Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нега бизда никоҳ шартномаси тузишга эътибор суст?

Никоҳ шартномаси Оила кодекси қабул қилинган 1998 йилда пайдо бўлди. Тўғри, чет элда, масалан, Германияда уни туза бошлаганларига 100 йилдан ошди. Лекин ўтган 24 йил ичида никоҳ шартномасига муносабат қонун талаби даражасида эмас.

Бизда никоҳ шартномаси билан боғлиқ миллий қонун ҳужжатлари баъзи хорижий мамлакатларнинг оилавий-мулкий ҳуқуқидан фарқ қилиб, никоҳ шартномаси билан фақат эр ва хотиннинг мулкий муносабатларини тартибга солишга рухсат беради. Никоҳ шартномасининг предмети кўчмас мулк (квартиралар, уйлар, ер участкалари ва бошқалар), машиналар, мотоцикллар, пул маблағлари, бошқа мол-мулк бўлиши мумкин.

Бироқ никоҳ шартномасида "хотиннинг ойда айни қанча овқат тайёрлаши" шарти ёки бошқа шахсий мажбуриятлар қанча бўлиши кераклигини назарда тутиш мумкин эмас. Шунингдек, никоҳ шартномасида болаларга нисбатан алимент тўлаш мажбуриятини ҳам белгилаб бўлмайди. Никоҳ шартномаси эрга (ёки хотинга) иккинчи тарафнинг эрки, иродаси, хоҳишини, яъни Фуқаролик кодексида шахсий номулкий муносабатларга киритилган барча нарсаларни чеклаш ҳуқуқини бермайди. Масалан, судга мурожаатда эр-хотиннинг ҳуқуқини чеклашга йўл қўйилмайди. Шунингдек, оила аъзосини ишдан кетишга ёки олий ўқув юртига киришга мажбурлаб бўлмайди. Агар бундай шартлар никоҳ шартномасига киритилса, уни ушбу қисмида ҳақиқий эмас деб топиш мумкин.

Никоҳ шартномасини тузаркан, эр ва хотин биргаликда, умумий мулкнинг қонунда белгиланган тартибини ўзгартиришга, эр ва хотиннинг барча мол-мулкига, унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақлидир. Яъни, улар никоҳ даврида қўлга киритган барча нарса энди ўртасидан бўлинмайди (қонунга кўра), уларнинг ҳар бирига мол-мулкнинг шартнома билан белгиланган қисми тегишли бўлади.

Масалан, агар тўйдан кейин эр-хотин биргаликдаги пулга квартира сотиб олган бўлса, никоҳ шартномасисиз ажрашишда эр-хотиннинг ҳар бирига ушбу квартирада 1/2 улушдан тегишли бўлади. Агар никоҳ шартномаси тузилган бўлса, ажрашиш ва биргаликда йиғилган мол-мулкни бўлишда судья унинг қоидаларига таянади. Шартномада эр-хотиннинг келишувига қараб квартира ажрашилгандан кейин эр ёки хотиннинг мулкига ўтади ёки умуман сотилиши керак деб қайд этилиши мумкин.

Биргаликдаги умумий мулк режими бир ёки бир нечта буюмга нисбатан белгиланиши мумкин. Бунда уни эр-хотиннинг мол-мулки қонуний режим доирасида биргаликдаги мулкка келиб тушмайдиган нарсаларга нисбатангина қўллаган маъқул.

Никоҳ шартномаси ўз табиатига кўра фуқаролик-ҳуқуқий шартномадир. У билан боғлиқ масалалар Оила кодекси меъёрлари билан тартибга солинади, бироқ айни вақтда унга нисбатан Фуқаролик кодексининг шартномалар тўғрисидаги қоидалари қўлланади. Бундай шартнома, башарти у иккала тарафнинг розилиги билан, эр-хотиннинг иккови шахсан ҳозирлигида тузилган ва нотариал тасдиқланган бўлса, кучга кирган деб эътироф этилади. Никоҳ шартномасининг ўзига хослиги яна шундан иборатки, у албатта нотариал тасдиқланиши керак. Ушбу амалсиз шартнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва, бинобарин, ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни туғдирмайди.

Шартнома анча қатъий шартларни назарда тутади ва уларни бажаришдан бир томонлама тартибда воз кечиб бўлмайди. Бироқ, агар эр-хотиннинг иккови шартнома бандларини ўзгартиришни хоҳласа, уни қайта ёзиш мумкин, бироқ нотариус яна уни албатта тасдиқлаши шарт.

Никоҳ шартномаси никоҳ бекор қилинган пайтдан бошлаб, унинг амал қилиш муддати тугагандан кейин (айтмоқчи, у муайян муддатга - 5-20-25 йилга, шунингдек номуайян муддатга тузилиши мумкин) ёки эр-хотиндан бирининг вафот этиши муносабати билан бекор қилинади. Бунда, агар никоҳ шартномаси никоҳ бекор қилиниши муносабати билан бекор қилинса, унинг айрим қоидалари ўз кучини сақлаб қолишда давом этиши мумкин. Масалан, шартномада белгиланган собиқ эр ёки хотинга қараш тўғрисидаги қоидалар ажрашгандан кейин ҳам амал қилади.

Кейинги вақтда никоҳ шартномаларини тузиш ҳоллари кўпаймоқда, бу эса аҳолининг фаровонлиги ва ҳуқуқий саводи ўсаётганидан дарак беради. У ажрашиш ҳолатида ёки бошқа низоли вазиятлар юзага келганда нафақат асабни сақлаш, балки салмоқли маблағни тежашда ҳам ёрдам беради.

З.Равшанов,

Самарқанд вилоят суди судьяси.