Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ун ва нон учун компенсация пули миқдори оширилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 14 октябрда “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 866-сонли қарор қабул қилди.

Қарорга асосан дон ва ун нархлари эркинлаштирилди. Натижада, нон нархи ошди. Шундан келиб чиқиб, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб, ун ва қолипли нон учун компенсация пули 22 минг 300 сўмдан 50 минг сўмгача оширилди ва компенсацияни қуйидаги шахслар олиши белгиланди:

- ёшга доир нафақа олувчилар;

- ногиронлиги бўйича нафақа олувчилар;

- боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси олувчилар (ҳар бир боқимандага);

- болаликдан ногирон бўлган 16 ёшдан катта нафақа олувчилар;

- 16 ёшгача бўлган ногирон болалар ва 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган нафақа олувчи шахслар;

- энг кам ёшга доир пенсиянинг миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахслар.

2019 йилнинг октябрь ойида 22 минг 300 сўм миқдорда компенсация пули олганларга октябрь ой якунига қадар қўшимча 27 минг 700 сўм компенсация пули тўланади. Энг кам ёшга доир пенсия миқдорида пенсия олувчиларга 2019 йилнинг октябрь ойи учун компенсация пули ноябрь ойида, яъни ноябрь ойи учун компенсация пули билан бирга қўшиб (икки ой учун) тўлаб берилади.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси ва туман (шаҳар) пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан белгиланган тартибда ишлар ташкиллаштирилди ва октябрь ойи учун қўшимча тўлов ведомостлари акциядорлик тижорат Халқ банки ҳамда бошқа тижорат банкларига электрон ҳолатда юборилиб, шакллантирилди ва тўланмоқда. Шу билан бирга ноябрь ойи учун ҳам компенсация пуллари пенсионерларимизга тоифалари бўйича тўлаб берилади.

Абдурашид РАҲИМОВ,

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Самарқанд вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи.