Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Нексия 3" ва "Матиз" автомашиналарининг аянчли тўқнашуви юзасидан расмий маълумот берилди

Хабарингиз бор, аввалроқ Ибн Сино кўчасида аянчли ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси ушбу воқеа юзасидан расмий маълумот тақдим этди.

Қайд этилишича, 10 сентябрь куни соат 07:30 ларда Самарқанд шаҳри, Ибн Сино кўчасида жойлашган “Мир ковров” савдо дўкони қаршисидан ўтувчи йўлда ҳайдовчи С.З. ўз бошқарувида бўлган "Нексия-3" русумли 30 R 770 MA давлат рақамли автомашинаси билан Самақанд шаҳар Афросиёб кўчаси томондан Даҳбет кўчаси томонга қараб ҳаракатланиб кетаётган вақтида ўзи билан бир йўналишда келаётган ҳайдовчи Т.Д. бошқарувида бўлган "Нексия" русумли 30 717 TTF давлат рақамли автомашинанинг орқа чап бурчагига урилиши натижасида, ўзига қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи О.А. бошқарувида бўлган “Матиз” русумли 30 667 ТТЕ давлат рақамли автомашинанинг йўлига чиқиб кетиб, мазкур автомашина билан тўқнашган ва йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Оқибатда “Матиз” русумли 30 667 ТТЕ давлат рақамли автомашинанинг олд ўриндиғида ўтирган йўловчи 1962 йилда туғилган О.Г. автомашина олд ойнасидан чиқиб кетиб, асфальт юзасига бориб урилиши натижасида олган тан жароҳатлари билан ҳодиса жойида вафот этган.

Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан шу куни “Нексия-3” русумли 30 R 770 MA давлат рақамли автомашина ҳайдовчиси А.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.