Наврўзнинг асосий тантаналари қаерларда бўлади?
Бу йилги Наврўз умумхалқ байрами тадбирлари “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” шиори остида ўтказилади.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 6 март куни қабул қилинган қарорига кўра, юртимизда, жумладан, вилоятимизнинг ҳар бир шаҳар ва туманида Наврўз халқ сайиллари тарзида кенг нишонланади.
Вилоятда Наврўз байрамини ўтказиш чора-тадбирлари режасига мувофиқ, байрамда янги саҳна кўринишлари, шоир ва ёзувчиларнинг ижод намуналари, санъаткорларнинг Ватан, табиат, ёшлик ва гўзаллик ҳақидаги янги қўшиқлари, халқ оғзаки ижоди, ансамблларнинг чиқишлари ва аския санъати ижодкорларининг замонавий ижод маҳсуллари намойиш этилади. Шунингдек, вилоятдаги маҳаллалар, таълим муассасаларининг кўргазма ва чиқишлари, тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан ярмаркалар ташкил этилиб, “Кабоб фестивали”, “Сумалак сайли”, “Ош чемпионати”, “Самарқанд нонлари” ярмаркаси, халқ ўйинлари ҳамда спорт мусобақалари ўтказилади.
Асосий байрам тантаналари Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи, Камол Отатурк, Фирдавсий, Алишер Навоий кўчалари, Қорасув массиви “Янги Ўзбекистон” боғида, Кимёгарлар қўрғони ва шу ҳудуддаги “Нурафшон” санъат саройи, Сўлим ва Фарҳод шаҳарчаларида ўтказилади. Шодиёналар шаҳардаги “Мўъжиза” амфитеатрида консерт дастури билан давом этади. Байрам тадбирлари давомида “Ибратли оила”, “Обод маҳалла”, “Намунали мактаб”, “Моҳир лапарчи” йўналишлари бўйича кўрик-танловлар, адабий-бадиий учрашувлар, китобхонлик байрамлари ташкил этилади. Шу билан бирга, ижтимоий дафтарларга киритилган оилалар, якка-ёлғизлар, ўзгалар парваришига муҳтож фуқаролар, кексалар ва ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, хайриялар қилинади.
Ҳудудларда ҳам байрамга тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Айни жараён билан танишиш мақсадида Паяриқ туманида бўлдик.
Туман ҳокимининг ўринбосари Элёр Мамадиёровнинг таъкидлашича, кейинги йилларда Наврўз байрами асосан Дўстлик маҳалласида дала майдонида ўтказилган бўлса, бу йил туман марказидаги “Янги Ўзбекистон” майдонида кенг нишонланади. Айём муносабати билан корхона ва ташкилотлар, маҳаллалар, таълим муассасалари, тадбиркорлар ҳамда ҳунармандлар иштирокида ярмаркалар ташкил этилади. Шунингдек, миллий таомлар фестивали, халқ ўйинлари ва спорт мусобақалари ўтказилиши режалаштирилган. Байрам арафасида бир қатор ижтимоий соҳа обектлари, фойдаланишга топширилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш аксиялари ва умумхалқ ҳашарлари ташкил этилади.
Туманда ўнта маданият муассасаси мавжуд бўлиб, байрам тадбирларини юқори савияда ўтказиш мақсадида маданият марказлари, театр ва фолклор жамоалари томонидан миллий анъана ва қадриятларимизни тарғиб қилувчи саҳна кўринишлари, халқ оғзаки ижоди намуналари ва консерт дастурлари тайёрланмоқда.
– 1986 йилда ташкил этилган жамоамизда турли ёшдаги 16 нафар ижодкор миллий меросини тарғиб этиб келмоқда, – дейди “Чинор” фолклор-етнографик жамоаси раҳбари Нурали Қиличев. – Жамоамиз туман, вилоят ва республика миқёсида ўтказилаётган маданий тадбирлар, байрам ва фестивалларда фаол иштирок этиб келмоқда. Репертуаримизда йигирмага яқин қўшиқ бўлиб, Наврўз байрамида “Найзангул”, “Йил боши”, “Наврўз келди”, “Тушов кесди”, “Хапаласига”, “Челакда бозор”, “Пояриғим”, “Қора сув”, “Ўйна-ўйна” каби ўнга яқин халқ оғзаки ижоди намуналарини тайёрлаяпмиз. Айниқса, Наврўз айёмида халқимизнинг қадимий анъаналари, меҳр-оқибат ва бирдамлик ғояларини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратамиз.
Фазлиддин РЎЗИБОEВ.