Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ННТларимиз кўп, аммо улар грант ютишда нега ортда қолмоқда?

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида «Давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини янада кучайтириш» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимлиги, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси аъзолари, маҳаллий давлат бошқаруви ва ижро органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этди.

- Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим аҳамиятга эга, - дейди вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Дилшод Маматқулов. – Бугун вилоятимизда ижтимоий соҳаларнинг барча қатламини қамраб олган 802 та ташкилотнинг 541 таси давлат рўйхатидан ўтказилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, нодавлат нотижорат ташкилотлари сони бўйича вилоятимиз республикада етакчи ўринда туради. 132 та ташкилот ўз ташаббуси билан ташкил этилган.

Тадбирда «Умид-Д» диабетга ва ногиронликнинг бошқа шаклларига чалинган инсонларга ёрдам кўрсатиш хайрия маркази, «Ҳаёт» ногиронларга ёрдам кўрсатиш маркази, «Раҳмдиллик» жамияти, «Зарафшон» нодавлат нотижорат экологик бирлашмаси каби бир қатор ташкилотлар ва сиёсий партияларнинг вилоят кенгашлари ўз лойиҳаларини тақдим қилди.

Шунингдек, давра суҳбатида вилоятимиздаги ННТларнинг грант танловларидаги ютуқлари камлиги ҳар бир ташкилот янги-янги лойиҳалар устида ишлаши, давлат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликни янада кучайтириши лозимлиги таъкидланди.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.