Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Наполеон мебелларини Самарқандга ким олиб келган?

Узоқ йиллар давомида Самарқанд туманидаги Фотима Қосимова номли собиқ колхоз ҳудудида Франция императори Наполеонга тегишли XVIII аср мебеллар тўплами сақланадиган музей бор эди.

1946  йилда жамоа хўжалигига Исмоил Иброҳимов раҳбарлик қилган. Ўша йилларда бу хўжалик асосан қуритилган мева ва узум етиштириш билан шуғулланган ва ўз вино заводига эга бўлган. Баъзида қуритилган мевалар Россияга юборилиб турган.

Кунларнинг бирида хўжаликнинг Арон Каплан исмли таъминотчиси қуритилган мевалар эвазига Самарқандга мебель олиб келди. Айтишларига қараганда, у киши бу мебелларнинг тўлиқ қийматини тушунмаган ҳолда уларни сотиб олган. Қишлоқ аҳолиси эса бошқарувга келганда ундан оддий мебель сифатида фойдаланганлиги сабабли курсилардаги Хитой ипаклари кирланиб қолган. Фақат 1956 йилга келиб Фотима Қосимова даврида ушбу экспонат кўринишини йўқотмаслиги учун алоҳида хонага кўчирилган.

“1946 йилда дадам раҳбарлик қилган Каганович номли жамоа хўжалиги “миллионер” колхози сифатида мамлакатда машҳур бўлган, - деб эслайди Хадича Исмоилова. - Собиқ СССРда бу  каби хўжаликдан атиги тўрттаси бўларди. Хўжалик намунали бўлгани сабабли уни чет эллик меҳмонларга кўрсатиб туришган. Ўша пайтда отам қўл остида жуда уддабурон таъминотчи Арон Моисеевич Каплан ишлаган. У отамга меҳмонлар олдида уятли бўлиб қолмаслик учун муносиб мебель сотиб олиш кераклигини айтган. Отам рози бўлган ва Арон Каплан бир неча вагон пиёз ва қуритилган мевалар билан Ленинградга жўнаб кетган.

Урушдан кейинги ҳаёт ҳали ҳам оғир бўлган даврлар эди. Ленинградда академик Белинковнинг беваси яхши мебель жамланмасини сотаётганини билиб олган Каплан у билан учрашди, бироқ Белинкова унинг мебелларини ташқи ишлар вазири Молотов ўз кабинети учун сотиб олмоқчи эканлигини айтган. Мебель Капланга жуда маъқул келгани сабабли Арон Моисеевич аёлга узил-кесил фойдали битим таклиф қилди: “Мана бу ерда 90 минг нақд пул бор, мен мебелни олиб кетаман”.

Аёл иккилана бошлади: ахир у бошқа одамлар билан келишиб қўйганди, бироқ Каплан барибир бу зиёли аёлни фикрини ўзгартира олди...”.

Мебель Россияга қандай келиб қолган?

1812 йилги уруш пайтида рус қўшинлари Парижга кирганда император Александр I Парижни қўлга киритган уруш хотираси сифатида саройдан мебелни Россияга олиб келган.

У қўлдан қўлга ўтиб охир-оқибат академик Белинков бевасидан сотиб олинди ва Самарқанддаги жамоа хўжалигида жойлаштирилди.

Бугунги кунда бу ноёб экспонат Самарқанд ўлкашунослик музейида сақланмоқда.

samtur.uz cайти маълумотлари асосида Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.