлик таниқли ёзувчи ва шоирлар, олимлар, адабиёт ва санъат намояндалари иштирок этди.

– Накуртда бундай маърифий тадбирлар, ижодий кечалар жуда кўп ўтказилган, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фармон Тошев. –Элимизнинг севимли ижоркорлари келиб бу қишлоқ манзараларидан завқ олган, боқий булоқларидан сув ичган. Бундан 10 йил аввал Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бошчилигидаги бир гуруҳ ижодкорлар қишлоқда бўлиб, ижодий учрашувлар ўтказгани кечагидек кўз ўнгимда. Афсуски, бугун орамизда Абдулла ака, Саъдулла Ҳаким, Азим Суюн йўқ (уларнинг руҳи шод бўлсин). Лекин Накуртдаги адабиёт байрами давом этмоқда, бундан буён ҳам давом этажак.

Учрашувда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, шоир Абдусаид Кўчимов юртимиздаги бугунги адабий жараён, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритди. Юртимизда “Инсон қадрини учун!” тамойили асосида олиб борилаётган ишлар, аҳоли ўртасида китобхонлик маданияти тарғиботи олис-олис қишлоқлар аҳолиси ҳаётида ҳам ўз ифодасини топаётганини таъкидлади. Ўз ижод намуналаридан ўқиб берди.

– Накурт қишлоғи бугун биз учун жуда қадрли гўшага айланган, – деди А.Кўчимов. – Бу аввало, шу ердаги тоғлар каби баланд, қалби кенг инсон Азим Суюн туфайли қишлоққа кўп келганимиз билан боғлиқ. Қолаверса, ўтган йил давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммилий ҳаракат доирасида Пайариқ тумани ҳокимлиги кўмагида ҳудудда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА боғини ташкил этдик. Бугун бориб кўрдик, ўтган йил кузда ва баҳорда экилган ниҳолларимиз баравж ўсяпти. Айримлари нишона ҳосил солганини кўриб, амалга ошираётган хайрли, эзгу ишларимиз, албатта, ўз мевасини беришига яна бир карра имон келтирдик.

Учрашувда 39-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари  таълим муассасасидаги ижодий тўгараклар ҳақида сўзлаб, ўз шеърий машқларини ўқиб берди. Шунингдек, пайариқлик ижодкорлар ўз дил сўзларини билдирди, янги китоблар тақдимоти ўтказилди.

Мактабга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара асарларидан иборат 500 та бадиий китоб совға қилинди.

– Мактабимизда истеъдодли ёшлар кўп, – дейди 39-мактаб ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Отабек Худоёров. – Уларнинг шеър ва ҳикояларини адабий тўгаракларимизда муҳокама қилиб, йўл-йўриқ кўрсатамиз, қўллаб-қувватлаймиз. Бугунги учрашув ўқувчиларимиз учун жуда катта маҳорат сабоғи бўлди, улар устоз ижодкорларнинг маслаҳатини олди. Айниқса, кутубхонамиз учун кейинги йилларда чоп этилган ноёб бадиий китоблар совға қилинганидан жуда хурсандмиз.

Ургутлик халқ таълими фахрийси Қуддус Асқаров, Накурт маҳалласи оқсоқоллари Олтибой Деҳқонов, Келдибой Ўролов олис қишлоқларда, таълим муассасаларида бу каби ижодий учрашувлар ўтказилиши аҳолига жўшқинлик бахш этиши, янги, ёш истеъдодларнинг кашф этилишига хизмат қилишини қайд этди.

– Қани энди вақтларингиз бўлса-ю туманимиздаги ҳар бир маҳаллада, ҳар бир мактабда шундай учрашувлар ўтказсак, – деди Пайариқ тумани ҳокими Зафар Эргашев учрашув якунида. – Бу аҳолимизга жуда катта маънавий қувват беради, ҳаётига жўшқинлик бахш этади. Шунинг учун сизларни туманимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кутамиз, шундай маънавий тадбирлар ўтказишга таклиф қиламиз.

Ижодкорлар бу таклифни мамнуният билан қабул қилди.

 Ғ.Ҳасанов,

А.Исроилов (сурат).