Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нарпай тумани пахтакорлари ҳам шартномани бажарди

Жорий йил тумандаги 222 та фермер хўжаликлари аъзолари 10 минг 717 гектар майдонда ғўзанинг “Султон”, “Порлоқ-1”, “Бухоро-102” навларини парваришлашди. Бугун ушбу етиштирилган ҳосил териб олиниб, 31 минг 811 тонналик хирмон яратилди ва давлатга пахта сотиш режаси бажарилди.

Асосийси ҳосилнинг 85 фоизи юқори навларга сотилди ва ўртача ҳосилдорлик гектарига 29,7 центнерни ташкил этди.

Аграр соҳага кўмаклашувчи ташкилотларнинг кўмаги билан тумандаги 163 та фермер хўжалиги далаларида юқори ҳосилдорлик кузатилди. Жумладан, “Хотира Ҳасанова”, “Сайфи Қувонов”, “Собиржон Гадоев”, “Элбек”, “Эсон бобо”, “Ойтўла”, “Омад”, “Ҳосил механизатор”, “Камчатка қўрғони”, “Нарпай Хондамир далалари”, “Азимжон даласи”, “Собиржон бобо далалари”, “Нафисгул орзу НРО” ва “Шукур Жабборов” фермер хўжаликларида шартнома режаси 110-149 фоизгача ошириб уддаланди.

- Баҳорги табиат инжиқликларига қарамасдан, 41,8 гектар майдонда ғўза паваришлаб, гектаридан 52 центнердан ҳосил олдик, - дейди “Элбек” фермер хўжалиги бошлиғи Улуғбек Раззоқов. – Асосийси кузнинг ёғин-сочинли кунларига қолмасдан 133 тонна ўрнига 191,8 тонна сифатли хомашё териб олиб, давлатга пахта сотиш режасини 143,5 фоизга бажардик. Ҳосилнинг катта қисмини юқори навларга сотдик. Даромад ҳам кутганимиздан ортиқ бўлди.

Нарпай тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.