Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ноқонуний дарахт кесиш ҳолати ҳақда хабар берган фуқароларга пул мукофоти берилади

Президент Фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилгани ҳақда хабар бергандик.

Мазкур ҳужжатга асосан, ноқонуний дарахт кесиш ҳақда тегишли идораларга хзабар берган фуқаролар рағбатлантирилиши ҳам кўзда тутилган.

Фармонга кўра, 2022 йил 1 апрелдан аҳоли томонидан Ички ишлар вазирлиги ва Давлат экология қўмитасининг махсус ахборот тизимига юборилган, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосурат ва видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари акс эттирилган фотосурат ва видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосурат ва видеоёзувларни юборган шахслар ҳар бир тасдиқланган ҳолат бўйича ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараварига тенг миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги хабарлар “102” тезкор қисқа рақами ёки “Эконазорат” ахборот тизими орқали қабул қилинади.