Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нарпай тумани Чақар қишлоғидаги бино масжид сифатида давлат рўйхатидан ўтмаган

Нарпай тумани Чақар қишлоғида яшовчи бир гуруҳ оқсоқоллар Kun.uz таҳририятига маҳалладаги рўйхатдан ўтмаган масжиднинг очилиши юзасидан мурожаат қилган.

Бугунги кунда ҳақиқатдан ҳам мазкур бино масжид сифатида давлат рўйхатидан ўтмаган.

Мурожаат юзасидан шуни маълум қиламизки, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги томонидан ушбу фуқароларга масжидни давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан бир неча маротаба тушунтириш ишлари олиб борилган.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 409-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ёки унинг жойлардаги ҳудудий органлари ваколат доирасига кириши, тегишли ҳужжатлар тақдим этилган ҳолда мазкур масала адлия органлари томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилиши мумкинлиги билдирилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирда Нарпай туманида 18 та жоме масжиди мавжуд бўлиб, мурожаатда кўрсатилган Чақар қишлоғидаги рўйхатдан ўтмаган масжид яқинида, яъни 3-5 километр масофада “Саловот ота”, “Янги саловот” “Оқмасжид” ва “Эшон бобо” масжидлари фаолият кўрсатмоқда.

Нарпайлик оқсоқолларга юқорида таъкидланган Низомга мувофиқ, белгиланган тартибда, тегишли ҳужжатларни адлия органларига тақдим этиш тавсия этилади.

Мазкур бино масжид сифатида давлат рўйхатига олингандан сўнг Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги масжид фаолиятига яқиндан кўмаклашади.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги.